Февраль ойида Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида энг юқори ишбилармонлик фаолияти кузатилди (+инфографика)

Февраль ойида Ўзбекистоннинг қайси ҳудудларида энг юқори ишбилармонлик фаолияти кузатилди (+инфографика)

Мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 1 январидан 28 февралигача бўлган даврда республикада солиқ тушумлари ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,8%га ошган.

Шу билан бирга Сирдарё (52%), Бухоро (45,2%), Наманган (40,6%), Фарғона (40,4%), Қашқадарё (39,8%) вилоятларида ва Тошкент шаҳрида (62%) солиқ тушумларининг сезиларли ўсиши қайд этилди.

Солиқ тушумларининг ўсиши иқтисодиётдаги ижобий ўзгаришлар, жаҳон олтин бозоридаги нархлар коньюнктураси, солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштириш, жумладан, янги маъмурий воситаларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш ва солиқ қонунчилиги талабларига риоя қилиш тартибини соддалаштириш ҳисобига таъминланди.

Таҳлил қилинаётган давр учун божхона тўловлари бўйича тушумлар 47,1%га ошди. Даромаднинг энг катта ўсиши Жиззах (3,1 баробар), Хоразм (2,6 баробар), Андижон (2,2 баробар), Қашқадарё (82,8%), Сирдарё (84,3%) вилоятларида кузатилди.

Божхона тушумларининг ўсиши ташқи савдо айланмасининг ўсиши, мамлакатнинг ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш, божхона маъмуриятчилиги тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларни рақамлаштириш ва автоматлаштириш, шу жумладан божхона органлари томонидан рискларни бошқариш тизимини кенг қўллаш ҳисобига таъминланди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, йил бошидан буён товарлар экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,4%га ошган. Товарлар экспорт ҳажмининг ўсиши Қашқадарё (89,9%), Фарғона (58,8%), Наманган (46,4%) ва Самарқанд (44%) вилоятларида қайд этилди.

Ўзбекистон экспортининг ўсиши саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари билан изоҳланади.

Жорий йилнинг 1 январидан 28 февралигача бўлган даврда тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,8%га ўсди.

Берилган кредитлар ҳажмининг ўсиши Тошкент (2,1 баробар), Хоразм (26,3%), Фарғона (17,7%), Наманган (17,4%) вилоятларида кузатилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотларига кўра, базис даврда (2021 йил январь ва февраль) иқтисодиётнинг реал секторидаги йирик лойиҳаларга кредитлар ажратилган. Ҳисобот даврида асосан ушбу лойиҳалар учун кредитларни қайтариш бўйича операциялар амалга оширилмоқда.

Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 46,6%га ўсди. Биржада савдо фаоллигининг сезиларли ўсиши Хоразм (76,3%), Жиззах (53%), Тошкент (51%) вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида (48,2%) ва Тошкент шаҳрида (92,8%) кузатилмоқда.

Ушбу ҳудудларда тузилган битимлар ҳажмининг ўсиши автомобил бензини, дизел ёқилғиси, қора металлар, пахта толаси, полиэтилен, озуқабоп буғдой, қурилиш материаллари, спиртли ичимликлар ва бошқалар каби товарлар савдосини кўпайтириш орқали таъминланмоқда.

Бу даврда 15 750 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларнинг энг кўпи Самарқанд (2 121), Андижон (1 598), Тошкент (1 279), Фарғона (1 207) вилоятларида ва Тошкент (2 573) шаҳрида рўйхатга олинган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Карамат Нуриллаев


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар