Тадқиқот корпоратив мижозларга банк хизматлари кўрсатишнинг асосий жиҳатлари: кредитлаш, тўлов ва депозит хизматларини кўрсатиш, рақамлаштириш даражасини қамраб олди.
Молиявий хизматлардан мижозларнинг қониқиш даражаси. Тадқиқот натижаларига кўра, корпоратив мижозлар банк танлашда биринчи навбатда тавсияларга, хизмат кўрсатиш сифати ва банкнинг обрўсига эътибор қаратишади. Банк хизматларидан умумий қониқиш даражаси нисбатан юқорилигича қолмоқда – мижозларнинг 85,8%и банклар фаолиятини ижобий баҳолаган. Эътиборли томони, “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг 86,8%и кўрсатилаётган хизматлар сифатидан қониқиш билдирган, бу эса сектор бўйича ўртача кўрсаткичдан бироз юқори.
Молиявий хизматлардан қониқмаган компаниялар фикрини ўрганиш натижасига кўра, респондентларнинг 35,5%и пул ўтказмалари, 58%и кредит хизматлари, 25,8%и тўлов амалиётлари, 16%и конверция, 6,5%и депозит хизматларини такомиллаштириш зарур деб ҳисоблайди.
Тўлов афзалликлари таҳлили шундан далолат бердики, корпоратив мижозлар орасида нақдсиз ҳисоб-китобларга ўтиш барқарор тенденцияга айланмоқда. Ўртача ҳисобда сектор мижозларининг 40,2%и тўловларни тўлиқ нақдсиз шакилда амалга оширади, 48%и эса нақд ва надсиз тўловларни биргаликда қўллайди. Шу билан бирга, “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозлар базаси таркибида рақамли тўловларга йўналтирилганлик янада яққолроқ намоён бўлади. Хусусан, “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг 41,5%и нақд пулсиз тўлов усулларини афзал кўради, нақд тўловларни афзал кўрганлар улуши эса атиги 8,7%ни ташкил этади, бу кўрсаткич банк сектори бўйича ўртача даражадан паст ҳисобланади.
Кредитлаш соҳасига оид таҳлиллар шуни кўрсатдики, тадқиқотда қатнашган корхоналарнинг тахминан 68 фоизи банк кредитларидан фойдаланмаяпти. Бу эса кредитлаш йўналишида ҳали ҳам катта фойдаланилмаган салоҳият мавжудлигини англатади. Кредитлардан фойдаланаётган мижозлар орасида “Ўзсаноатқурилишбанк” мижозларининг 35%и жозибадор шартларни қайд этди, бу кўрсаткич тармоқ бўйича ўртача даражан юқори. Шунингдек, 10% мижозлар кредитларни онлайн расмийлаштириш имкониятларини ижобий баҳолади.
Рақамли каналларнинг жадал ривожланишига қарамай, айрим корпоратив мижозлар ҳали ҳам операцияларни банк филиаллар орқали амалга оширишда давом этмоқдалар. Шу билан бирга, респондентларнинг 60,6%и кредит тўлашда интернет-банкинг хизматидан фойдаланишни маъқул кўраётгани, 95,4%и эса буни қулай восита деб баҳолаган.
Депозит маҳсулотларидан ҳозирча фақат чекланган миқдордаги компаниялар фойдаланмоқда — жами сўровда иштирок этганларнинг 12,3%и маблағларини ўзлари хизмат оладиган банкка жойлаштиришган. Компанияларнинг депозитларни бошқа банкларда жойлаштириш сабаблари сифатида эса юқорироқ фоиз ставкалари ва рақамли инструментларнинг қулайлиги қайд этилган. Бу эса банкларнинг депозит таклифларини янада рақобатбардош қилиш зарурлигини кўрсатади.
Тўлов ва валюта хизматлари сегментида “Ўзсаноатқурилишбанк” барқарор позицияларни сақлаб турибди. Валюта конвертацияси учун банкни танлаш омилларини баҳолашда мижозларнинг 30%и банкнинг ишончлилигини, 29%и қулай курсни, яна 29%и хизмат кўрсатишнинг юқори тезлигини қайд этган.
Банк хизматлари сифатини баҳолаш доирасида ўтказилган таҳлиллар натижалари банкларда хизмат кўрсатишни ташкил этишдан қониқишнинг юқори эканлигини кўрсатмоқда. Шундай қилиб, респондентларнинг 89%и хизматлар белгиланган муддатда амалга оширилаётганини таъкидлаган бўлса, 92,7%и хизмат кўрсатишнинг тезкорлиги ва сифатини баҳолаган, 88%и комиссия йиғимларининг адолатлили эканлигига ишонч билдирган.
Банк ходимларининг касбий фазилатлари ҳам юқори баҳоланди. Хусусан, сўровда қатнашганларнинг 87 фоизи ходимларнинг малакалилигидан мамнун эканини, 86 фоизи — уларнинг хушмуомалалигини, 82,7 фоизи — берилган маслаҳатларнинг сифати юқори эканини қайд этган. Шу билан бирга, 85,8 фоиз респондентлар банк маҳсулотлари турлари кенг қамровли эканини таъкидлашди.
Натижалар шундан далолат берадики, банк секторида рақамли хизматлар даражаси етарлича бўлиб, бизнес учун инфратузилма барқарорлиги таъминланган. Жумладан, корпоратив мижозларнинг 86,3%и банк мобил иловасидан фойдаланиш қулайлигини қайд этди. Корхоналар вакилларининг 87,7%и банкоматларнинг ишончлилигини тасдиқлади. Шу билан бирга, мобил иловадан фойдаланиш ва банкоматлардан хизмат кўрсатиш даражасидан қониқмаслик мос равишда 6,9% ва 6,4% ни ташкил этган. Бу эса корпоратив сегмент учун банк хизматларини янада такомиллаштириш имкониятлари мавжудлигини кўрсатади.
Тадқиқот натижалари шундан далолат берадики, Ўзбекистон банк секторида корпоратив мижозлар эҳтиёжларига мослашиш борасида сезиларли ютуқларга эришмоқда. Бу эса молиявий хизматларни ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш жараёнларининг изчил давом этаётгани билан бевосита боғлиқдир.
Шу билан бирга, кредит маҳсулотлари, депозитлар ва рақамли хизматларда аниқланган чекловлар тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондириш учун бундан-да самарали ислоҳотлар ва такомиллаштириш чораларини амалга ошириш зарурлигини кўрсатмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар ва маркетинг бўлими
Мақолани «Иқтисодий шарҳ» журналининг 6-сонида тўлиқ ўқишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш