Кўп томонлама ҳамкорлик динамикаси сентябрь-октябрь ойидаги воқеалар шарҳи

Кўп томонлама ҳамкорлик динамикаси сентябрь-октябрь ойидаги воқеалар шарҳи

Бу воқеаларда, шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги иштироки ва сўзлаган нутқи марказий ўринни эгаллади (Ўзбекистон Президенти БМТда нутқ сўзлади” мақоласига қаранг). Аммо Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон билан дунёнинг бошқа мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш нуқтаи назаридан шу даврда унинг иштирокида ўтган бошқа ташриф ва саммитлар ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Душанбеда давлат раҳбарлари маслаҳатлашувлари

14-15 сентябрь кунлари БМТ Бош Ассамблеяси сессияси арафасида Ўзбекистон Президенти амалий ташриф билан Тожикистонда бўлди. Унинг доирасида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказди, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг йиғилишида иштирок этди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ҳамда БМТ Бош котибининг махсус вакили – БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе қатнашди. Учрашувда сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни, маданий-гуманитар алмашинувни илгари суриш, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Тожикистонда бўлиб ўтган Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё давлатларининг келгуси ҳамкорлиги истиқболларига доир бир қатор таклифларни илгари сурди.

Товар айланмаси ҳажмини ошириш мақсадида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо зоналарини тезроқ шакллантириш таклиф қилинди. Бунинг учун минтақада барқарор савдо-логистика занжирларини шакллантириш, чегараолди ҳудудларида савдо ва кооперация марказларини очиш ва кенгайтириш, қонунчиликни уйғунлаштириш ва тўсиқларни бартараф этиш, божхона маъмурчилиги, санитар ва фитосанитар назорати, товарларнинг келиб чиқишига кўра сертификатлаш, шунингдек, минтақавий электрон савдо майдонини ишга туширишни кўзда тутадиган комплекс минтақавий дастурни қабул қилиш зарур.

Ўзбекистон Президенти минтақа мамлакатлари ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ҳақида сўз юритар экан, биргаликда енгил автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш; Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон, шунингдек, Озарбайжон билан чегараолди ҳудудлари кооперациясини муваффақиятли ҳамкорликка мисол сифатида қайд этди. Бу йўналишда минерал ўғитлар, полимерлар, металлдан тайёр буюмларни ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги техникаларини йиғиш; тайёр тўқимачилик ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатларга экспорт қилиш истиқболли йўналишлар сифатида айтиб ўтилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларга тизимли тус бериш учун Марказий Осиё мамлакатларининг узоқ истиқболга мўлжалланган саноат кооперациясини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон Президенти транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мамлакатларимизнинг транспорт соҳасидаги салоҳиятини янада ошириш мақсадида тармоқ вазирлари учрашувлари доирасида Марказий Осиёда Транспорт ва транзит ҳақидаги битимни ишлаб чиқиш, бизнес учун қулай бўлган оралиқ тарифларни қўллаган ҳолда Хитой, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатлари бозорларига чиқиш учун самарали транспорт коридорларини ривожлантириш бўйича аниқ механизмларни шакллантириш таклиф қилинди. Бундан ташқари, Транспорт хизматлари бозорини либераллаштириш ва рухсат этишга доир тартиб-таомилларини оптималлаштириш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш, халқаро ташувларнинг интеграциялашган рақамли платформасини яратиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Президентимиз минтақа давлатларининг энергия таъминотини яхшилаш соҳасида ҳам тармоқ вазирликлари ва миллий компанияларнинг геология-қидирув ишларини олиб бориш ва истиқболли конларни ўзлаштириш, энергия ресурсларини сақлаш ва етказиб бериш бўйича мавжуд инфратузилмаларни кенгайтириш ва замонавий инфратузилмаларни яратиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтириш муҳимлигини қайд этди. Электр энергиясини етказиб бериш ва гидроэнергетикани ривожлантириш салоҳиятини ишга солиш учун янги магистраль тармоқларни барпо этиш ҳамкорликнинг муҳим йўналишига айланиши керак. Шунингдек, энергия манбаларини диверсификация қилмасдан, муқобил энергетика соҳасига инвестиция ва технологияларни жалб этмасдан ва “яшил” водородни ишлаб чиқаришни йўлга қўймасдан туриб, минтақани барқарор ривожлантириш мумкин эмаслиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари томонидан минтақадаги озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ҳам алоҳида таъкидланди. Аграр секторнинг илмий-технологик жиҳатдан етарлича ривожланмагани, сув ресурслари борасидаги ўткир тақчиллик, қўшилган қиймат яратишнинг узоқ ва самарасиз занжирлари, иқлим инқирози ва логистикадаги узилишлар олдидаги беқарорлик, соғлом овқатланиш масалалари каби заиф нуқталар кўрсатиб ўтилди. Шу боис мамлакатларимиз имкониятлари нафақат минтақанинг ички бозоридаги эҳтиёжларни таъминлаш, балки муҳим озиқ-овқат экспортчисига айланишига имкон беришини инобатга олиб, ФАО кўмагида озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида минтақавий Шериклик дастурини тайёрлаш таклиф этилди.

Президент иқлим барқарорлигини ва “яшил” тараққиётни таъминлаш ҳақида гапирар экан, Иқлим ўзгаришларига мослашиш масалалари бўйича Минтақавий стратегияни қабул қилиш ташаббуси билдирилгани таъкидлади. Минтақанинг иқлимга оид ягона кун тартибини шакллантириш мақсадида кўп томонлама ҳамкорликни шакллантириш учун экология вазирлари даражасида “Иқлим бўйича Марказий Осиё мулоқоти” кўп томонлама платформасини таъсис этиш таклиф этилди. Келгуси йил баҳор фаслида Самарқандда Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришларига бағишланган биринчи халқаро форум ўтказилади.

Шавкат Мирзиёевнинг минтақада ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича бошқа ташаббуслари қаторида: Марказий Осиё мамлакатларининг маданий-гуманитар ҳамкорлигини чуқурлаштириш бўйича Ҳаракатлар режасини қабул қилиш, “Марказий Осиё тарихи ва маданияти: ягона ўтмиш ва умумий келажак” халқаро медиа платформасини яратиш, Марказий Осиё ёшлари имкониятларини кенгайтириш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш марказини ташкил этиш ҳам бор. Хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш муҳим йўналиш сифатида қайд этилган бўлиб, шунингдек, афғон томони билан чегаралар хавфсизлиги, сувдан фойдаланиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш масалалари бўйича мулоқот муҳим экани кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш таклифини қўллаб-қувватлади ва Марказий Осиё давлатлари иқтисодий кенгашини ташкил этишни таклиф қилди. Мазкур учрашув якунлари бўйича Қўшма баёнот, Ёшларга оид сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида битим, Марказий Осиёда ерусти транспортининг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисида битим, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ишлари бўйича Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгаши тўғрисида низом, 2022-2025 йилларда Марказий Осиёда саломатлик ва фаровонликни қўллаб-қувватлаш учун “йўл харитаси”қабул қилинди.

Марказий Осиё ва Германиянинг биринчи саммити

28-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президентининг Германияга амалий ташрифи бўлиб ўтди, унинг доирасида Федерал Канцлер Олаф Шольц ва Федерал Президент Франк-Вальтер Штайнмайер билан музокаралар, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг учрашуви, Берлин шаҳридаги Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси шафелигида ташкил этилган Иқтисодий форум ишида иштирок бўлиб ўтди.

Шавкат Мирзиёевнинг Франк-Вальтер Штайнмайер билан икки томонлама учрашувида Ўзбекистон-Германия ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, инновация ва технологиялар, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергия, транспорт ва логистика, таълим ва маданият соҳаларида ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Президентлар минтақавий кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар, жумладан, “Марказий Осиё – Германия” форматида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидладилар.

Берлин шаҳрида Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси шафелигида ташкил этилган Иқтисодий форумда Марказий Осиёнинг бешта мамлакати етакчилари, шунингдек CLAAS, Siemens Energy, Knauf, Linde, Papenburg, BayWa, WILO, IPEX-Bank, Commerzbank, AKA, Mangold Consulting, Deutsche Bahn, DB E.C.O., Euler Hermes, Ernst Klett, SMS Group, Deutsche Bank, Evonik Industries, John Deere, BASF, Airbus каби Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари қатнашди.

Ушбу тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон етакчиси Германия компаниялари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг устувор жиҳатларига алоҳида тўхталиб, бир қатор истиқболли йўналишларни кўрсатиб ўтди. Бу, энг аввало, кооперацияни ривожлантириш ва Германия компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришдир. Ўзбекистон Президенти минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юртимизда Германия етакчи ишлаб чиқарувчиларининг юқори саноат технологиялари бўйича Марказий Осиё кўргазмасини ўтказиш таклифини билдирди.

Шерикликнинг энг муҳим йўналишлари қаторида “яшил” энергетика ҳам бор. Минтақа даражасида “яшил” иқтисодиёт лойиҳаларини амалга ошириш учун Германия муҳандислик-лойиҳалаштириш марказлари ва саноат холдинглари билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди. Шунингдек, энг муҳим хомашё ресурслари соҳасида уларни қайта ишлашга илғор технологик ечимларни жорий қилиш ва саноат маҳсулотларининг экспортини ташкил этиш бўйича қўшма лойиҳалар муҳимлиги қайд этилди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, мамлакатимиз қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларига Германия компанияларининг энергия самарадор ва рақамли технологияларини жалб қилишга, озиқ-овқат соҳасида қўшма минтақавий тадбирларни ўтказишга тайёр экани билдирилди.

Ўзбекистон Президенти транспорт ва логистика борасидаги ҳамкорликка ҳам тўхталди. Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган самарали йўналишларни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди. Транспорт лойиҳаларини экспертиза жиҳатидан қўллаб-қувватлаш учун Германиянинг етакчи ташкилот ва компаниялари мутахассисларини жалб қилиш таклифи билдирилди. Малакали мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш кўп қиррали Ўзбекистон-Германия ҳамкорлигини ривожлантиришнинг муҳим йўналиши сифатида қайд этилди.

29 сентябрь куни Германия Федератив Республикаси Федерал Канцлери Олаф Шольц раислигида Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммити бўлиб ўтди. Саммитда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, “яшил” энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари, шунингдек, барқарор ва изчил минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда бугунги минтақавий ҳамкорлик даражасига юқори баҳо бериб, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва шерикликни мустаҳкамлаш кун тартибини оғишмай илгари сураётганини қайд этди. Минтақа мамлакатларига мустақилликнинг илк кунлариданоқ амалий кўмак кўрсатишда Германиянинг роли юқори баҳоланди.

Ўзбекистон Президенти томонидан Германия билан узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишлари кўрсатиб ўтилди. Булар – инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, “яшил” кун тартибини илгари суриш, Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни, Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш кабилардир.

Марказий Осиё давлатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Шу куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикаси Канцлери Олаф Шольц билан музокаралари бўлиб ўтди. Музокараларда ишбилармонлик соҳасидаги шерикликни кенгайтириш, иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, энергетика ва ўзаро ҳамкорликнинг бошқа соҳаларида кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ва саноат кооперацияси кўрсаткичлари икки баравар ўсгани таъкидланди. Юртимизда Германиянинг Volkswagen, MAN, CLAAS, Siemens, Linde, Aurubis, Henkel, Knauf, Papenburg, Deutsche Kabel ва кўплаб бошқа етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Тоғ-кон, энергетика, кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва инфратузилма бўйича янги лойиҳалар портфели шакллантирилган.

Давлатимиз раҳбари қўшма иқтисодий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш, муқобил энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги ва сув ресурслари бошқарувини рақамлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, молиявий воситаларни кенгайтириш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, миграция ва кўчувчанлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича қатор янги аниқ таклифларни илгари сурди. Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Германия Федерал Канцлери Олаф Шольцни расмий ташриф билан мамлакатимизга таклиф этди.

Қатар учрашувлари

1-2 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қатарда бўлди, ташриф доирасида Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокаралар бўлиб ўтди. Қатар Амирининг жорий йил июнь ойида Самарқандга амалга оширган тарихий ташрифи икки мамлакат муносабатларида янги босқични бошлагани таъкидланди. Турли даражаларда мулоқотлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Қатарда муваффақиятли амалга оширилаётган, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг бўлган “Нигоҳ 2030” давлат дастурига юқори баҳо берилди.

Томонлар савдо кўрсаткичларини бир неча баравар ошириш, анъанавий ва “яшил” энергетика, нефть-кимё, металларни чуқур қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, туризм, молия ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш учун 2024 йил январь ойида Доҳада қўшма Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилишлари ва бизнес-форумини ташкил этиш таклиф қилинди. Маданият, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик қайд этилди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалий илгари суриш масалаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув якунида давлат раҳбарлари бир қатор қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали рўёбга чиқариш механизмларини яратиш бўйича топшириқлар берди. Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатларнинг салмоқли тўплами, жумладан, туризм ва ишбилармонлик тадбирлари соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида Битим, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Қатар Давлати Савдо-саноат палатаси ўртасида қўшма ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисида Битим имзоланди.

Ўзбекистон Президенти Қатарга давлат ташрифи доирасида Қатар бизнесининг қатор етакчи раҳбарларини қабул қилди.

Қатар инвестициялар агентлиги директори, айни пайтда Қатар Марказий банки раиси Бандар бин Сауд Ол Соний билан учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини мамлакатимиз ҳудудларида “яшил” энергетика объектлари – қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан, замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Илғор банк-молия хизматларини, жумладан, ислом молияси дастурлари доирасида ривожлантириш бўйича тажриба алмашишдан манфаатдорлик билдирилди. Яқин фурсатда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки томонлама гуруҳ учрашувини ўтказишга келишиб олинди.

Қатарнинг собиқ Бош вазири, мамлакатдаги бир қатор йирик инвестиция ва саноат холдинглари асосчиси Ҳамад бин Жассим Ол Соний билан учрашувда Ўзбекистон ва Қатарнинг етакчи компания ва корхоналари даражасида ўзаро манфаатли ишбилармонлик ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди. Энергетика, саноат, инфратузилма, туризм, банк-молия соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз борди. Давлатимиз раҳбари экспертлар гуруҳини шакллантириш ва “йўл харитаси”ни қабул қилиш орқали қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Nebras Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Ал-Ҳажрий билан учрашувда мазкур компания иштирокида Сирдарё вилоятида замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини ва Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳаси бўйича тайёргарлик ишлари якунланганини қайд этди. Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ва Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинди. Узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш ва унга, энг аввало, “яшил” энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш юзасидан келишувга эришилди.

Жиззах вилоятида замонавий чорвачилик кластери қурилишида ҳамкорлик қилаётган Power International Holding компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййат билан учрашувда юртимизда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, замонавий ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли қўшма лойиҳалар сифатида қайд этилди. Қатар томони яқин кунларда Ўзбекистонда ўз холдинг офисини очишини маълум қилди.

Россияга ташриф натижалари

Ўзбекистон Президенти 5-7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлди. (“Ўзаро манфаатларни кўзлаган ҳамкорлик” мақоласига қаранг). Ташриф дастурида Татаристонга сафар ҳам назарда тутилган бўлиб, Президент Шавкат Мирзиёев илк ушбу ўлкада бўлди. Ташриф арафасида ва давомида ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари ректорларининг ҳудудлараро конференцияси, учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми, Бутунроссия кўргазма марказида “Ўзбекистон” павильонинг очилиши, Иқтисодий ҳамкорлик бўйича икки томонлама ҳукуматлараро комиссия кичик комиссияларининг йиғилишлари ва бошқа тадбирлар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Президенти Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси Раиси Рустам Минниханов билан учрашув ўтказди, унда Татаристон билан сўнгги йиллардаги ҳамкорлик натижалари қайд этилди. Ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми ортиб бормоқда. Тошкент вилоятида “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки муваффақиятли фаолият олиб бормоқда, Жиззах вилоятида технопарк қурилиши давом этмоқда. Кимё тармоғи ва машинасозликда йирик кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жиззах шаҳрида Қозон федерал университетининг филиали ишламоқда.

Шунингдек, куни кеча Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги учинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми якунлари ҳам қайд этилди, унда Россиянинг 19 ҳудудидан ва Ўзбекистоннинг 12 вилоятидан 700 дан зиёд бизнес вакиллари иштирок этди. Россия технопарклари билан янги саноат паркларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Учрашувда металларга ишлов бериш, ахборот-коммуникация, уй-жой коммунал соҳаларида истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, таълим, туризм ва ёшларга оид сиёсатида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якунида муҳим йўналишлар бўйича амалий шериклик лойиҳаларини қўшма “йўл харита”лари асосида илгари суришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Президенти Москвада Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан учрашув ўтказди. Учрашувда товар айирбошлаш суръатини сақлаб қолиш ва кооперация алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ишларни самарали мувофиқлаштириш учун қўшма Ишчи гуруҳи тузилди. Соғлиқни сақлаш, таълим соҳаларини рақамлаштириш, шунингдек, Ўзбекистонда электрон савдони жорий қилиш бўйича лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ҳудудларининг амалий шериклигини янада ривожлантириш учун кенг имкониятлар борлиги қайд этилди. Шаҳарсозлик ва уй-жой фондини реновация қилиш соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди.

6 октябрь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги ва расмий делегациялар аъзолари иштирокида кенгайтирилган таркибдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда саноат кооперацияси жадал ривожланиб бораётгани, Ўзбекистонга Россия инвестициялари ҳажми ортиб бораётгани таъкидланди. Президентлар ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим эканини қайд этдилар. Хусусан, 4 октябрь куни Қозон шаҳрида ўтган учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми якунида умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик битим ва шартномалар имзоланди.

Ҳудудлар кесимида саноат кооперацияси бўйича йил бўйи ўзаро ташрифлар режа-жадвалини ўз ичига олган алоҳида “йўл харитаси”ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, учрашув чоғида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиз учун ижтимоий кафолатларни таъминлаш масалалари ҳам батафсил кўриб чиқилди. Икки мамлакат етакчилари 2024- 2025 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурини қабул қилиш, ўзаро маданият, санъат ва адабиёт кунларини ташкил этишга келишиб олдилар.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчиликни ривожлантиришда мисли кўрилмаган натижаларга эришилаётганини таъкидлади. Савдо-иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларидаги аниқ йўналтирилган биргаликдаги фаолият натижалари юқори баҳоланиб, улар сифат жиҳатидан ўзгариб бораётгани қайд этилди. Саноат кооперациясини, энг аввало, машинасозлик, металлургия, энергетика, қайта ишлаш, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати ва бошқа тармоқларда кенгайтириш бўйича доимий фаолият юритувчи қўшма гуруҳ тузилди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Кенг кўламли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар. Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида яна 10 та ҳужжат қабул қилинди. Самарқанд шаҳрида Россия Федерациясининг бош консулхонасини таъсис этиш, ваколатли иқтисодий оператор институтларини ўзаро тан олиш, “Агроэкспресс” тезкор темир йўл ташувларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги битимлар, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йиллар учун ҳамкорлик дастури, шунингдек, транспорт, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида ҳамкорлик бўйича қатор ҳужжатлар шулар жумласидан.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда нафақат миқдорий кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани, балки сифат жиҳатидан янги босқичга чиқаётганига эътибор қаратди. Хусусан, илгари ўзаро товар айирбошлаш таркибида асосий улушни хомашё ташкил этган бўлса, бугунги кунда 70 фоизи юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларга тўғри келмоқда. Россия фуқаролари учун Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги ошаётгани қайд этилди. Россиядан сайёҳлар оқими йил бошидан буён 20 фоизга ошгани айтиб ўтилди.

Ташриф якунида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия Президентлари томонидан Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга табиий газ етказиб берилишига старт берилди. Россия газини “реверс” тарзда импорт қилиш Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу лойиҳа мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини таъминлаш, “мовий ёқилғи”ни кафолатли етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш йўлида олдинга ташланган катта қадам бўлиб, истеъмолдаги мавсумий номутаносибликни қоплаш, аҳолини газ ва электр энергияси билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш учун қўшимча ҳажмларни таъминлайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар