– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Ушбу вазифага келганимга қадар банк тизимида фаолият юритганман, жумладан, Асакабанк ва Микрокредитбанкнинг Жиззах вилоят филиалида ишлаганман. Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси лавозимига тайинлангунимга қадар тадбиркорлик йўналишида ҳам фаолият олиб борганман. Асосий иш тажрибамни банк тизимида орттирдим, десам адашмаган бўламан. Сабаби банк тизимида аҳоли билан, айниқса, ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи ва савдо соҳасидаги тадбиркорлар, шунингдек, ўз хонадонларида кичик тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган аҳоли билан тўғридан-тўғри бирга ишлаб, уларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш ва амалга оширишда, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда ўз тажрибамни оширганман.
Банкка тадбиркорлик қилиш истагида келган ҳар бир фуқарони, аввало, хушмуомалалик билан тинглайсиз, муаммонинг ечимини таклиф этасиз. Бугунги кунда ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳаллада, аҳоли орасида фаолият юритиш мен учун қийинчилик туғдирмайди. Хонадонма-хонадон кириб, уй хўжаликлари билан танишиб, ҳар бир оиланинг иқтисодий-ижтимоий муаммоларини ўрганиб, хатловдан ўтказган ҳолда иш бошлаганимиз ҳар томонлама тўғри бўлган. Президент вакили сифатида уйма-уй кириб боришимизнинг ўзи катта бир масъулият эканлигини дилдан ҳис қилиб тураман.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– Шароф Рашидов тумани Яхтанлик маҳалласи Жиззах шаҳрининг Жиззахлик маҳалласи билан туташ қисмида жойлашган. Маҳаллада 2 та умумтаълим мактаби ва 4 та давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 1 та йирик қурилиш корхонаси ва 15 та кичик ишлаб чиқариш корхонаси, кўплаб савдо-сервис нуқталари ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
– Ўтказилган сўровлар давомида аниқланган маълумотларга кўра, маҳаллангиз ривожининг асосий драйвери ва устувор вазифалари нималардан иборат эди?
– Фаолиятимиз бошланган 2022 йилда ўтказилган сўровлар натижасида маҳалланинг асосий драйвери чорвачилик эканлиги аниқланган. Президентимиз томонидан аҳолига қулай тадбиркорлик шароитлари яратилиши ва имтиёзлар берилиши, “Оилавий тадбиркорлик” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилиши натижасида маҳалланинг асосий драйвери мебель ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ўзгариб бормоқда.
– 2024 йилдаги фаолиятингиз натижалари, унинг йўналишлари – ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилгани ҳақида батафсил гапириб берсангиз. Ўтган йил маҳалла ва ўзингиз учун қилган қайси ишни энг муҳими деб биласиз?
– 2024 йилда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизларни иш билан таъминлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2024 йилда 20 та янги мебель ишлаб чиқариш, 22 та тикувчилик ва хизмат кўрсатиш цехи, 5 та хонадонда иссиқхона ташкил этилди. Натижада, 106 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Мебель ишлаб чиқариш ва тикувчилик цехларида 36 нафар ёш “Устоз — шогирд” тамойили асосида касбга ўқитилди. Маҳаллада ўтган йилда ободонлаштириш борасида ҳам бир қанча ишлар амалга оширилди.
Ўтган йилда маҳалламиз учун 12 км ичимлик суви тармоғи, 4 км юқори босимли газ тармоғи, 2 км юқори кучланишли электр тармоғи тортилди. Натижада, маҳалла аҳолиси тўлиқ ичимлик суви ва табиий газ билан таъминланди.
– Жорий йилда маҳаллани ривожлантириш бўйича қандай устувор вазифалар белгиланди? Бу йўналишда яна қандай режаларингиз бор? Ҳозиргача нимага эришилди ва келгусида нималар қилиш керак?
– Жорий йилда маҳалламизда “Обод маҳалла”, “Обод кўча” ва “Обод хонадон” тамойили асосида амалий ишлар бошланиб, маҳалла инфратузилмасини, газ ва электр таъминотини яхшилаш, йўлларни асфалтлаш ва ҳар бир хонадонда юқори даромад келтирувчи тадбиркорлик фаолияти, жумладан, асосий эътибор мебель ишлаб чиқариш, тикувчилик, қўзиқорин етиштириш, иссиқхона, чорвачилик ва хизмат кўрсатиш йўналишларини ташкил этиш бўйича йўл хариталари тасдиқланиб, режали асосда тизимли амалга ошириш муддатлари белгиланди. Бугунги кунда маҳаллада 80 га яқин хонадонда мебель ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ҳозирги кунда бизнинг асосий мақсадимиз 2025 йил охирига қадар яна 60 та хонадонда мебель ишлаб чиқариш цехлари фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳалламизни ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришдан иборат.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолиятимдан ва тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, камбағалликни келтириб чиқарувчи асосий омиллар, бу биринчи навбатда, айрим фуқароларимиздаги боқимондалик кайфияти бўлса, иккинчидан, уларда ўзига бўлган ишончнинг йўқлиги деб ўйлайман. Сабаби, бугунги кунда Муҳтарам Президентимиз томонидан ўз хонадонида даромад топиши ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун кўплаб имтиёз ва қулайликлар яратиб берилмоқда. Шу ўринда яна бир муҳим омил маҳалла еттилиги фаолиятидир. Агар маҳалла еттилиги ўз вазифаларини виждонан адо этиб, халқ орасида юриб нафақат ҳар бир хонадон, балки ҳар бир фуқарони ёки оиланинг ҳар бир аъзоси билан ҳамжиҳат бўлиб, унинг муаммосини аниқлаб, дардини эшитиб, муаммосига ечим топа олсагина ўша инсоннинг дунёқараши ўзгаради, келажакка интилиш ҳисси пайдо бўлади, ўзи учун муносиб турмуш тарзи яратиш учун ҳаракат қилишни бошлайди. Мен фаолият кўрсатаётган Яхтанлик маҳалласи фуқароларининг тадбиркорлик кўникмалари яхши шаклланган. Бизнинг вазифамиз уларнинг янада ривожланиши учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиб бериш ва молиявий жиҳатдан қўллаб қувватлашдир. Шунда ҳудудда янги иш ўринлари ва қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ошади. Бу эса ҳудудда ишсизлик ва камбағаллик даражасининг сезиларли даражада камайишига хизмат қилади.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди? Қандай қўллаб-қувватлаш чоралари ва инновацион усуллар қўлланилди? Муваффақиятли тадбиркорлик ташаббусларига мисоллар келтирсангиз.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган давримда Яхтанлик маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Ушбу давр мобайнида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 3,0 млрд сўмга яқин имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 65 та янги мебель ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, савдо ва хизмат кўрсатиш корхонаси ташкил этилди, 200 та янги иш ўрни яратилди. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркор Гулчеҳра Жумаевага 100 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағи ажратилиши натижасида, стол-стул ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилиб, 8 та янги иш ўрни яратилди. Яна бир хусусий тадбиркоримиз Зулайҳо Ҳамроқуловага 220 млн сўм кредит маблағи ажратилиши натижасида 50 ўринли хусусий мактабгача таълим муассасаси ташкил этилиб, 10 та янги иш ўрни ташкил этилди.
– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Яхтанлик маҳалласида хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, меҳнат қилиш учун хорижга кетган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари билан маҳалла еттилиги томонидан доимий мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг иш шароитлари, соғликлари ва оила аъзоларининг яшаш шароитлари ўрганиб келинмоқда. Шунингдек, хорижда кам маош олиб ишлаётган фуқароларимизни юртимизга қайтариш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ҳамда тадбиркорликка жалб этиш, қайта касбга ўқитиш ва муносиб иш ўринларига жойлаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди? 2025 йилда ўз олдингизга қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз?
– Бугунги кунда мамлакатимизда Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган барча ислоҳотлар фақат инсон манфаати, инсон қадри учун, халқимизга муносиб турмуш-тарзини яратиш учун амалга оширилаётганини бутун дунё эътироф этаётганини кўришимиз мумкин. Шунингдек, Яхтанлик маҳалласида ҳам амалга оширилаётган ишлар, муҳим ишбилармонлик муҳитининг шаклланаётганлиги, инфратузилманинг яхшиланаётганлиги, умуман олганда, барча ислоҳотлар халқимиз манфаатлари учун хизмат қилаётганини маҳалламиз аҳолиси амалда кўриб турибди ва уларнинг давлатга ва ислоҳотларга бўлган ишончи тобора ортиб бормоқда.
2025 йилда маҳалламизда “Обод хонадон”, “Обод кўча”, “Обод маҳалла” тамойили асосида чора-тадбирларни амалга ошириш, маҳаллани тадбиркорлик ривожланган, ишсизлик ва жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш асосий мақсадимиз ҳисобланади.
Жамолиддин Турдимов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №4/2025
Изоҳ қолдириш