Кредит ёки “рассрочка”: Қай бирини танлаш керак

Кредит ёки “рассрочка”: Қай бирини танлаш керак
Фото: Spot

Сиз сотиб олмоқчи бўлган мебел, ошхона жиҳозлари, маиший-техника ёки электрон жиҳозлар мўлжалингизга нисбатан қимматроқ бўлса, банкдан кредит оласизми ёки сотувчининг тавсиясига амал қилиб, дўконнинг ўзидан “бўлиб тўлаш” таклифини қабул қиласизми?

Кредити расмийлаштиришдан олдин товар бозор қийматига нисбатан қанчалик қиммат тушаётганига эътибор қаратиш керак. Aна шунда сиз ўзингиз учун қулай ечимни топа оласиз. Ушбу мақолада, банк ва дўконнинг бу тизимда қандай ишлашини аниқ мисолларда кўриб чиқамиз.

Банк кредити

Банк истеъмол кредитлари мамлакатимизнинг барча банклари таклиф этадиган банк хизмати тури бўлиб, улар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган истеъмол товарларини харид қилиш мақсадида ажратилади:

- маиший-техника, компютер, радио ва электротехника;

- мебел ва уй-жой жиҳозлари;

- дам олиш ва даволаниш масканларига йўлланма;

- автотранспорт воситаларини сотиб олиш;

- маросимлар (тўй, юбилей) ўтказиш.

Истеъмол кредити ҳар бир банкнинг ички тартибига асосан ажратилади. Кредит маҳсулот ва хизмат етказиб берувчининг ҳисоб варағига пул кўчириш йўли билан ажратилади. Шунингдек, баъзи банклар кредит учун гаров таъминоти (кўчмас ва кўчар мулк, суғурта полиси) талаб этади.

Aксарият ҳолларда истеъмол кредитлари учинчи шахснинг (масалан, доимий даромадга эга бўлган ҳамкасбингиз, ўртоғингиз ёки қариндошингиз) кафиллиги остида ажратилади.

Банклар истеъмол кредитларини ўртача 22%-28% ставкаларидан, 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатларда таклиф этади. Баъзи банкларда шартноманинг 20%-25% миқдоригача бошланғич бадал қўйилиши кўзда тутилган. Кредитни сўндириш камайиб бориш тартибида ёки ойма-ой бир хил миқдордаги тўловлар (аннуитет) асосида амалга оширилиши мумкин.

Кредит учун қадай ҳужжатлар тақдим этилади:

- Aриза;

- паспорт / идентификация ИД-картаси / янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси/ ҳарбий билет нусхаси;

- олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотнома (сўнгги 12 ойлик, баъзи банкларда сўнгги 6 ойлик);

- маҳсулот ёки хизмат етказиб берувчи билан имзоланган шартнома;

- кредит таъминоти ҳужжатлари (учинчи шахс кафиллиги, суғурта полиси ёки гаров мулки).

Истеъмол кредити бўйича маълумотларни ушбу мақоладан топишингиз, кредит бўйича барча харажатларни банклар веб-сайтидан кредит калькулятори ёрдамида онлайн ҳисоблашингиз мумкин. Баъзи банкларнинг веб-сайти орқали истеъмол кредити учун онлайн ариза топширишингиз ҳам мумкин.

Шу ўринда айтиш жоизки, сизга кичик миқдорда кредит зарур бўлса, овердрафт кредитини ёки банк кредит картасини расмийлаштириш имкониятингиз ҳам мавжуд. Ўз навбатида, бундай кредитларнинг фоизлари ва кредит шартлари истеъмол кредити шартларидан тубдан фарқ қилиши мумкин.

“Бўлиб тўлаш”

Ҳозирги кунда, кўчаларда “Маҳсулотларни рассрочкага берамиз” мазмунидаги эълон ва рекламаларга кўзимиз тез-тез тушади. Бунда асосан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

- паспорт нусхаси;

- иш жойидан ойлик даромад тўғрисидаги маълумотнома.

Истеъмолчи ўзига жалб этувчи бундай таклифга осонгина кўниши мумкин.

Келинг, бугунги кунда бозор нархи 3,5 млн сўмлик музлаткичини кредит ва “рассрочка"га сотиб олинганда музлаткичнинг асл баҳоси қанчага тушишини амалий ҳисоб-китобларда кўриб чиқамиз.

Кредит

Рассрочка

Ойлик тўлов

330 958 сўм

414 166 сўм

муддати

12 ой

12 ой

фоизи

24%

-

Жами тўлов

3 971 503 сўм

4 970 000 сўм

Товар асл нархидан неча фоизга қимматга тушмоқда

13%

42%

Демак, дўкондан “бўлиб тўлаш"га олган маҳсулотингиз кредитга нисбатан анча қимматга тушади. Умуман олганда, банк кредити ёки “рассрочка"дан бирини танлаш ҳуқуқи ўзингизда қолади. Бу борада ўзингиздан келиб чиқиб танлов қиласиз.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар