Маҳаллийлаштириш ҳисобига 3 млрд долларлик маҳсулотлар импорти қопланади (+видео)

Маҳаллийлаштириш ҳисобига 3 млрд долларлик маҳсулотлар импорти қопланади (+видео)

Маҳаллийлаштириш дастури йил охирига қадар Ўзбекистонга қўшимча 3 млрд долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва экспорт ҳажмини 1 млрд долларга ошириш имконини беради. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 5 апрель куни Тошкентда бўлиб ўтган халқаро саноат кўргазмаси очилишида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистондаги 2300 дан ортиқ лойиҳаларда иштирок этиш ва бир қатор имтиёзлардан фойдаланиш, шу жумладан, ер участкалари, бинолар ва иншоотларни устувор тартибда олиш имкониятини беради.

Сардор Умурзоқов ташқи савдо режимини либераллаштириш бўйича ишлар олиб борилаётганини, бунинг доирасида «маҳсулотларнинг кенг номенклатурасига импорт, божхона тўловлари ва акциз солиғи сезиларли даражада камайтирилгани ёки тўлиқ бекор қилингани», шунингдек, импорт бўйича барча миқдорий чекловлар бекор қилинганлигини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида мамлакат ялпи ички маҳсулотида саноатнинг улуши 26 фоиздан 36 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 3,3 бараварга, шу жумладан металлургия саноати — 10 баравар, автомобилсозлик — 8 баравар, электротехника — 5 баравар, кимё — 3 баравар, тўқимачилик — 2,6 баравар, фармацевтика — 2 баравар, тоғ-кон — 3 бараварга ўсди. Экспортдаги саноат маҳсулотларининг улуши ҳам 24 фоиздан 33,6 фоизгача ўсди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар