Марказий банк: 2021 йил 9 ойида 6,1 трлн. сўм ипотека кредитлари ажратилган

Марказий банк: 2021 йил 9 ойида 6,1 трлн. сўм ипотека кредитлари ажратилган

Марказий банкнинг маълумот беришича, 2021 йил 9 ойида Ўзбекистон ипотека бозорида кредит кўрсаткичлари ипотека кредитларига бўлган юқори талаб ҳамда бирламчи бозордаги уй-жойлар таклифи ўртасидаги номутаносибликлар таъсирида шаклланган.

Таъкидланишича, жорий йил 1 октябрь ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғи 32,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 26,2 фоизга (6,8 трлн. сўмга) ўсган бўлса, мазкур даврда ажратилган ипотека кредитлари эса 6,1 трлн. сўмни ташкил этди.

Мазкур камайиш тенденциясига асосий омиллар сифатида ипотека бозорида рақобат муҳитини янада ривожлантириш учун жорий этилган:

- 2020 йилги мақсадли давлат дастурларидан бошлаб “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида бир қаватли арзон уй-жойлар қурилишининг тўхталиши;

- “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК иштирокида шаҳарларда кўп квартирали арзон уй-жойларнинг қурилишини молиялаштириш потенциал қарз олувчилар маблағлари ҳамда қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилишига қаратилган тартиблар.

Жорий йил 9 ойида “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК ҳамда “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК томонидан қурилган уйларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 23,0 фоизни (1 412,5 млрд. сўм) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,8 фоизга (3 022,4 млрд. сўмга) камайган. Мазкур даврда аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг бозор тамойилларига асосланган янги тартиби (кейинги ўринларда янги тартиб деб юритилади) доирасида ажратилган ипотека кредитларининг улуши 12,3 фоиздан (793,6 млрд. сўмдан) 46,5 фоизга (2 861,5 млрд. сўмга) ошди.

“Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан дастлабки ипотека кредитлари 2020 йил 1 ноябрдан ажрата бошланган бўлса, жорий йил 9 ойида мазкур компания маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 19,9 фоизга (1 221,3 млрд. сўмга) етди. Шунингдек, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитларининг жами ажратилган ипотека кредитларидаги улуши 20,4 фоизгача (1 255,9 млрд. сўмга) ўсди. (1-жадвал)

Таъкидлаб ўтиш лозимки, жорий йилнинг 9 ойи давомида ажратилган ипотека кредитлари таркибий ўзгаришлар натижасида камайишига қарамасдан, ипотека кредитларига бўлган талаб юқорилигича қолмоқда ҳамда мазкур талаблар, энг аввало:

- иқтисодий кўрсаткичларнинг жадал ўсиши (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ялпи ички маҳсулот 6,9 фоизга, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 4,9 фоизга ҳамда асосий капиталга бўлган инвестициялар 5,0 фоизга ўсиши);

- аҳоли сонининг доимий ўсиб бориши (жорий йил 1 октябрь ҳолатига аҳоли сони 35,1 млн. кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,0 фоизни ташкил этиши);

- республикада инвестицион фаолликнинг ошиши натижасида қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий тармоқлардаги улуши ошиши (жорий йил 1 октябрь ҳолатига 73,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 фоизга ўсган);

- янги тартиб жорий этилиши натижасида тижорат банклари ипотека кредитлари ажратиш учун барқарор ресурс манбаи билан таъминланаётганлиги;

- иккиламчи ипотека бозоридан уй-жой сотиб олиш, якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ва улушдор жисмоний шахсларга ажратиладиган ипотека кредитларининг соддалаштирилганлиги билан изоҳланади.

Юқорида қайд этилган ва бошқа бир қатор омиллар натижасида 2018 – 2021 йиллар давомида ипотека кредитлари қолдиғи 2,7 баробарга (20,6 трлн. сўмга), ипотека шартномалари сони эса қарийб 1,8 баробарга (115,7 минг донага) ошган. (1-расм).

2021 йил 1 октябрь ҳолатига ипотека кредитлари қолдиғининг жами кредит қолдиғига нисбатан улуши 10,5 фоизни (32,8 трлн. сўм) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,1 фоизга (6,8 трлн. сўмга) ошган. (2-расм).

Ҳудудлар кесимида, Тошкент шаҳрида ипотека кредитлари қолдиғи 7,5 трлн. сўмни (ҳудуднинг жами кредит қолдиғидаги улуши 5 фоиз), Самарқандда 3,0 трлн. сўм (19 фоиз), Тошкент вилоятида 2,6 трлн. сўм (13 фоиз), Қашқадарёда 2,5 трлн. сўм (21 фоиз), Фарғонада 2,4 трлн. сўмни (17 фоиз) ташкил этди. (3-4-расмлар).

Ажратилган ипотека кредитлари қолдиғининг 31,6 фоизи (10,4 трлн. сўм) Ипотека банк, 23,5 фоизи (7,7 трлн. сўм) Қишлоққурилишбанк, 11,7 фоизи (3,8 трлн сўм) Миллийбанк, 9,1 фоизи (3,2 трлн. сўм) Асакабанк, 9,4 фоизи (3,1 трлн. сўм) Ўзсаноатқурилишбанк, 4,7 фоизи (1,6 трлн. сўм) Халқ банки ҳамда 9,5 фоизи (3,0 трлн. сўм) бошқа тижорат банклари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ипотека кредитлари қолдиғининг 158,3 млрд. сўми (жами ипотека кредити қолдиғининг 0,5 фоизи) 7 йил, 2 335,7 млрд. сўми (7,1 фоизи) 10 йил, 9 425,7 млрд. сўми (28,7 фоизи) 15 йил, 20 945,6 млрд. сўми (63,7 фоизи) 20 йилгача ажратилган ипотека кредитлари ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларга ажратилган жами кредитлар қолдиғи (66,0 трлн. сўм) таркибида ипотека кредитлари қолдиғининг улуши 50,0 фоизни ташкил этган. (7-расм).

Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,8 фоизга (14,3 трлн. сўмга) ошган бўлса, ипотека кредитлари қолдиғи 25,9 фоизга (6,8 трлн. сўмга) ўсган.

Ҳудудлар кесимида кўчмас мулк олди-сотдиси таҳлил қилинганда, уларнинг энг юқори улуши Тошкент шаҳри (жорий йил 9 ойида амалга оширилган умумий кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сонидаги улуши 31 фоизи), Тошкент (12 фоиз), Фарғона (9 фоиз), Самарқанд (7 фоиз) вилоятларида шаклланган бўлса, нисбатан паст кўрсаткичлар Сирдарё (2 фоиз), Жиззах (2 фоиз), Хоразм (4 фоиз) ҳамда Қашқадарё (4 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Шунингдек, жорий йил 9 ойида ажратилган ипотека кредитларининг ялпи ҳудудий маҳсулотга нисбати Тошкент шаҳри (1,9 фоиз), Сурхондарё (1,8 фоиз), Сирдарё (1,8 фоиз) ҳамда Фарғона вилоятларида (1,7 фоиз) нисбатан юқори шаклланган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий (0,7 фоиз), Тошкент (0,7 фоиз) ва Қашқадарё (0,9 фоиз) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар