Мутахассислар Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёти истиқболлари ва қишлоқ хўжалиги хусусида қандай фикрда?

Мутахассислар Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий тараққиёти истиқболлари ва қишлоқ хўжалиги хусусида қандай фикрда?

СамИСИ иқтисодиёт фанлари доктори Мурод Мухаммедов Ўзбекистон иқтисодиётидаги муаммолар, уларнинг ечимлари, қишлоқ хўжалигининг ривожланишида давлатнинг ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди. Эксперт мамлакатнинг иқтисодий ва унинг ҳосиласи сифатида ижтимоий юксалтириш муаммосининг ҳал этилиши авваламбор иқтисодий соҳада ижод қилаётган иқтисодчи олимларнинг маҳоратига, уларнинг иқтисодий юксалиш муаммоларининг кенг осмонида унинг бош нуқталарини топа билиш қобилиятига боғлиқ, деб ҳисоблайди.

–– Иқтисодиётда муаммоларни қандай баҳолайсиз, уларга ечим борми. Шу билан бирга мамлакатнинг иқтисодий юксалишига иқтисодчи олимларнинг ўрни қандай деб биласиз?

Иқтисодий юксалиш Ўзбекистон олдида турган ва сабрсизлик билан ўзининг ечимини кутаётган долзарб муаммо.

- Биринчидан, улкан иқтисодий салоҳиятга эга, ресурсларга бой ва ўзининг халқига фаровон ҳаёт кечириш учун муносиб ва қулай шарт-шароит яратиб беришга қодир мамлакатнинг 5 млн.дан зиёдроқ аҳолиси хорижда, ўзининг она тупроғидан йироқда даромад топиш илинжида азоб-уқубатларга бардош бериб, меҳнат миграциясида юргани;

- иккинчидан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажми бўйича жаҳон рейтингида 190 та мамлакат ўртасида 159-чи ўринни эгаллаб тургани;

- учинчидан, ўртача ойлик номинал маошнинг атиги 2,7 млн. сўмни ташкил қилганлиги (оилада 3 нафар фарзанд бўлиб, эр-хотин ишлаган тақдирда ҳам, оила аъзолари жон бошига тўғри келадиган кунлик соф даромад 3 доллардан ошмайди);

- тўртинчидан, нуфузли FocusEconomics нашриётининг Ўзбекистонни дунёнинг ўнта энг камбағал мамлакатлари рўйхатига киритгани;

- бешинчидан, ҳар еттинчи Ўзбекистон аҳолисининг (4-5 млн. атрофида) камбағалликда ҳаёт кечираётгани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ушбу нохуш ва кўнгилсиз вазиятни юмшатишнинг, ундан имкон қадар тез ва муваффақият билан чиқиб кетишнинг, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг тўғри эканглигини бутун дунё миқёсида исботлашнинг ягона йўли – иқтисодий ўсиш суръатларини жадаллаштиришдан иборат. Миллий иқтисодиётда юзага келган оғир вазият иқтисодий муаммоларни ечишнинг ностандарт, бутун дунёни лол қолдиришга лойиқ даражада мукаммал, Ўзбекистонни унинг салоҳиятига мос келадиган иқтисодий жиҳатдан қудратли (аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ нинг ўртача ҳажми, ўртача иш ҳақи, ўртача нафақа ва шу каби аҳоли турмуш даражасининг бошқа кўрсаткичлари бўйича) давлатлардан бирига айлантириш имконини берувчи йўлларни излаб топишни тақазо этади.

Иқтисодиётда муаммолар кўп. Улардан ҳар бирининг ўнлаб, юзлаб ечимлари мавжуд. Лекин ҳамиша сон-саноқсиз муаммоларнинг сон-саноқсиз ечимлари ўртасида энг оқилона, энг юқори самара берувчи фақат битта, яккаю-ягона ечими бўлади. Барча ечимлар орасида айнан ўша яккаю-ягона тўғри ечимни излаб топиш муаммоларнинг квадратдаги муаммоси, десак, айни ҳақиқани айтган бўламиз. Бу туннинг қоронғи кечасида кенг дала майдонида йўқолган, аммо мавжуд бўлган игнани излаб топишдек мураккаб ва машаққатли. Ана шу мураккаб, айни вақтда ўта машаққатли вазифани бажаришни уддасидан чиққан мамалакатлар юксалишга, уддалай олмаганлари эса, аксинча, инқирозга юз тутадилар ёки жуда ошиб кетганда, тошбақа юриш тезлигида олдинга қараб силжишга эришадилар ва охир-оқибатда, қолоқ мамлакатга айланиб қоладилар.

Мамлакатнинг иқтисодий ва унинг ҳосиласи сифатида ижтимоий юксалтириш муаммосининг ҳал этилиши авваламбор иқтисодий соҳада ижод қилаётган иқтисодчи олимларнинг маҳоратига, уларнинг иқтисодий юксалиш муаммоларининг кенг осмонида унинг бош нуқталарини топа билиш қобилиятига боғлиқ. Масалан, ХIХ асрнинг охири, ХХ асрнинг бошларида фирмалар ўртасида рақобат кураши беҳад кескинлашиб, жаҳон хўжалигида оғир вазият юзага келганда, дунёга машҳур иқтисодчи Й.Шумпетер муаммоли вазиятдан чиқишнинг ягона ва тўғри йўлини излаб топиш шарафига муяссар бўлди. У тадбиркорликни ривожлатириш, фирмалар фаолиятида янгилик ва инновацияларни кенг жорий этиш эканлигини асослаб берди. Ўша замоннинг кўзга кўринган таниқли иқтисодчилари олимнинг маҳорат билан яратган илмий қарашдарини жуда катта қувонч билан қарши олмаган, аниқроғи уни тўғри баҳолай олмаган бўлсаларда, ҳамма нарсанинг ҳаками бўлган вақт у яратган таълимот иқтисодий тараққиёт, умуман келажак авлод учун нечоғлик аҳамиятли ва фойдали эканлигини кўрсатди. Ёки бошқа бир мисол. Ўтган асрнинг 70-чи йилларида иқтисодчи Т.Шульц ва Г.Беккерлар инсон капитали ғоясини ривожлантириб, инсон капиталига инвестицияларнинг иқтисодий самарадорлиги тўғрисидаги таълимотни яратдилар. Айнан шу таълимотнинг амалиётга тадбиқ этилиши қисқа тарихий давр мобайнида Ғарб мамлакатларининг ижтимоий-итисодий тараққиётда мисли кўрилмаган, инсон ақли бовар қилмайдиган натижаларга эришиш, иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини дунёга намойиш этиш, фаровон турмуш кечириш шарафига муяссар бўлиш имконини берди. Иқтисодий тараққиётда айнан инсон капиталига устунлик бериш, уни иқтисодий юксалишнинг бош омилига айлантириш Ғарб мамлакатларининг иқтисодий гегемонликни қўлга киритишларида асосий роль ўйнади. Жаҳон хўжалигининг бой тажрибасига таянган ҳолда бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими бугунги кунда юқорида зикр этилган ва бошқа таълимотларнинг бепоён самарасидан бутун жаҳон хўжалиги баҳраманд бўлмоқда.

Ўзбекистон миллий иқтисодиётини бугунги оғир аҳволдан чиқаришнинг ва уни иқтисодий юксалишнинг равон йўлига олиб чиқишнинг самарали йўллари муқаррар борлигини, муаммо фақат уни излаб топишда эканлигини яна бир бор таъкидламоқчимиз. Шу муносабат билан ўзимизнинг бу борадаги айрим фикр-мулоҳазаларимизни сиз муҳтарам газетхонлар муҳокамасига ҳавола этмоқчимиз.

–– ХХI асрнинг долзарб муаммоси нима деб ҳисоблайсиз?

- Инсоннинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини қондириш биринчи даражали аҳамиятга эга. Таниқли социолог А.Маслоунинг инсон эҳтиёжлари иерархик пирамидасининг биринчи қаватида, яъни асосида инсоннинг физиологик (органик) эҳтиёжлари жойлашганлиги бежиз эмас. Шу сабабли ҳар қандай замонавий давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатида аҳоли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш марказий ўрин тутади.

Шу аксиома нуқтаи назаридан келажакда аҳолини яшаш учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда қандай туб ўзгаришлар ва жиддий муаммолар юзага келиши мумкинлигини чамалаб кўрайлик.

Йилига ер куррасида яшаётган аҳоли сони 80 млн. дан зиёдроққа кўпаймоқда. Мутахассислврнинг фикрига кўра, 2050 йилга бориб планетамиз аҳолисининг сони 10 млрд. кишига яқинлашиши мумкин. Ҳозирнинг ўзида 1млрдга яқин киши тўйиб овқатланиш имкониятидан маҳрум ва очарчиликка маҳкум этилган. Муаммонинг иккинчи ва янада мураккаброқ жиҳати 2050 йилга бориб аҳоли даромадларининг ўсиши натижасида унинг озиқ-овқат маҳсулотларига талаби ҳам узлуксиз ўсиб боради. Иқтисодиётнинг инкор этиб бўлмайдиган объектив қонунларининг талабига мувофиқ, жамият ривожланган сайин аҳолининг эҳтиёжлари ҳам сон жиҳатидан кенгайиб, сифат жиҳатидан такомиллашиб боради.

Яқин 30 йил мобайнида Ер курраси аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига тўхтовсиз ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришни таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар рўйхатини яна бир қатор аҳамиятли, айрим ҳолларда ўта аҳамиятли негатив халқалар билан тўлдириш мумкин. Булар жумласига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтиришнинг асосий йўналиши сифатида янги ер майдонларини ўзлаштириш ва ишга тушириш ҳисобидан экин майдонларини янада кенгайтириш имкониятларининг мавжуд эмаслиги; қишлоқ хўжалигида тупроқ унумдорлиги пасайиши қонунинг амал қилиши натижасида кейинги қўшилган қийматга ҳосилдорликнинг тобора камайиб бориши; глобал исишнинг салбий оқибатлари ва уларнинг иқлим ва об-ҳаво ўзгаришларига кучли таъсири; экинзорларни ва чорва молларни суғоришга яроқли прессланган тоза сув захираларининг геометрик прогрессияда камайиб бораётганлиги ва сув танқислиги муаммолари янада кучайишининг муқаррарлиги ва бошқалар. Ҳозирнинг ўзидаёқ салкам 1 млрд. аҳолининг қорнини нонга тўйдиришга ожизлик қилаётган ва уни ечиш учун курашаётган жаҳон хўжалигининг ер ресурслари ва ишлаб чиқариш кучлари, бу борада бугунги кунда мавжуд муаммолар устига юқорида номлари зикр этилган янги муаммолар қатлами қўшилгандан кейин қай аҳволга тушиши мумкинлигини, унинг натижасида кишилик жамияти қандай оғир қийинчиликларга дуч келишини жуда катта дипазондаги хатолар доирасида тахмин қилиш мумкин.

–– Ўзбекистонни иқтисодий юксалтиришнинг бош нуқтаси ҳақида ҳам гапириб беринг

- Назаримизда, Ўзбекистон миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг узоқ муддатларга мўлжалланган стратегиясини, унинг соҳалар ва тармоқлар бўйича таркибий тузилишини шакллантиришда келажакда жаҳон аҳолисининг, жумладан Ўзбекистон аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда юзага чиқиши муқаррар бўлган муаммоларни ҳисобга олган ҳолда ёндашиш мамлакат миллий иқтисодиёти юксалишига эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Чунки айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга бўлган Ўзбекистон келажакда озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича халқаро меҳнат тақсимотида асосий ўйинчилардан бири сифатида фаол иштирок этиши, энг муҳими қишлоқ хўжалигини иқтисодий юксалишнинг рақобатда тенги йўқ соҳага айланиши мумкинлиги ҳақиқатдан унча йироқ бўлмаган эҳтимол.

Жаҳонда уч секторли иқтисодиёт назариясига мувофиқ тараққиётнинг индустриал босқичидан постиндусриал босқичига ўтиш жараёни шиддат билан кечмоқда. Шундай бир пайтда аграр соҳани устун ривожлантириш тўғрисидаги таклифлар жуда ғалати ва ғайритабиий туюлиши мумкин. Лекин Ўзбекистонда юзага келган ижтимоий-иқтисодий вазият ва мамлакат миллий иқтисодиётининг ўзига хос хусусиятлари айнан аграр секторни тез суръатлар ривожлантиришни, уни истиқболда иқтисодий юксалишнинг етакчи омилига айлантиришни тақазо этади. Ушбу нуқтаи назар ҳозирги кунда иқтисодиёт илми оламида ҳукмронлик қилаётган ва дунёнинг деярли барча мамлакатлари амалиётда қўллаётган уч секторли иқтисодиёт назариясининг тамойилларига тамоман зид. Чунки унга мувофиқ, постиндустриал жамиятда иқтисодиётда бандларнинг 10% қишлоқ хўжалигида, 20% саноатда, 70% хизматлар соҳасида банд бўлмоғи лозим. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда секторларнинг улуши мос тарзда 26,2 %, 33,3 % ва 50.5 %ни ташкил қилади. Лекин шундай бўлсада, миллий хусусиятларга эга Ўзбекистон шароитида айнан қишлоқ хўжалигини стратегик сектор сифатида қараш жуда катта самара бериши мумкин. У жаҳон андозасига қанчалик тўғри келишидан қатъий назар, биз учун иқтисодий тараққиётда эришилган пировард натижа муҳим. Фақат бунга эришиш учун аграр соҳага муносабатни тубдан ўзгартириш лозим.

–– Нима учун айнан аграр соҳани устун ривожлантириш керак?

- Ўзбекистонда аграр соҳани устун ривожлантириш ғояси қуйидагиларга асосланади.

Биринчидан, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётининг улкан имкониятларидан фойдаланиш самарадорлиги жуда паст. Бу эса келажакда ушбу омил ҳисобидан катта натижаларга эришиш имкони борлигини англатади. Бунинг ўнлаб сабаблари таркибида иккита энг асосийларини ажратиб кўрсатмоқчимиз: инвестицияларнинг камлиги ва малакали кадрларнинг етишмаслиги. Ҳар иккала камчилик ҳам бартараф этилиши мумкин, агар ушбу жараёнларда давлат фаол иштирок этса.

Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари ва пахта толаси йиллик экспортининг умумий қиймати 1,8 млрд. АҚШ долларига тенг. Айни пайтда, Вьетнам қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидан бир йилга 40 млрд. АҚШ доллари миқдорида даромад олади. Агар Ўзбекистоннинг ер майдони (448,9 минг кв.км) Вьетнамнмнг ер майдонидан (310,1 минг кв.км) қарийб 1,5 марта кўплигини ҳисобга олсак, мамалакатимизда табиат бизга сахийлик билан тўҳфа қилган унумдор ер ресурсларидан қанчалик “унумли” фойданаётганимиз, аччиқ бўлсада, очиқроқ қилиб айтадиган бўлсак, қимматбаҳо ресурлардан фойдаланишда бебурдлик қилаётганимиз аён бўлади. Халқимизда “Шайхда ҳунар бўлмаса – мачитнинг кенг айвони ҳам торлик қилади”, деган ажойиб нақл бор. Агар биз Яратганнинг ўзи бизга сахийлик билан инъом этган мўътабар ва муқаддас она замин, дунёда тенги йўқ, энг мазали ва ширин, юқори сифатли, турли хил витамин ва минералларга бой, ҳар қандай элита ва суперэлита дастурхонининг безаги бўлишга лойиқ бетакрор ноз-неъматларни етиштиришга имкон берувчи иқлим шароитларидан ўринли фойдаланаолмаётган бўлсак, бунга ким айбдор?

Агар биз ақл ва зукколик билан иш тутиб, ернинг ҳосилдорлигини кескин кўтариш ҳисобидан ҳар бир гектар суғориладиган ер майдонидан олинган маҳсулот экспортидан даромад миқдорини Вьетнам даражасига (6100 АҚШ доллари, бизда эса 440 доллар) етказсак, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат маҳсулотларини четга сотишдан миллий хазинага келиб тушадиган маблағ 20 млрд.АҚШ доллардан зиёдроқни ташкил қилган бўлар эди. Лекин яна бир нарсани эътиборга олиш керакки, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва уни экспорт қилишдан даромад олишда бугунги кунда вьетнамликлар эришган даража – бу ҳали марранинг сўнгги нуқтаси эмас. Агар ҳар бир қарич ерни қадрласак, унга муносабатимизни тубдан ўзгартирсак, соҳага инвестицияларни кўпайтирсак, унинг субъектларини билимли, юқори малакали кадрлар билан таъминласак, Ўзбекистон яқин келажакда мамлакат хазинасига келиб тушадиган даромад даражаси бўйича вьетнамликлардан ўзиб кетиб, дунёда пешқадамлик қилаётган давлатлар рўйхатидан муносиб ўрин эгаллаши ва ибратли мамкатлардан бирига айланиши муқаррар. Чунки Ўзбекистон Оллоҳнинг назари тушган, айнан аграр соҳада дунёнинг жуда кўп мамлакатларига нисбатан мутлақ монопол устунликка эга бўлган ўзига хос ноёб мамлакат. Бундай монопол устунликка эга бўлмаган миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бу борада аграр соҳа билан беллаша олмайди.

Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги меҳнат талаб тармоқ. Бу ҳар бир янги иш ўрнига катта эҳтиёж бор Ўзбекистон учун ишсизлик даражасини пасайтириш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Қишлоқ жойларида яратилган янги иш ўринлари нисбатан арзонга тушади, уларнинг ўзини қоплаш муддати эса анча қисқа, одатда 1-1,5 йилни ташкил этади. Демак, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш меҳнат ресурсларига бой ва айни пайтда молиявий песурслар танқислиги юқори Ўзбекистон шароитида ишсизлик даражасини пасайтириш муаммосини ҳал этишда катта ижобий самара беради.

Учинчидан, миллионлаб деҳқонларнинг машаққатли меҳнати ва пешана тери эвазига етиштирилган қиммат баҳо қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг талайгина қисми ҳосилни йиғиб ллиш, ташиш, сақлаш ва сотиш жараёнида наст-нобуд бўлади. Албатта, бир йилда Ўзбекистонда ушбу омилнинг таъсири натижасида қанча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари исроф бўлаётганини аниқ ҳисобини олиш имкони йўқ. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ривожланаётган мамлакатларда йиллик ҳосилнинг тахминан 35-40 % турли сабаблар оқибатида нест-нобуд бўлади. Ўзбекистон ҳам ривожланаётган мамлакатлар тоифасига мансуб бўлганлиги сабабли, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг катта қисми истеъмолчи ихтиёрига бориб етгунга қадар исроф бўлади ёки истеъмолга яроқсиз ҳолатга келади деган хулосага келиш ўринли. Кузатишлар шундан далолат берадики, инвестициялар танқислиги ва қишлоқ хўжалиги инфратузилмасининг заиф ривожланганлиги туфайли томчилаб суғориш имкониятларидан унумли фойдаланиш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ҳосилни йиғиб олиш жараёнларини тегишли техника воситалари билан таъминлаш, агрохизматлар сифатини ошириш, маҳсулотни ташиш, сақлаш каби муҳим йўналишларда жиддий муаммолар мавжуд. Демак, келажакда ушбу муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш асосида тармоқнинг мамлакат ялпи ички маҳсулолотини шакллантиришдаги иштирокини сезиларли даражада ошириш, уни миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоғи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш истиқболлари жуда катта. Айниқса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саноат корхоналарида қайта ишлаш ва уларни истеъмолга тайёр ҳолга келтириш давлат аграр сиёсатининг марказий бўғинига айланмоғи лозим.

Тўртинчидан, кейинги йилларда Ўзбекистонда замонавий геномика ва биоинформатика усулларидан фойдаланиш асосида қишлоқ хўжалиги экинлари, доривор ва техник ўсимликлар, микроорганизмлар, ҳайвонлар етиштириш унумдорлигини кескин ошириш масалаларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотларининг ҳажмини ер ресурсларини кенгайтириш, янги ер майдонларини ўзлаштириш ҳисобидан кўпайтириш имкониятлари тўла ишга туширилган ҳозирги вазиятда, ҳар бир қарич ер майдонидан ундириладиган ҳосилни, яъни ернинг ҳосилдорлигини ошириш – бу қишлоқ хўжалигида яратиладиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини кўпайтириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашнинг етакчи манбаидир. Ана шу реал ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда замонавий геномика ва биоинформатика усулларидан фойдаланиш орқали замонавий ген ва ҳужайра муҳандислиги, молекуляр маркерларга асосланган геном ва виртуал селекция дастурларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш борасида диққатга сазовор чора-тадбирлар амалга оширилди ва ушбу жараёнлар шиддат билан давом этмоқда. Лекин қишлоқ хўжалигида мазкур йўналишни тармоқни устун ривожлантиришнинг узоқ муддатларга мўлжалланган бош стратегияси сифатида қабул қилишдан ва ушбу стратегияни амалга ошириш билан боғлиқ илмий тадқиқотларни, уни тегишли кадрлар билан таъминлаш бўйича катта миқдордаги маблағларни сарфлашдан олдин, танланган стратегиянинг узоқ келажак нуқтаи назаридан қанчалик тўғри ёки нотўғрилиги тўғрисида жиддий ўйлаб олишимиз, бундай муҳим ишни бажаришда бизга ўтмишдан мерос қолган “Етти ўлчаб, бир кес ” деган мақолнинг тамойилларига қатъий риоя қилмоғимиз лозим. Тарих сабоқлари мустақиллик йилларида макродаражада иқтисодиётни бошқариш билан боғлиқ катта сиёсатни амалга оширишда, бу хусусда узоқ йилларга мўлжалланган ва стратегик аҳамиятга эга бўлган қарорлар қабул қилишда йўл қўйилган хато ва камчиликлар жамият учун нақадар қимматга тушиши мумкинлигини кўрсатди.

Бешинчидан, ҳозирги кунда мамлакатда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий қисми хорижий мамлакатларга хом ашё сифатида экспорт қилинади. Маълумки бундай маҳсулот қийматининг таркибида қўл меҳнатининг улуши жуда катта. Вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун хорижга экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида уларнинг саноат асосида қайта ишланган ва истеъмолга тайёр ҳолга келтирилган турларини узлуксиз ошириб бориш сиёсатини амалга ошириш керак. Табиийки, ушбу сиёсатни амалга ошириш инвестиция ҳажмини сезиларли даражада кўпайтириш муаммосига бориб тақалади.

–– Қишлоқ хўжалиги истиқболлари ҳақида нималар дея оласиз?

Ҳозирги кунда аграр соҳада қишлоқ хўжалигини бошқаришнинг узоқ йилларга мўлжалланган стратегиясини танлашда замонавий геномика ва биоинформатика усулларига устунлик бериш сиёсати ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Лекин ушбу сиёсат қишлоқ хўжалигида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш муаммосини ҳал этишнинг катта самара берадиган йўналиши эмас. Лўнда қилиб айтганда, у жамият манфаатларига унчалик мос келмайдиган, фақат вақтинчалик самара бериши мумкин бўлган истиқболсиз йўналиш. Ўзбекистонда ГМ-маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенг асосда йўлга қўйиш қисқа муддатларда қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириши ва унинг ҳисобидан тармоқ иқтисодиётида ижобий силжишларга олиб келиши муқаррар. Лекин, Ўзбекистоннинг узоқ келажаги нуқтаи назаридан ушбу жараёнлар таҳлил қилинганда, у олдиндан прогнозлаш оғир салбий оқибатларга олиб келиши эҳтимоли жуда катталигини кўрсатди. Биринчидан, ГМ-маҳсулотларнинг инсон организмига таъсири ва унинг оқибатлари хусусида аниқ ва ишончли тажриба ҳамда илмий натижалар мавжуд эмас. Иккинчидан, дунё мамлакатларида ўрта синфга мансуб аҳоли сонининг жами аҳоли таркибидаги улушининг ошиб бориши, жаҳонда бой-бадавлат оилалар сонининг узлуксиз ўсиб бориши натижасида органик ва ГМ– маҳсулотларнинг бозор нархлари ўртасидаги тафовут тобора кучайиб боради.Улар ўртасидаги рақобат кураши охир –оқибатда сарф-харажатлардан олинадиган фойда даражасининг тенглашувига олиб келади. Демак, муайян ер майдонидан кўп ГМ – маҳсулот етиштириб арзон нархларда сотишдан олинадиган даромад анъанавий усулда нисбатан кам ҳажмдаги органик маҳсулотни юқори нархда сотишдан олинадиган даромад миқдорига тенг бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, юқорида таъкидлаганимиздек, айнан қишлоқ хўжалиги соҳасида катта монопол устунликка эга Ўзбекистон органик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашуви мақсадга мувофиқ. Келажакда ер куррасида ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бевосита таъсири остида бой-бадавлат оилаларнинг сони, уларниннг жами оилалар сонидаги улуши узлуксиз тарзда ўсиб боради. Демак, сифатли, табиий органик маҳсулотларга талаб ҳам ГМ – маҳсулотларга талабга нисбатан тезроқ суръатларда ўсади. Натижада жаҳон бозордаги нархлар ҳам айнан органик маҳсулотлар фойдасига ўзгариб боради ва табиийки, органик маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган мамлакат охир-оқибатда ютиб чиқади. Бундан ташқари, дунё мамалакатларининг барчасида аҳолининг элита ва суперэлита қатламига мансуб қисми сифатли органик маҳсулотларга талаб билдирадилар.

–– Қишлоқ хўжалиги давлат ёрдамига муҳтожми?

Жаҳон тажрибаси шундан далолат берадики, замонавий бозор иқтисодиёти шароитида миллий иқтисодиётнинг биронта соҳа ёки тармоғи давлатнинг бевосита ва кучли иштирокисиз ривожланмайди. Айниқса, аҳоли кенг қатларининг физиологик эҳтиёжларини қондириш ва мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ, лекин тадбиркорлар учун инвестицион жозибадорлиги нисбатан паст қишлоқ хўжалиги соҳасида давлатнинг амалий ёрдамига эҳтиёж жуда баланд.

Объектив сабабларга кўра, қишлоқ хўжалиги маъсулотлари ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари (фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ва бошқалар) бошқа соҳа ва тармоқлар, масалан, саноат, хизматлар соҳаси, даражасида рентабелликни таъминлай олмайди. Лекин бундан жамиятнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаби бир мисқол ҳам камаймайди. Талаб ва таклиф қонунлари талабларига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозор нархларининг ошиши истеъмолчиларнинг тўловга қодир талабини қондиришнинг яккаю-ягона манбаига айланади. Ушбу мураккаб вазиятда давлат кенг халқ оммаси иқтисодий манфаатларининг асосий ҳимоячиси сифатида, ишлаб чиқариш рентабеллиги анча паст бўлган қишлоқ хўжалигини турли воситалар (субсидиялар, дотациялар, кредит ва солиқлардаги имтиёзлар, квоталар, давлат буюртмалари ва бошқалар) орқали қўллаб-қувватлашни ўз зимасига олиши зарур. Айрим иқтисодиёти устун ривожланган ва халқ мафаатларини сўзда эмас, амалда юқори қадрлайдиган Ғарб мамлакатларида давлатнинг қишлоқ хўжалигини қўўлаб-қувватлашга молиявий сарф-харажатлари маҳсулот қийматидан икки мартадан зиёдроқ. Бу давлатнинг мамлакат аҳолиси манфаатларини ҳимоя қилиш, унинг фаровон ҳаёти ҳақида чинакамига ғамхўрлик қилишнинг ибратли намунаси.

Афсуски, Ўзбекистонда расмий статистик маълуморга таяниб, бозорлада истеъмолчилар томонидан харид қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархида маҳсулот қийматининг ва давлат сарф-харажатларининг улушлари қанчалигини аниқлаш имкони мавжуд эмас. Лекин қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бозордаги нархларнинг ўта беқарорлигига қараб мавжуд нархларда давлат сарф-харажатларининг улуши унча катта эмаслиги хусусида хулоса қилиш мумкин.Ўзимизда етиштириладиган қовун нархининг бозорда бир йилда 80 фоизга ошиб кетган Ўзбекистонда давлатнинг аграр сиёсатини такомиллаштириш устида жиддий бош қотириш, жоиз бўлса, юқори самарали, ностандарт қарорлар қабул қилиш лозимлигидан далолат беради.

Қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришнинг муҳим ва айни пайтда ўта мураккаб, мамлакатнинг дунё мамлакатлари билан интеграциялашув жараёнлари натижасида тобора аҳамияти ошиб бораётган йўналашларидан бири – бу тармоқни субсидиялаш асосида унга молиявий ёрдам кўрсатиш, оғирини енгил қилишдан иборат.

2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантириш Стратегиясида аграр соҳани бошқаришда давлатнинг ролини пасайтириш ва унинг инвестицион жозибадорлигини ошириш вазифаси қўйилган. Лекин Стратегияда қандай қилиб ушбу секторнинг инветицион жозибадорлигини оширишга эришиш мумкинлиги, уни амалга оширишнинг аниқ механизмлари асослаб берилмаган. Соҳа ёки тармоқнинг инвестицион жозибадорлигини оширишнинг биринчи ва асосий шарти – бу қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятига тикилган асосий ва айланма капиталнинг самарадорлиги. Аниқроқ қилиб ифодалаганда, тадбиркор аграр секторга йўналтирган капитал қўилмаларнинг ҳар бир сўмига оладиган фойда миқдори саноат ва хизмат кўрсатиш секторларидан олинаётган фойдага ҳеч бўлмаганда тенг ёки ундан ҳам юқорироқ бўлган тақдирдагина инвестиция тикишга мойиллик билдиради.Акс ҳолда аграр секторнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳақидаги фикр- мулоҳазалар фақат қоғозда битилган бадиий санъат намунасига айланиб қолиши ҳам мумкин.

Ишлаб чиқариш рентабеллиги бошқа соҳа ва тармоқларга нисбатан анча паст бўлган қишлоқ хўжалигида инвестицион ресурслар танқислиги муаммосини ечишнинг муҳим йўналишларидан бири – давлатнинг тармоқни молиялаштириш ва қўллаб-қувватлаш сиёсатини такомиллаштиришдан иборат. Бунда асосий эътибор тармоқни субсидиялаш механизмлари ёрдамида қўллаб-қувватлашдан тармоқда ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмини кўпайтириш ва ресурслар самарадорлигини ошириш асосида унинг бозордаги нархини пасайтиришга қаратилган бўлмоғи лозим. Бундай сиёсат маҳсулот таннархини пасайтириш, унинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш рентабеллигини ошириш имконини беради. Пировад натижада тармоқнинг тадбиркор учун инвестицион жозибадорлиги ортади, қишлоқ хўжалигига сармоя сарфлашга тайёр тадбиркорлар сони кўпаяди.

Ушбу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир туманда бюджет маблағлари ҳисобидан жаҳон амалиётининг илғор тажрибаларига таяниб иш тутадиган намунавий давлат хўжаликлари ташкил этилиши лозим. Таклиф этилаётган давлат хўжаликлари замонавий техника билан қуролланган, инновацион технологияларни қўллашга тайёр, юқори малакали кадрлар билан таъминланган, маҳсулот ҳосилдорлигини ва ернинг унумдорлигини жаҳон андозалари даражасига кўтаришга қодир, салоҳияти юқори замонавий ишлаб чиқариш корхоналари сифатида майдонга чиқишлари лозим. Ушбу хўжаликлар нафақат сифатли ва қиймати арзон маҳсулот ишлаб чиқариш орқали тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликларига намуна кўрсатишлари, балки аграр соҳа серқирра хўжалик фаолиятининг барча йўналишларида уларга амалий ёрдам кўрсатишни ўз зиммасига олишлари керак. Бошқача қилиб айтганда, улар туман бўйича деҳқончилик ва чорвачиликнинг самарали ривожлантиришнинг муҳим бўғинига, қолаверса туман ҳудудидаги барча хўжаликларида ҳосилдорликни оширишнинг асосий ташкилотчисига айланмоқлари лозим. Лўнда қилиб айтганда, давлат хўжаликлари мамлакатнинг ҳар бир туманида аграр соҳа иқтисодиётини юксалтиришнинг асосий локомативларига айланмоқлари лозим.

Кўзланган мақсадга эришиш учун давлат хўжаликларига раҳбарни конкурсли танлов асосида танлаб олинган ташкилотчи, ишбилармон, юқори малакали, билимдон, тажрибали, энг муҳими, коррупцияга берилмаган шахсларни танлаш тизимини жорий этиш таклиф қилинади. Сабаби бу раҳбарнинг зиммасига нафақат ўзи раҳбарлик қилаётган давлат хўжалигининг, балки туманда фаолият юритаётган барча фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятининг якуний натижаси юклатилган бўлади. Раҳбарнинг иш фаолияти натижалари ана жиҳатларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда бутун туман аграр соҳасининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси асосида баҳоланиши ва тақдирланиши мақсадга мувофиқ.

Республика бўйича барча давлат хўжаликлари ўртасида иш фаолиятининг турли кўрсаткичлари бўйича рейтинг тизими ишлаб чиқилиши ва амалиётга жорий қилиниши лозим. Бундай сиёсатни амалга ошириш катта миқдордаги молиявий сарф-харажатлар билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, дастлаб уни бир ёки бир неча туманларда эксперимент тариқасида жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар