Тадбиркорнинг ташриф қоғози
Таниқли тадбиркор Эгамберди Собиров Хоразм вилоятининг Хонқа туманида 1968 йил 29 декабрда деҳқон оиласида туғилган. У тумандаги 30-сонли умумтаълим мактабида, кейинчалик 1988-1991 йилларда Хива қишлоқ хўжалиги техникумида ўқиган. Техникумни тугатгач илк иш фаолиятини “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида агрохимик–агроном вазифасида бошлаган.
Эгамберди Собиров техникумда ўқиб юрган пайтларидаёқ ўзининг тиришқоқлиги, деҳқончиликка бўлган ихлоси билан бошқа талабалардан ажралиб турар, экин турлари бўйича эринмасдан маълумотлар тўплар эди. У даврларда интернет тармоқлари бўлмаган, бўлажак фермер ўрта мактабда ҳам, техникумда ҳам ҳатто компьютер олдида ўтириб кўрмаган. Қаҳрамонимизнинг энг яқин кўмакчиси кутубхона эди. Техникумнинг қуёш нури ғира-шира тушиб турадиган эски кутубхонаси унинг севимли жойи бўлган. У даврларда қишлоқ хўжалигига оид китоблар деярли рус тилида бўлганлиги сабабли шуларни ўқиб, тушуниш учун рус тилини ўрганган.
2006 йили ота-онасининг номига атаб “Султонбой Хонимжон” фермер хўжалигини ташкил қилиб, бутун оиласи билан фермерлик фаолиятини ривожлантиришга киришган. Турмуш ўртоғи, Жаббор акаси, Норжоной синглиси, Мадамин укаси ҳам унинг ёнига қанот бўлиб хўжалик ишларида катта ёрдам бериб келишмоқда.
Оилали. Турмуш ўртоғи Тозагул Эгамбердиева билан биргаликда икки нафар ўғил фарзандларни тарбиялаб вояга етказишган. Ўғиллари Улуғбек ва Умиджон ота изидан бориб, фермер хўжалигида биргаликда меҳнат қилишмоқда.
Айни пайтда “Султонбой Хонимжон” фермер хўжалигининг экин майдони 98 гектар майдонни ташкил этади. Фермер хўжалигида 28 нафар доимий ва 100 га яқин мавсумий ишчилар меҳнат қилишмоқда.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, замонавий агротехника усулларини қўллаш орқали ҳудуднинг оғир ва мураккаб шароитида экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, пахта ва ғалла йўналишларида юқори ҳосилдорликка эришиш, аҳоли фаровонлигини оширишга қўшаётган муносиб ҳиссаси, шунингдек, кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолиятини намунали йўлга қўйиш, янги иш ўринлари яратиш борасидаги катта хизматлари ҳамда жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Эгамберди Собиров 2025 йил 18 мартда “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
– Тадбиркорлик қилиш учун нега айнан деҳқончилик соҳасини танлагансиз? Бунга нима сабаб бўлган?
– Касб сифатида қишлоқ хўжалигини танлашимга отам ва бобомнинг деҳқончилик билан шуғулланишганликлари сабаб бўлган. Яъни, деҳқончилик – менга ота касб. Машойихлар ота касбини улуғлаганлар хор бўлмайди, дейишган. Демак, мен ва менинг фарзандларим ўз ризқини ердан топиб келаётган сулолавий ишни давом эттиряпмиз.
Болалигидан отасининг ёнида юриб, унинг ҳар бир ишида кўмакчи бўлиш фарзандга аграр университетнинг сабоғини беради, деб ўйлайман. Чунки ота фарзандига деҳқончилик илмининг икир-чикирларигача эринмасдан ўргатади. Отасидан деҳқончилик илмини ўрганган фарзанд вояга етгунча ўзи ҳам туппа-тузук деҳқон бўлиб етишади.
Хуллас, мен ақлимни таниганимдаёқ келгусида деҳқон бўлишимга ишонганман. Ҳаётимни бошқа касбда тасаввур ҳам қила олмайман.
– Фермер хўжалигингизни қачон ва қандай ташкил этгансиз? Ундан олдин нима иш билан машғул бўлгансиз?
– Фермер хўжалигини 2006 йилда ташкил қилганман. Олдинги саволга жавобимда айтдимки, мақсадим ота касбини давом эттириш бўлган. Отам колхоз даврида пахта бригадири бўлганлар. У киши доим оёғига қўнжи қайрилган этик кийиб юрардилар. Юрганларида гурсиллаган товуш чиқарди. Отамнинг қадамларини уйда ўтириб биринчи онам сезардилар.
“Ана отанг келяптилар, тезда қўлларига сув тайёрланг, жаҳллари чиқса, овқатланмай яна далага қайтиб кетадилар”, дея бизларни отамнинг келишларига ҳамма нарсани тахт қилишимизга ундардилар.
Отам ҳаммамизни бир-бир пешонамиздан ўпиб, тезда дастурхон атрофига чорлардилар. Қандай қийинчилик бўлмасин, ишлари кўп бўлмасин, улар келиб биз билан овқатланиб кетардилар. Оиланинг бирдамлиги, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш, бир тўғрам нонни ҳам бирга бўлиб ейиш одати бизга отамдан ўтган. То ҳануз оға-инилар бирга ҳаракат қиламиз. Асосан фермерлик соҳасини ривожлантиришимизда, ҳосилдорликнинг юқори бўлишига эришишда отамнинг ўгитлари асос бўлиб келяпти.
1991 йили Хива қишлоқ хўжалиги техникумини “агроном” мутахассислиги бўйича тамомлаганимдан кейин Хонқа туманимизнинг ўзим яшаётган “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида агрохимик-агроном, биолаборатория мудири, ер тузувчи вазифаларида 15 йил ишладим. Кўриниб турибдики, фермер хўжалиги ташкил қилгунча қадар ҳам фақат қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатдим.
Албатта, бу даврда мен отамдан ўрганган сабоқларим ёнига яна қўшимча замонавий билим ва амалий тажрибаларни олдим.
– Муваффақиятли фермерсиз. Бундай юксак натижаларга эришишингизга мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида яратилган шароитлар ва имтиёзлар ёрдам бердими?
– Янги Ўзбекистонда Юртбошимиз ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига алоҳида эътибор билан қаралаётгани, яратиб берилаётган имкониятлар самараси ўлароқ соҳада катта ўсиш юз бермоқда.
Давлатнинг молиявий қўллаб-қувватлаши ҳисобига янги техника ва технологияларнинг кенг кириб келиши, уруғлик ва минерал ўғитларнинг ўз вақтида етказиб берилиши фермерларга катта ёрдам бўлмоқда.
Бундан ташқари, етиштирилган маҳсулотдан манфаатдорлик шароитининг кучайтирилганлиги фермерларни янада шижоатлироқ ишлашга ундаяпти.
Шунингдек, бундан буён фермер хўжаликлари рейтингини баҳолаш мезонининг ўзгариши Хоразм фермерлари узоқ кутган имконият, деб ўйлайман. Зеро, бизда юқори ҳосилга эришиш бошқа вилоятларга қараганда анча кўпроқ меҳнат ва сарф-харажат талаб этади. Чунки бизда ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонроқ, уларнинг катта қисми шўрланган. Шу боис экин майдонларининг шўрини кетказиш учун кўпроқ сув ва меҳнат харажатлари керак бўлади.
Шу сабабли, фермерлар фаолияти тадбиркорлик рейтинги орқали баҳоланиб, юқори рейтингдаги фермерларга кредитнинг қайтмаслик хавфини суғурталаш талаби бекор бўлиши, ер солиғи 3 баравар, Фермерлар кенгашга тўланадиган бадал 2 карра камайтирилиши биз, хоразмлик деҳқонларни янги марраларни забт этишга ундайди. Пахта ва ғалладан кўп ҳосил олганларга 25 фоизгача ерида чорва озуқаси, сабзавот, дуккакли ва бошқа экинларни алмашлаб экишга рухсат этилиши эса даромадимизнинг янада ошишига замин ҳозирлайди.
– Фермер хўжалигингиз шароити мураккаб ва оғир ҳудудда жойлашган. Экин майдонларингиз шўрланган ва мелиоратив ҳолати оғир ҳисобланади. Лекин сиз шундай жойда катта муваффақиятларга эришдингиз, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшиладингиз. Бунда замонавий агротехника усулларидан оқилона фойдаланишнинг аҳамияти катта бўлган. Шу ҳақида гапириб берсангиз.
– Ҳа, ҳақиқатдан ҳам Хоразм шароитида ерларнинг катта қисми шўрланган, мелиоратив ҳолати ёмон, шу сабабларга кўра ернинг табиий унумдорлиги камроқ, яъни унинг бонитет балли паст ҳисобланади. Менинг экин майдонларим ҳам айнан мана шундай оғир тоифага киради.
Кўп деҳқонлар Хоразм вилоятининг табиати инжиқлиги – иссиғи жазирама, совуғи изғирин бўлишидан нолиб юришади. Бунинг устига ҳудуддаги сув муаммоси ерга уруғ қадаб, юқори ҳосил олиш имконини бермаслигини айтади. 1991 йилдан бери қишлоқ хўжалигида, 2006 йилдан бери эса мустақил фермерлик билан шуғулланиб келяпман.
Мен нолишни ёмон кўраман. Ундан кўра кўпроқ ҳаракат қилишни, янгиликка интилиб, турли тажрибаларни синаб кўришни ёқтираман. Фермерликнинг илк йилларидан бошлаб пахта ва ғалладан энг кўп ҳосил олган деҳқонлардан бири бўлишга интилганман. Бироқ ҳар қанча ҳаракат ва меҳнат қилсам ҳам моддий-техник база етишмаслиги туфайли фермерликнинг дастлабки йилларида ҳосилдорликни ошира олмадим.
Аммо охирги йилларда давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имтиёз ва қулайликлардан тўғри фойдаланиб, энг замонавий техникаларни сотиб олдим. Фаолиятимга илм-фан ютуқларини татбиқ этиб, ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш технологияларини қўллаб, ҳосилдорликни бир неча баравар оширдим.
Яқинда ҳаётимда унутиб бўлмас ўта қувончли воқеа юз берди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатнашиш ва эришган натижаларим ҳақида у кишига сўзлаб бериш бахтига мушарраф бўлдим. Президентимиз Хоразм вилоятининг оғир шароитида пахта ва ғалладан юқори ҳосил олаётганлигим ҳақида эшитиб мамнун бўлдилар ва мени “Дўстлик” ордени билан тақдирладилар.
Давлат раҳбари томонидан кўрсатилган юксак эътироф ғайратимга ғайрат, шижоатимга шижоат қўшди. Кўксимни безаб турган орден эса билдирилган ишонч намунаси бўлиб, зиммамга янада катта масъулиятлар юклади. Шунингдек, видеоселекторда Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги соҳасини янада тараққий эттириш бўйича таклифлари, фидойи фермерларга ҳосилдорликни ошириши учун бундан ҳам катта имкониятлар тақдим этадиган ташаббусларини эшитиб, икки карра мамнун бўлдим.
Яна бевосита деҳқончилик фаолиятим ҳақида гапирадиган бўлсам, бундай оғир шароитда ернинг дардини тўғри англаб, шунга яраша муомала қилмасанг, у билан тиллашмасанг, яхши ҳосилга ҳеч қачон эриша олмайсан. Мен экин майдонларимнинг унумдорлигини ошириш учун карталарни лазер ёрдамида текислаш ва шўрни ўз вақтида ва меъёрида ювиш ишига жуда катта эътибор бераман.
Масалан, ҳосилдорлик янада юқори бўлиши учун фермер хўжалиги ерлари лазерли аппарат ёрдамида текисланди. Бунда олдинги анъанавий усулларга қараганда ерни деярли идеал даражада текислаш мумкин бўлади. Натижада сифатли текисланган экин майдонларини суғоришда 50 фоизгача сувни тежаш мумкинки, бунинг аҳамияти жуда катта. Экин майдонларининг бошланиш қисмида сувнинг кўп сарфланиши, эгатларнинг охирига сув меъёрдан кам бориши, карталарнинг нотекис жойларида сув кўлланиб қолиши каби салбий ҳолатларга барҳам берилади ва бу эса ҳосилдорликни оширишга ёрдам беради.
Ернинг шўрини ювиш деҳқончиликда заргарона меҳнатга тенг, деб ўйлайман. Чунки бу ўта нозик ва мураккаб ишни ўз вақтида ва ернинг ҳолатига мос келадиган даражада сув бериш талаб этилади. Бунинг учун бу ишни биз ҳеч кимга ишонмаймиз. Ва, албатта, бутун оила аъзоларимиз кечаю кундуз бу жараённинг ичида бўламиз. Мана шундагина ернинг шўрини тўла ювиш ва бу орқали тупроқ унумдорлигини ошириш мумкин бўлади.
Контурларнинг йириклаштирилиши қишлоқ хўжалиги техникаси меҳнат унумдорлигини сезиларли даражада оширади. Бунга ҳам алоҳида эътибор берамиз.
Минерал ўғитлар билан маҳаллий ўғитларни қўшиб ерни озиқлантириши ҳамда суғоришни шарбат усулида ўтказиш гектаридан 20-30 центнер қўшимча ҳосил олиш имкониятини бермоқда. Бунинг натижасида фермер хўжалиги ўтган йилнинг ўзида пахтадан 56, ғалладан 112 центнердан ҳосил кўтаришга эришди.
Пахта ва ғалладан бундай ҳосилдорликка эришиш Хоразм шароитидагина эмас, мамлакатимизда ҳам жуда юксак натижа ҳисобланади.
Деҳқон хўжалигимизда йўлга қўйилган ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш технологияси йўлга қўйилган, экин майдони атрофидан унумли фойдаланиш учун дарахтлар экканмиз.
Деҳқончиликда ҳар бир ишни ўз вақтида қилиш жуда муҳим. Уруғни ерга қадаш, суғориш, озиқлантириш ўз вақтида бўлмаса, кутилган натижага эришиш имконсиз. Халқимиз “Вақтинг кетди — нақдинг кетди” деган гапни шунинг учун айтган, деб ўйлайман.
Ҳар йили об-ҳаво турлича келади. Деҳқонда айни шу санада чигит қадаб, мана бу санада ҳосилни йиғиб оласан, деган қатъий тартиб йўқ. Фермер соҳадаги билими, шахсий тажрибасига таяниб, муддатларни тўғри танлай билиши зарур.
Экинлар ҳосилдор, турли касалликларга чидамли бўлиши уруғ навига ҳам боғлиқ. Ўтган йили тажриба тариқасида 60 гектар пахта майдонига маҳаллий навлар билан бирга Хитой навларини ҳам эккан эдик. Хитой чигити ҳашаротдан камроқ зарарланганини аниқладик.
Тажрибани давом эттирган ҳолда бу йил яна икки хил пахта навини экиб кўряпмиз. Турли тажрибаларни синаб кўриш қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига фойда келтиради. Ҳосилдорлик йилдан йилга ортишига хизмат қилади.
Инновацион технологиялар, янги тажрибаларни қўллаб, ҳосил ва даромадини ошириши учун фермерларга барча керакли шарт-шароитлар яратилган. Бундай имкониятдан, албатта, биз — деҳқонлар унумли фойдаланиб қолишимиз зарур. Насиб бўлса, бу йил давлатимиз раҳбари ишончини оқлаб, нафақат ғалла ва пахта хирмонини катталаштириш, балки аграр соҳада янги марраларни забт этишни ўз олдимга бирламчи мақсад қилиб қўйганман.
Ишимизнинг яна бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. Амалга ошираётган ишидан юқори натижага эришиш ҳамиша инсондан ҳалоллик, сабр, бардош, машаққат ва қатъий тартиб-интизомни талаб этади. “Султонбой Хонимжон” фермер хўжалиги айнан ана шу фазилатларни ўзига қоида қилиб олган. Бундай қоидаларга риоя қилиб ишлашнинг эса юксак натижаларга эришишимизда алоҳида аҳамияти бор.
– Хўжалигингиз – кўп тармоқли. Деҳқончилик учун нега айнан мана шу соҳаларни танлаб олгансиз?
– Асосий тармоқларимиз пахта ва ғаллачилик ҳисобланади. Экин майдонларимизнинг асосий қисми шу икки экин билан банд.
Лекин улардан ташқари, чорвачилик, сабзавотчилик, боғдорчилик билан ҳам шуғулланамиз. Масалан, 50 дан зиёд қорамолимиз бор ва уларни янада кўпайтирмоқчимиз. 2 гектар ерда боғ яратдик. Унда 800 тупдан зиёд мевали дарахтлар экилган ва улар ҳосил бермоқда.
Эътибор берган бўлсангиз, фаолият соҳаларимиз бир-бирини тўлдирадиган шаклда танлаб олинган. Масалан, оғирлиги бўйича ғалла билан деярли тенг миқдорда унинг сомони бўлади. Бу эса қорамол учун озуқадир. Сабзавотларнинг пояси ҳам ҳайвонга овқат сифатида ишлатилади.
Хуллас, кўп тармоқли фермер хўжалигида соҳалар тўғри танлаб олинса, бу даромаднинг сезиларли даражада ошишига асос бўлади.
– Янги иш ўринлари яратишга қандай ҳисса қўшяпсиз? Ҳаммаси бўлиб нечта иш ўрни яратгансиз? Хўжалигингиз аъзоларининг даромадлари қандай? Уларга яна қандай моддий ёрдам кўрсатасиз?
– Юқорида айтдимки, фермер хўжалигида 28 нафар доимий иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, йил давомида яна 100 кишини мавсумий ишларга жалб қиламиз.
Ходимларга ойига ўртача 3 млн сўм атрофида маош берилади. Меҳнати натижасига қараб, бундан анча ортиқ иш ҳақи олаётганлар ҳам кўп.
Бундан ташқари, фермер хўжалигидан ишлаётган ходимларга ўзимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан доимий равишда бериб борилади.
– Ҳудудингизда аҳоли фаровонлигини оширишга ҳам ёрдам беряпсиз. Бу борада амалга ошираётган ишларингизнинг кўлами қандай?
– Биз ўзимиз яшаб турган маҳаллада 5 нафар оилани қарамоғимизга олганмиз. Улар фарзандларининг кийим-кечаги, озиқ-овқатига ёрдам бериб келамиз.
Бундан ташқари, фермер хўжалиги томонидан ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан бир нечтасига қорамол берилади. Маҳалладаги саховат ишларида ҳамиша фуқаролар йиғини раисларига ҳам кўмак берамиз.
Рақамлар билан айтадиган бўлсак, фермер хўжалиги 2024 йил даромади ҳисобидан 20 млн сўмдан ортиқ ҳомийлик маблағларини кам таъминланган оилаларнинг болаларига мактаб кийимлари ва ўқув қуроллари олишларига, хонадонларни таъмирлашга, кексаларни саломатлигини тиклаш мақсадида сиҳатгоҳларга йўлланма олиш учун сарфлади. Шунингдек, маҳалла йиғинларида, ўқув масканларида фермерлик ҳаракатига доир тарғибот ишларида фаол иштирок этиб келади.
– Сиз келгусида яна қандай лойиҳаларни ишлаб чиқмоқдасиз ёки режалаштирмоқдасиз? 2024 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар режаларингизга қандай таъсир қилади?
– Келгусида чорвачиликни янада ривожлантириш, сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш манбаларини яратишни режа қиляпмиз. Фермер хўжалигида ҳозирда мавжуд бўлган 15 бош симментал зотли сигир сонини келажакда янада кўпайтириб, аҳолига тоза ва сифатли сут маҳсулотларини етказиб бериш чораларини кўряпмиз.
Негаки, симментал зотли сигирларнинг маҳсулдорлиги ва даромадлик даражаси жуда юқори. Мазкур зотли қорамоллар Швейцария, Италия, Франция, Австрия, Болқон мамлакатларида кенг тарқалган. Улардан олинган биринчи авлод дурагай моллар юқори ўсиш қувватига эга бўлиб, она зотли молларга нисбатан тирик вазни юқори ҳамда гўшт нимталари кам ёғли бўлади. Симментал зотли сигирлар йирик, янги туғилган бузоқларнинг вазни 35-45 кг, 6 ойлигида 190-200 кг вазнга эга бўлади.
Сигирлар вазни 550-600 кг, буқалар вазни 850-1000 кг га етади. Моллар бўрдоқига қўйилганда тез семиради ва юқори сифатли гўшт беради. Ёш моллар жадал парваришлашда ва бўрдоқига боқишда кунига ўртача 800-1100 граммдан семиради.
Мазкур зотли қорамолларнинг сут маҳсулдорлиги ҳам юқори. Уларни озиқлантириш меъёрларига қатъий риоя қилиб боқилса, кунига ҳар биридан ўртача 28-30 литрдан, бир лактация даврида 9-10 тоннадан сут соғиб олиш мумкин.
Давлатимиз томонидан яратилаётган шароитлар бизни янги лойиҳалар устида иш олиб боришимизга рағбат бермоқда. Одамларни иш билан таъминлаш, шароитини яхшилаш ҳар бир тадбиркорнинг давлат ва жамият олдидаги вазифаси, деб ўйлайман.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №4/2025
Изоҳ қолдириш