Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан “Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш миллий мақсадлари: БРМга етиш бўйича эришилган натижалар ва муаммолар” мавзуида Халқаро давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури (БМТТД) кўмагида ўтказилмоқда.
Тадбирда 70 дан зиёд делегатлар, шу жумладан, нуфузли халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг экспертлари иштирок этди. Улар орасида БМТТД, OPHI, ХМТ, ЮНИСEФ, ФАО ва бошқа ташкилотлар вакиллари бор.
Бу галги халқаро давра суҳбати БРМга эришиш йўлида ўтган ярим муддатга белгиланган вазифаларни амалга оширишнинг бориши, шунингдек, миллий БРМга эришишни жадаллаштиришнинг долзарблиги бўйича янги ташаббусларни БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат жамоаси билан ҳамкорликда, халқаро ташкилотлар, масъул вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари экспертлари иштирокида муҳокама қилиш босқичларидан бирига айланди.
Тадбир БРМга етиш йўлида эришилган ютуқларни муҳокама қилиш ва баҳолаш, амалий тажриба алмашиш, жорий мақсадларга аниқлик киритиш ва уларга етишни жадаллаштириш бўйича кейинги чора-тадбирларни белгилаш мақсадида ташкил этилди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори в.б. Консуэло Видаль Брюс хоним, БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий Вакили в.б. Анас Файяд Карман, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимовлар иштирокчиларга табрик сўзлари билан мурожаат қилдилар.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий доимий координатори в.б. Консуэло Видаль Брюс таъкидлаганидек, “БРМ саммити халқаро ҳамжамият, миллий ҳукуматлар, фуқаролик жамиятини ва ривожланиш бўйича шерикларни 2030 йилгача давр учун Кун тартибига эришиш бўйича биргаликдаги глобал саъй-ҳаракатларнинг янги босқичини амалга оширишда ўз мажбуриятларини тиклашга рағбатлантирди. Ўзбекистон ҳам бу жараёнларнинг фаол иштирокчиси ҳисобланади”.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов иштирокчиларни қутлар экан, жорий йилда Ўзбекистон БРМга эришиш йўлининг ярмидан ўтганини нишонлаётганини қайд этди. “Бу эришилган ютуқларни баҳолаш, муҳим тажрибалар билан ўртоқлашиш ва Ўзбекистон учун мақсадларни аниқлаштиришнинг муҳим пайтидир”.
Марказ директори БМТнинг 2030 йилгача Бош кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларига изчил эришилаётганини қайд этган ҳолда, уни мамлакатимиз Президенти етакчилигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистон давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини кўрсатиб ўтди.
Тадбир давомида “2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси” доирасида 2022 йилда бошланган кенг кўламли ислоҳотлар барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсад ва вазифаларга тўлиқ мос келиши экспертлар томонидан қайд этилди.
Иштирокчилар Ўзбекистон барқарор ривожланиш йўлидаги ўзгаришлар дастурини илгари суришда сезиларли муваффақиятларга эришгани ҳам иштирокчилар тарафидан қайд этилди. Бу барқарор ривожланиш мақсадларига мувофиқ равишда давлат ва хусусий молиявий устуворликларни ўзгартиришни ҳам ўз ичига олади.
Шу билан бирга, давра суҳбатида жаҳон иқтисодиётида юз бераётган ўзгаришлар, уларнинг натижасида БРМини молиялаштиришда устувор йўналишларни қайта кўриб чиқиш зарурати туғилаётгани ҳам муҳокама қилинди. Дунёда сақланиб қолаётган таранг вазият эса Ўзбекистоннинг БРМга етиш жараёнини секинлаштириш билан таҳдид солмоқда.
Шу муносабат билан йиғилиш иштирокчилари томонидан БРМга эришишни жадаллаштиришнинг долзарблиги, хусусан, ушбу масалаларни ҳал этиш йўлларини излаш бўйича янги ташаббуслар билан чиқиш зарурлиги билдирилди.
Ўзбекистон барқарор ривожланиш мақсадларини тўлиқ амалга ошириш учун инвестициялар ва технологияларни фаол изламоқда, мамлакат бир вақтнинг ўзида Марказий Осиё мамлакатлари билан яқин алоқаларни мустаҳкамламоқда. Бу саъй-ҳаракатлар бутун минтақада сув, энергетик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги Доимий Вакили в. б. Анас Карман ўз маърузасида шундай деди: “Бизнинг барқарор ривожланиш мақсадларига содиқлигимиз рақамлар билан чекланмайди. У аввало одамларнинг фаровонлигини оширишга интилишдир. Шуни эсда тутайликки, БРМларга эришиш йўли нафақат мақсадларга эришишда, балки ривожланишнинг моҳиятини ўзгартиришдадир”.
“Биз барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлининг ярмидан ўтар эканмиз, зарур тузатишлар киритишга эҳтиёж мавжуд. Бу хусусий секторни янада тараққий эттириш учун ривожланган мамлакатлар томонидан ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш, давлат-хусусий шериклик ва биргаликда молиялаштириш дастурларини рағбатлантириш кабиларни ўз ичига олади”, – дея хулоса қилди Марказ директори.
Изоҳ қолдириш