Давлат солиқ қўмитасида Хитой Халқ Республикасининг солиқ соҳасига илғор дастурий таъминотларни ишлаб чиқувчи “Huawei” ва “CEIEC” компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон солиқ тизимига рақамли технологияларни жорий этиш ва давлат солиқ хизмати органлари учун ягона ахборот платформасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, солиқ соҳасида автоматлаштирилган хизматларнинг жорий этилиши солиқ тўловчилар учун қулайликлар яратиб, солиқ ҳисоботларини тўғри тўлдириш, солиқ тўловларини ўз муддатидан кечикмай амалга ошириш ва шаффоф солиққа тортиш тизимидан фойдаланиш имконини беради.
Шу билан бирга, солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлашдан бўйин товлаш, даромадларни яшириш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Меҳмонлар ХХР солиқ тизими учун “Huawei” ва “CEIEC” компаниялари ҳамкорлигида амалиётга жорий қилинган “Golden tax” ягона ахборот платформасининг афзалликлари билан биргаликда, ўтган йиллар давомида дуч келинган камчиликлар ва Хитой тажрибаси асосида уларни бартараф этиш йўллари хусусида маълумот беришди.
Учрашув давомида “Golden tax” тизимининг ишлаш механизмига доир тақдимот намойиш этилди. Маълум бўлишича, 35 млн. юридик шахс ва 500 млн. жисмоний шахсларни ўз ичига олган улкан Хитой солиқ тизими учун 2 та йирик ва 36 та ҳудудий маълумотлар маркази томонидан автоматлаштирилган турли электрон хизматлар кўрсатилади.
Солиқ тўловчилар учун солиқ органларига бормаган ҳолда, ўзларига қулай бўлган вақтда, онлайн усулда махсус қурилмалар ва мобил иловалар ёрдамида солиқларни тўлаш имконияти яратилган.
Учрашув якунларига кўра, давлат солиқ хизмати органларида мавжуд дастурий таъминотни таҳлил қилиб, замонавий талабларга жавоб бера оладиган ягона ахборот платформасини жорий этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади.
Изоҳ қолдириш