Ҳозирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари ва экспертлар томонидан янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси қизғин муҳокама этилмоқда.
Шу вақтга қадар амалиётда товарлар ва хизматларни сотиб олувчилар томонидан қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланмайдиган етказиб берувчилардан олинган ҳисоб-фактуралар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ҳолатлари учрамоқда. Яъни қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлмаганлар корхоналар томонидан сохта ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилмоқда.
Мисол учун, “А” корхона томонидан 2019 йилнинг сентябрь ойи учун тақдим этилган ҚҚС ҳисоботларида ҚҚС тўловчиси бўлмаган ва гувоҳномага эга бўлмаган “Б” корхонадан харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича 29,3 млн. сўмлик ҚҚС суммасини ҳисобга олинганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан амалга оширилган назорат тадбирлари натижасида “А” корхона томонидан асоссиз ҳисобга олинган ҚҚС суммасини чиқариб ташлаган ҳолда қайта ҳисобот тақдим этилган.
Бу каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар томонидан контрагентларни танлаш чоғида “лозим даражада эҳтиёткорлик” тушунчаси қўшилмоқда.
Унга кўра, солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича амалга оширилган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи томонидан лозим даражада эҳтиёткорлик қилинмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида эътироф этилмайди.
Контрагентларни танлашда cолиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини текшириш, ишлаб чиқариш базасини ўрганиш, молиявий ҳолатини текшириш талаб этилади.
Изоҳ қолдириш