Солиқ қўмитаси ўтган даврлар учун ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш имкониятини тақдим этди

Солиқ қўмитаси ўтган даврлар учун ҳисобварақ-фактураларни шакллантириш имкониятини тақдим этди

Давлат солиқ қўмитаси томонидан жорий йилнинг 10 мартигача ўтган даврлар учун ҳисобварақ-фактурани шакллантириш имконияти берилади, дейилади ДСҚ берган хабарда.

Ҳисобварақ-фактура – товарлар ҳақиқатда жўнатилганлигини ёки хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Ушбу бирламчи ҳужжатсиз товарларни (хизматларни) юклаб жўнатиш ва кирим қилиш солиққа оид ҳуқуқбузарлик (солиқ базасини яшириш) ҳисобланади.

Амалдаги қонунчиликка асосан ҳисобварақ-фактура товарлар жўнатилган (хизматлар кўрсатилган) календарь ойида тақдим этилиши шарт.

Давлат солиқ қўмитаси жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб ўтган даврлар учун ЭҲФларни расмийлаштириш бўйича барча чекловлар бекор қилинишини маълум қилади.

Шу билан бирга Солиқ кодексининг 223-моддасига асосан Солиқ базасини яшириш, яъни товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум суммасини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик - яширилган солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантиради.

Тадбиркорлик субъектларидан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, Давлат солиқ қўмитаси томонидан жорий йилнинг 10 мартигача ўтган даврлар учун ҳисобварақ-фактурани шакллантириш имконияти берилади.

Бунда, Солиқ кодексининг 83-моддасига асосан расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактуралар асосида солиқ ва молиявий ҳисоботларга зарур тузатишларни киритиш ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиш лозим бўлади.

Тадбиркорлик субъектлари ўтган давр учун расмийлаштирган ҳисобварақ-фактуралар Хавфни бошқариш автоматик тизими орқали таҳлил қилиниб, қалбаки битимлар тузиш ёки ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга ошириш орқали солиқни тўламаслик (камайтириш) ҳолатлари аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари ҳисобга олинган ҚҚС суммасига тузатиш киритиш ҳуқуқига эга эканлигини эслатиб ўтамиз. (Солиқ кодексининг 14,15 ва 266-моддалари).

Ўтган даврлар учун мунтазам равишда ёки кирим қилинмаган маҳсулотлар учун ҳисобварақ-фактура расмийлаштирган солиқ тўловчилар (сотувчи ва харидор) юқори хавф гуруҳига киритилади ва уларга нисбатан солиқ назорати тадбирлари ўтказилади. (Вазирлар Маҳкамасининг 07.01.2021 йилдаги 1-сон қарори).

Давлат солиқ қўмитаси барча тадбиркорлик субъектларидан ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш борасида берилган имкониятни суиистеъмол қилмасдан ундан тўғри ва унумли фойдаланишларини сўрайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар