Наманган вилоятида ўтказилган сайёр қабулда электр токи, газ, йўл ва яна бир қанча муаммолар ўз ечимини топди

Наманган вилоятида ўтказилган сайёр қабулда электр токи, газ, йўл ва яна бир қанча муаммолар ўз ечимини топди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идора раҳбарлари иштирокида Наманган вилояти аҳолиси учун сайёр қабуллар ташкил этилди.

Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларида ташкил қилинган сайёр қабулларда асосан суд-ҳуқуқ, уй-жой ва моддий ёрдам ажратиш, газ, электр энергияси таъминоти, йўллар таъмири, меҳнат ва бандлик каби масалаларда мурожаатлар келиб тушди. Ички ишлар, банк, прокуратура, соғлиқни сақлаш, кадастр сингари соҳалар бўйича ҳам мурожаатлар кўп бўлди.

Мулоқотлар давомида турли соҳа мутасаддилари қатор мурожаатларни жойига чиқиб ўрганди.

Чортоқ тумани “Оромгоҳ” маҳалласида жойлашган 49-умумтаълим мактабида компьютер етишмас, интернет тармоғи йўқ, атрофдаги йўллар эса таъмирталаб эди. Бу уч муаммони тегишли соҳалар мутасаддилари бирга ўрганиб, бирга ҳал қилиб беришди. Дейлик, Халқ таълими вазири ўринбосарининг ўрганишларидан сўнг мазкур 49-мактабга 16 дона компьютер жамланмаси, бадиий адабиётлар тўплами, спорт анжомлари етказиб берилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари эса 7 км. оптик толали алоқа тармоғи тортилиши ва мактабнинг интернет тармоғига улаб берилишини, Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари эса мактаб атрофидаги 1,5 минг квадрат метр йўлакда асфальтлаб берилишини таъминлади.

Халқ таълими вазири ўринбосарига мурожаатлардан сўнг Поп ва Чуст туманларидаги иккита мактабни реконструкция қилиш масаласи келгуси йилги дастурларга киритиладиган бўлди, 6 нафар мурожаатчи халқ таълими тизимида иш бошлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосарига мурожаатлар асосида 12 та хонадонга интернет тармоғи тортилди. Ўтган галги сайёр қабулларда Учқўрғон тумани “Қўрғонтепа”, “Пахтачи”, “Бирлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисидан “4G” тезликдаги интернет тармоғини ўрнатиш борасида мурожаатлар келиб тушган эди. Ўрганишлардан сўнг бу ҳудудда кенг қамровли таянч станцияси ўрнатилди. 7 км. оптик толали алоқа тармоқлари тортилиб, 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим ташкилотлари интернетга уланди.

Бу галги сайёр қабуллар жараёнида эса ҳудуддаги 10 мингдан зиёд аҳолига кўчма савдо шохобчалари орқали “Ўзмобайл” миллий операторининг мобиль алоқа карталарини етказиб бериш йўлга қўйилди.

Автомобиль йўллари қўмитасига мурожаатлар асосида Чуст, Тўрақўрғон, Учқўрғон, Чортоқ туманларида 1,8 км. дан зиёд йўл асфальт қилинди, 3,6 км. чанг-лой кўчалар тош йўлга айлантирилди, 1,5 км. йўл таъмирланди. Жумладан, Чортоқ туманидаги мана бу маҳаллага “Нурафшон”, кўчага эса “Обод” деб ном қўйилган.

Маҳалла аҳли сайёр қабулга келиб мурожаат қилгач, “Нурафшон” маҳалласининг “Обод” кўчасига – 1,6 км. йўлга тош-шағал тўшалди. Маҳаллада мана шундай аҳволдаги яна тўртта кўчани икки кун ичида тўлиқ шағаллаш бўйича режа белгилаб олиниб, ишга киришилди.

Худди шундай мурожаатлар асосида Учқўрғон туманидаги “Истиқлол” маҳалласи Миришкор кўчасининг 1,1 км. қисми шағалланди, “Обод” маҳалласидаги Яккатут кўчасида эса асфальтлаш ишлари бошланди.

Сайёр қабулларда аҳолининг энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари –электр энергияси, газ, кўмир, ичимлик суви таъминотидаги қатор муаммолар ҳам ҳамжиҳатликда ҳал қилиб берилди. Дейлик, Чортоқ тумани “Дўстлик” маҳалласи аҳолиси ўн-ўн беш йилдан буён электр таъминотидаги узилишлар гирдобида кун кечириб келарди. Симёғочлар эскирган, трансформатор қуввати паст – хонадонлардаги электр чироғи шамчироқдан деярли фарқ қилмай қолган эди. “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раиси ўринбосарига мурожаатлардан сўнг маҳаллага қўшимча 250 киловатли трансформатор ўрнатилди. Кўчадаги темир-бетон таянчларни янгилашга киришилди.

Ёки чегарадош ҳудудда жойлашган Учқўрғон тумани “Обод” маҳалласидаги электр тармоғи деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган, ёлғондан шамол турса, чиндан чироқ ўчиб қоларди. Қишли қировли кунларда ҳатто телевизор кўриш ҳам муаммога айланган эди. Маҳалла аҳлининг мурожаатидан сўнг бу ерда ҳам катта қувватли янги трансформатор, темир бетон таянчлар ўрнатилиб, 2,7 км. тармоқ тортиш ишлари бошланди.

Чортоқнинг Алихон адирликлари бағрида жойлашган “Деҳқонобод” қишлоғи аҳолисини эса ичимлик суви муаммоси бир неча йилдан буён қийнаб келарди. Сайёр қабулдаги мурожаатдан сўнг бу масала ҳам ҳал этиладиган бўлди. Амалий ишлар эса бошлаб юборилди.

“Ҳудудгазтаъминот” АЖ раиси ўринбосарига мурожаатлардан сўнг эса аҳолига 6 минг 745 дона газ баллонида 134,7 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди, 15 та маҳалланинг табиий газ босими меъёрига келтирилди. Ўзбекистон темир йўлларининг “Кўмир таъминот” корхонаси масъулларига мурожаатлардан сўнг эса эса 40 та оилага 66 тонна, 12 та маҳаллага 150 тонна кўмир маҳсулотлари етказиб берилди. Дейлик, Учқўрғоннинг “Ёрқин ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шавкат Қўчқоровнинг мурожаатидан сўнг ҳудуддаги Гулшан, Самарқанд, Низомий кўчаларидаги хонадонлар кўмир билан таъминланди.

Суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлар ҳам қонунийлик ва адолат тамойиллари асосида кўриб чиқилди. Олий суд ўринбосарига мурожаатлар асосида ўтказилган сайёр суд мажлислари якунида 40 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Маданият вазирлиги масъулларига мурожаатлар асосида абгор аҳволдаги 7 та маданият маркази келгуси йилги дастурларга киритиладиган бўлди. Кадастр агентлиги масъуллари 40 нафар мурожаатчининг кадастр йиғма жилдларини расмийлаштириб берди. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарига мурожаатлардан кейин 16 нафар мурожаатчига даволаниш учун ордер, қарийб 30 нафар мурожаатчига протез-ортопедия буюмлари берилди.

Чуст, Тўрақўрғон, Чортоқ ва Учқўрғон туманларидаги сайёр қабулларда 1 минг 878 та мурожаат асосида 1 минг 929 та масала кўриб чиқилди. Уларнинг 1 минг 167 тасига жойида ечим топилди, 177 та мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 585 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб назоратга олинди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар