Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари (МИХ) биринчи марта эълон қилинди. Бу кўрсаткич камбағаллик чизиғини аниқлаш ва аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш учун ишлатилади.
МИХ киши бошига ойига 440 минг сўмни ташкил этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, иқтисодчи Нодир Жумаев минимал истеъмол харажатлари учун нега ўзгарувчан ёки тўлқинли, балки қатъий оптимал қиймат белгиланиши хусусида изоҳ берди.
Маълумки, коронавирус пандемияси мамлакатимиз учун ҳам ҳақиқий синовга айланди. Бундай мураккаб ҳолат иқтисодий фаолликка, одамларнинг рўзғорига, ижтимоий ҳаёт тарзига жиддий таъсир ўтказди. Айниқса, бундай шароитда меҳнатга лаёқатсиз, вақтинча ишсиз қолган, даромад манбасини йўқотган ва оғир аҳволда кун кечираётган аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларга ёрдам қўлини чўзиш долзарб вазифа ҳисобланади.
Ўтган қисқа даврда Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимоясига бўлган ёндашув тубдан ўзгаргани ана шундай оғир даврни енгиб ўтишда ҳал қилувчи аҳамият касб этяпти.
Хусусан, юртимизда камбағаллик даражаси юқори бўлган қишлоқларга вазирлик ва идоралар бириктирилиб, муҳтожларга кўмаклашиш тизими яратилди, оилавий тадбиркорлик, томорқачилик ва кооперацияларни ривожлантириш бўйича самарали ишлар олиб бориляпти.
Хўш, минимал истеъмол харажатлари учун нега ўзгарувчан ёки тўлқинли, балки қатъий оптимал қиймат белгиланмоқда? Нега уни ошириб ёки камайтириб бўлмайди?
Биринчидан, бу борада ягона эталон яратилиши давлат ижтимоий сиёсат самарадорлигини таъминлаб беради. Шу асосда нафақалар кўринишидаги манзилли ёрдамнинг аҳолининг энг муҳтож ва заиф қатламларига етиб боришига эришилади. Пировардида кўмакка ҳақиқатдан ҳам муҳтож қатламлар қўллаб-қувватланади.
Айримларда “Агар ёрдам миқдори энг мақбул қийматидан юқори қилиб белгиланса-чи?” деган савол туғилиши ҳам мумкин. Агар шундай қилинса, у ҳолда ушбу ёрдамни олишни истайдиганлар (кўмакка муҳтожлар назарда тутилмаяпти) сони кескин кўпаяди ва бу ўз навбатида аҳоли ўртасида боқимандаликни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчидан, бу борада имтиёзлар солиқ тушумлари ҳисобидан тўланишини ҳам инобатга олиш зарур. Имтиёзлар қанча кўпайтирилса, бу солиқларни шунча оширишни тақозо этади. Бу эса жамоатчилик орасида норозиликни кучайишига олиб келиши мумкин. Солиқ йиғишнинг ҳозирги даражаси билан банд аҳолининг атиги 35 фоизи даромад солиғини тўлайди, холос.
Мазкур омилларнинг ўзиёқ минимал истеъмол харажатларининг оптимал қиймати белгиланганлиги нақадар оқилона ечим эканлигини англатади.
Умуман олганда, шу асосда минимал истеъмол харажатларини амалиётга жорий этишга тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, энг кам пенсия ва нафақа миқдорларини уларнинг таркибига нон ва ун учун компенсация пулини қўшган ҳолда босқичма-босқич қайта кўриб чиқиш бошланди. Шу мақсадда жорий йил 1 июлидан бошлаб белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсия ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилмоқда.
Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига бу каби манзилли ёндашув эса ўзининг оптималлиги, халқона айтганда, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмаслиги билан аҳамиятлидир.
Мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликка қарши кураш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиляпти. Ушбу долзарб вазифани амалга оширишда ҳар бир ижтимоий қатлам бўйича алоҳида ёндашув янада кенгайтирилмоқда.
Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” механизми қисқа вақт ичида ўз самарасини кўрсатгани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Ўз навбатида, аҳолининг реал даромадлари, иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва бошқа тўловлар миқдорини ҳудудлар кесимида “Истеъмол саватчаси”га мутаносиблигини босқичма босқич таъминлаш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ишлар олиб бориляпти. Бунинг учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ҳамда институционал база замон талабларидан келиб чиқиб такомиллаштирилмоқда.
Бугунги кунда ушбу соҳада халқаро экспертларни жалб этган ҳолда чуқур таҳлил асосидаги ҳисоб-китоблар давом эттирилмоқда. Бунда аҳолининг минимал истеъмол харажатлари миқдорини белгилаш асосий вазифа ҳисобланади.
Хўш, у қандай ҳал этиляпти?
Аввало, қайд этиш жоизки, бу борадаги дунё тажрибаси чуқур ўрганилди ва уларнинг орасидан Жаҳон банки кўмагида илмий тан олинган метод танлаб олинди. Яъни эндиликда республикамизда камбағаллик чизиғи минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб белгиланади. Бундай усул Латвия, Озарбайжон каби давлатларда амалда муваффақиятли қўлланиб келинаётгани ҳам инобатга олинди, албатта.
Бу борада минимал калория истеъмоли (Ҳиндистон, Покистонда), ўртача даромадга нисбатан (одатда 30 — 60 фоиз, Европа Иттифоқида) ҳисоблаш тизимлари таҳлил қилинганини ҳам қайд этиш жоиз.
Якунда эса айтиб ўтганимиздек, нуфузли халқаро молия ташкилоти тавсияси билан Ўзбекистон шароитларига мос тушадиган энг мақбул мезон қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш