Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ҳукумат олдига бир неча савол қўйдилар:
- корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими?
- четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими?
Президентимиз фикрларини давом эттириб, «Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди», деб алоҳида таъкидладилар.
Шу кеча-кундузда республикамиз учун рақобат ва монополия ўртасидаги муносабатлар замонавий иқтисодиёт ва давлат иқтисодий сиёсатининг долзарб муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, давлатнинг антимонопол сиёсати ўнлаб йиллар давомида шаклланган ва иқтисодий муҳитнинг ўзгарувчанлиги туфайли доимий такомиллашиб боришни талаб қилади. Демак биз ҳам, жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, монополияга қарши курашда «қатъий чоралар кўриш»имиз керак.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, умуман олганда, ҳар қандай соҳага, масалан, энергетика тизими корхоналарнинг энергия сотиш фаолияти билан боғлиқ қуйидаги асосий муаммоларга эътибор қаратайлик:
- электр энергетика компанияларининг истеъмолчилар билан муносабатлари дунёда қабул қилинган стандартлардан узоқлиги;
- энергия истеъмолчиларига мунтазам равишда дебиторлик қарзлари мавжудлиги;
- истеъмолчи билан коммуникация сиёсатининг йўқлиги ва истеъмолчилар манфаатларига эътибор бермаслиги ва бошқалар.
Афсуски, бу каби муаммолар кўпгина йирик компанияларимизга хосдир.
Буларнинг барчаси йиллар давомида иқтисодиётимизда монополистик тенденциялар шаклланиши ички бозорнинг тузилиши ва бозор муносабатларини тўла шаклланмаслигига ҳамда ички монополияга қарши қонуннинг номукаммаллигини натижасидир.
Бу дегани, монопол корхоналар учун ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ривожланишнинг асосий воситаси эмас. Бундан биз аянчли хулоса чиқаришимиз мумкин:
- монополист корхона тақдим этилаётган хизматлар сифатини яхшилашга интилмайди, ходимларнинг профессионаллигини оширишга маблағ киритмайди, табиийки булар барчаси корхона томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатига салбий изини қолдиради.
Сифатсиз хизмат учун истеъмолчилар ҳам тўловларни амалга оширишда шошилмайдилар. Оқибатда, молиявий беқарорлик тизим корхоналарини ишлаб чиқариш фаолиятини қийинлаштиради. Хизматни қимматлашишга олиб келади. Энг ёмони капитал қўйилмаларнинг тизимга киритмаслик соҳада зарур инновацион жараёнларни амалга оширишга, таъминот учун тўловларни амалга оширишга, мавжуд бўлган асосий воситаларга тўлиқ хизмат кўрсатишга ва ҳоказоларга имкон бермайди.
Бундан молиявий «танқис» ҳолатларда монопол тизим корхоналари нима қилишлари мумкин, аввало, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш ҳажмини модернизация қилишни чеклаш, ўз харажатларини «камайтириш» га мажбур қилмоқда, яъни фақат энг зарур ишлар бажарилади. Бу, ўз навбатида, техник носозликлар туфайли йўқотишлар билан боғлиқ қуйидаги йўқотишларнинг «занжирли реакция»ни келтириб чиқаради.
Демак, монополлашган иқтисодиётда иқтисодий инқироз янада ҳалокатли оқибатларга олиб келади, чунки бозорнинг мослашувчанлиги пасаяди.
Мақсадда ўзгариш қилиш керак, яъни фаолият истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланишни назорат қилиш, энергия тежаш ва шу билан харажатларни камайтириш учун эмас, балки истеъмолчи қувватидан фойдаланишни оптималлаштиришга қаратилиши лозим.
Модомики, бу монополия орқали иқтисодиётнинг барча муҳим соҳалари шунчаки рақобатдан қочар экан, бошқа қўшимча тартибга солиш ваколатларини муҳокама қилиш меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш самарасиз, деб ҳисоблайман.
Рақобатни ривожлантириш учун миллий иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни кенгайтиришимиз керак. Биз тўлақонли рақобат муҳитини яратиш учун монополиялар билан курашда қатъий бўлиб, монопол компанияларни «парчалаб», активларини бозорга олиб чиқишимиз керак.
Изоҳ қолдириш