2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб мамлакатимизда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият бироз бўлса-да барқарорлашганлиги муносабати билан босқичма-босқич жорий этилган карантин чекловлар бекор қилиниб, ижтимоий ва иқтисодий соҳалар фаолияти тикланди.
Концерт-томоша тадбирларини жорий йилнинг 28 январидан бошлаб санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда ташкил этишга рухсат берилди.
Республика махсус комиссиясининг қарори билан концерт ва томоша тадбирларини ўтказиш бўйича қуйидаги талаблар белгиланди:
- концерт саройларининг томошабин сиғимини инобатга олган ҳолда томошабинлар сонини 50 фоиздан оширмаган ҳолда ташкил этиш;
- концерт саройларининг томошабин ўриндиқларидан оралиқ масофани сақлаган ҳолда фойдаланилишини таъминлаш ва бу борада оралиқ масофани сақлаш учун талаб этиладиган ўриндиқларни консервация қилиш;
- концерт саройларига ташриф буюрувчи томошабин ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар қатъий ниқобда (маскада) бўлиш.
Шунингдек, ушбу қарор билан Республика махсус комиссиясининг умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектлар томонидан соат 8:00 дан 23:00 гача бўлган даврида фаолият юритиши билан боғлиқ бўлган чекловлар бекор қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг “Тунги вақтда фаолият юритувчи умумий овқатланиш корхоналари ва кўнгилочар объектларда жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2019 йил 24 июлдаги 624-сон қарори талаблари доирасида фаолиятни ташкил этилишига рухсат берилди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирда дунёнинг қатор мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашуви натижасида карантин ҳаттоки ижтимоий ва иқтисодий соҳалар фаолиятини тўхтатиш каби чекловлар ҳамон давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш