Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга яна 200 млн доллар кредит ажратиши мумкин

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга яна 200 млн доллар кредит ажратиши мумкин

Энергетика вазирлиги «Электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси бюджетини қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитини жалб қилиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Лойиҳага кўра, 2020 йил 14 августда Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида кредит шартномаси музокаралари ўтказилганлиги, шунингдек, 2020 йил 28 сентябрда ОТБ директорлар кенгаши томонидан электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 3 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда 15 йил муддатда қайтариш шарти билан 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит (Policy Based Loan) ажратилишини кўриб чиқади.

Белгилаб қўйилишича:

  • ОТБ кредити Ўзбекистоннинг республика бюджети харажатларини ҳамда қисман «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш» лойиҳасини молиялаштириш учун ажратилади;
  • Молия вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, ОТБ томонидан ажратилган кредитдан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан ижро этувчи орган ҳисобланади;
  • ОТБ асосий кредитини сўндириш, шунингдек, улар бўйича фоизлар, мажбурият учун тўловларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Молия вазирлиги электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда бюджетни қўллаб-қувватлаш (Policy Based Loan) учун ОТБ томонидан ажратилган кредит ҳисобидан «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятига лойиҳани молиялаштиришга 82 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни, ўн беш йил муддатга уч йиллик имтиёзли даври билан олти ойлик LIBOR+1,25 фоиз (бунда 0,75 фоиз Молия вазирлиги устамаси) тўлаш шарти билан кредит ажратади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш, Молия вазирлиги томонидан ажратилган кредитдан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши юзасидан масъул орган этиб белгиланади.

Ўзбекистон молия вазирига электр энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон бюджетини қўллаб-қувватлаш учун ОТБнинг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги (Policy Based Loan) кредитини жалб этиш учун Ўзбекистон ва ОТБ ўртасида қарз битимини Ўзбекистон номидан имзолаш ваколати берилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар