Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизимининг фавқулодда вазиятларига, шу жумладан, коронавирус пандемиясига чидамлилигини ошириш учун 100 млн долларлик кредитни маъқуллади, деб хабар берилади банк сайтида. Лойиҳа доирасида COVID-19га қарши самарали жавоб бериш (диагностика ва реакция) ҳамда тест ўтказиш тизимларини такомиллаштириш режалаштирмоқда.
"COVID-19 пандемияси ривожланаётган эпидемиологик сценарий ва даволаш усуллари билан фавқулодда миқёс ва характерга эга. Мамлакат соғлиқни сақлаш тизимининг сифати, хавфсизлик стандартлари, протоколлари ва хизматларини яхшилаш орқали мазкур лойиҳа Ўзбекистон аҳолисини Covid-19 ва келажакда саломатликка таъсир қилиши мумкин бўлган таҳдидлардан ҳимоя қилишга ёрдам беради", деди ОТБ вице-президенти Шисинь Чен
Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа ОТБ томонидан мамлакатга ажратилаётган қўллаб-қувватлаш комплекс пакетининг бир қисми ҳисобланиб, у ҳукуматнинг инқирозга қарши чора-тадбирлари ва жорий техник ёрдам учун 500 млн доллар миқдоридаги қарзни ҳам ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (АИИБ) ушбу лойиҳа учун 100 миллион доллар миқдорида, Ўзбекистон ҳукумати эса қўшимча 57 миллион доллар миқдорида маблағ ажратади.
Лойиҳа доирасида мамлакат бўйлаб 38 та лабораторияда тиббиёт ходимлари учун хавфсиз ишлаш шароитларини ташкил этиш, уларни индивидуал ҳимоя ва бошқа тиббиёт буюмлари билан таъминлаш учун таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда, 80 фоиздан ортиғини аёллар ташкил қилувчи тиббиёт ходимлари ва касалликни юқтириш хавфи юқори бўлган муассаса ходимларига диагностика хизматларидан фойдаланишда устуворликлар тақдим этилади.
Лойиҳа доирасида эпидемиологик кузатув ва COVID-19га жавоб беришнинг рақамли миллий тизими яратилади. У маълумотларни ёш ва жинсга ажратган ҳолда тақдим этиш имкониятини беради.
"Бу Ўзбекистонга COVID-19 билан боғлиқ ҳолатларини аниқлаш ва контактларни кузатиш, скрининг, тестдан ўтказиш, яккалаш ва мамлакат бўйлаб тарқалишининг олдини олиш имкониятларини кенгайтиради", дея таъкидланади хабарда.
Шунингдек, лойиҳа тиббий протоколларни ишлаб чиқиш ва эълон қилиш, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг беморларни даволайдиган бирламчи бўғини ва шахсларини ўқитиш, COVID-19 касаллигининг потенциал ҳолатларини аниқлаш ва уларга мос келувчи тавсияларни тақдим этишда ёрдам беради. Скрининг ва лабораторияларда намуналарни тўплаш ва ташиш билан боғлиқ жараёнлар кучайтирилади.
16 та COVID-19 даволаш маркази, жумладан, юқумли касалликлар бўйича 14та минтақавий касалхона ва иккита миллий даражадаги касалхона таъмирланади. Ушбу касалхоналардаги жиҳозлар модернизация қилинади. Бунда, марказларда интенсив даволаш бўлимлари кенгайтирилади ва қўшимча тез ёрдам автомобиллари билан таъминланади. Шу билан бир қаторда, ходимлар инфекцияларни профилактика ва назорат қилиш, хавфсизлик ва беморларга сифатли хизмат кўрсатиш бўйича ўқитилади.
Таъкидланишича, лойиҳани амалга ошириш зудлик билан бошланади ва 2022 йилнинг июль ойида якунланиши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги лойиҳани бажарувчи органлар этиб кўрсатилган.
Изоҳ қолдириш