Биринчи чорак якуни билан ялпи ички маҳсулотимиз 8,7 фоизга, саноат 8 фоизга, хизматлар 16,1 фоизга, қишлоқ хўжалиги 5,1 фоизга ўсди. Экспорт 5,8 миллиард долларни, хорижий инвестиция ҳажми эса 13,7 миллиард долларни ташкил қилди. Инфляция йиллик ҳисобда биринчи марта 7,1 фоизгача пасайди.
Буларнинг ҳисобига январ-март ойларида буджет даромадлари ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпайиб, 103 триллион сўмга етди. Маҳаллий буджетларда қўшимча 2 триллион 200 миллиард сўм маблағ шаклланди. Муҳими, шундан 1 триллион 400 миллиард сўм туман ва шаҳарлар ихтиёрида қолди.
Келаси ойда умумий қиймати 2 миллиард 400 миллион долларлик давлат активларининг 30 фоизини илк бор халқаро фонд бозорларига чиқариш режалаштирилган. Бу жараён Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилгани ҳамда 13 та стратегик корхона бошқаруви нуфузли Franklin Templeton компаниясига берилгани билан боғлиқ.
Халқаро валюта жамғармаси эълон қилган ҳисоботда юқори иқтисодий фаоллик орқали Ўзбекистон кучли ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолаётгани қайд этилди.
Президентимиз яна бир кўрсаткичга эътибор қаратди: жорий йил юртимиз нуфузли “Иқтисодий эркинлик индекси”да 14 поғона юқорилаб, илк бор “иқтисодиёти мўътадил эркин” давлатлар қаторидан жой олди.
Бу йил банклар орқали кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 140 триллион сўм берилмоқда. Масалан, кичик бизнесга берилган ҳар 1 миллиард сўм кредит ҳисобига Ширин шаҳрида 20 та, Учқудуқда 17 та, Хонобод ва Сўхда 14 тадан, Томди туманида 13 та доимий иш ўрни яратилган.
Соҳа масъулларига туман банкирларини сунъий интеллектга ўқитишни бошлаш, банкларда “Сунъий интеллект маслаҳатчиси” платформасини ишга тушириш топширилди. Бу платформа тадбиркорларга кредит олиш учун лойиҳанинг параметри, рисклари, бозордаги талабни сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тайёр ечимларни бериши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш