Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилди.
Лойиҳа ташаббускорлари Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Энергетика вазирлиги ҳисобланади.
Таъкидланишича, лойиҳани ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон қилиб олинган. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда.
Қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб республика бўйича нархлар ижтимоий норма асосида белгиланади, яъни белгиланган миқдордан кўпроқ ишлатилган газ ва электр учун икки ва ундан кўпроқ миқдорда тўлов амалга оширилади.
Эслатма: электр энергиянинг амалдаги нархи — 295 сўм, газ — 380 сўм, суюлтирилган газ (1 кг) — 1120 сўм.
Электр энергияси
Аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача — 325 сўм, бундан юқори ҳар 1 кВт соат учун — 650 сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
Мисол учун, таклиф этилаётган табақалаштирилган нархларда 250 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгачани, 300 кВт соатгача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгачани ва 400 кВт соатгача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек, 1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 800 сўм, бошқа юридик шахслар учун — 600 сўм этиб белгиланади.
Табиий газ
Аҳоли учун 1 куб метр табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача — 410 сўм, бундан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача — 410 сўм, ундан юқори ҳар 1 куб метр учун — 1 200 сўм этиб белгилаш назарда тутилмоқда.
Масалан иситиш мавсумида 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1000 куб метргача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача, 300 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгачани ташкил қилади.
1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1 200 сўм, ИЭСлар учун — 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун — 1 150 сўм бўлади.
Суюлтирилган газ
Суюлтирилган газ эса аҳоли учун — 1600 сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилишини ҳисобга олсак, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ корхоналари суюлтирилган газни туман ҳокимликлари билан биргаликда тасдиқланган графикларга мувофиқ аҳолига кунма — кун етказиб беришни таъминлайди.
2023 йилдан белгиланадиган нархлар
Лойиҳада шунингдек, корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун «перспектив мўлжал»ни кўрсатиш мақсадида 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда.
Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилади:
Электр энергияси бўйича:
- Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нарх сақлаб қолинади;
- қолган юридик шахслар учун — 700 сўм.
Табиий газ бўйича:
- иссиқлик электр станциялари учун — 1 200 сўм;
- Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун — 1 350 сўм;
- автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун — 1 400 сўм;
- қолган юридик шахслар учун — 1 350 сўм этиб белгилаш.
2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.
Жамоатчилик муҳокамаси 15 июнгача қадар давом этади.
Шуни ўринда таъкидлаб ўтишимиз керакки, энергетика тизими барчамизники, ҳукумат якка ўзи бу соҳани молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб туриши самарасиз ҳисобланади, чунки юзага келган қарздорлик яна бюджетга юк бўлади.
Газ ва электр энергиясига берилаётган давлат томонидан ажратилаётган субсидиялар ушбу соҳанинг ривожига, инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиб, охир-оқибатда истеъмолчиларга етарли даражада хизмат кўрсата олмасликка сабаб бўлмоқда.
Электр энергияси ва табиий газ истеъмолига ўрнатилган тарифлар бўйича тўланаётган маблағлар барча харажатларни тўлиқ қопламаслиги ортидан давлат томонидан субсидиялар билангина соҳанинг молиявий барқарорлиги ушлаб турилмоқда. Аммо бу инвестициялар аҳолига барқарор электр энергияси ва табиий газни етказиб бериш муаммоларини ечишга хизмат қилмаяпти.
Бунинг натижасида аҳолимиз ва тадбиркорларимиз электр энергияси ва табиий газ узилишларидан азият чекишмоқда.
Газ ва электр энергияси истеъмоли ҳажми инсоннинг даромадига боғлиқ: бир хонали квартирада олтита лампочка қаерда-ю, данғиллама ҳовлисида иситиладиган бассейни бўлса қандай. Шунингдек, шаҳарларда ва узоқ қишлоқ ҳудудлардаги фарқлар жуда катта, ахир биз барчамиз шу юртнинг фуқароларимизку. Яна бир жиҳати, давлат томонидан ажратилаётган субсидияларнинг катта қисми ўзига тўқ, бой қатлам томонидан истеъмол қилинмоқда. Ўрганишлар давомида аниқландики, истеъмолчилар орасида бир неча ўн минг киловатт истеъмол қилаётган хонадонлар ҳам учрамоқда.
Тарифларнинг оширилиши маблағларни энергетика соҳаси инфратузилмасини яхшилашга – электр ва газ узатиш тармоқларини янгилаш, мустаҳкамлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ҳисобига таъминот сифатини оширишга йўналтириш имконини беради. Бу, айниқса, чекка ҳудудларда қамровни кенгайтириш, энг муҳими, шаҳар ва қишлоқларда электр ва газнинг тез-тез узилиб туриши муаммосини бартараф этиш имконини беради.
Изоҳ қолдириш