Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази "яшил" энергия соҳасидаги янги йирик қувватлар ҳақида инфографика тайёрлади.
Давлатимиз раҳбари Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида жами 2,4 гигаваттлик қуёш ва шамол электр станцияларини фойдаланишга топшириш ва тармоққа улаш ишларига старт берди
Ўзбекистон Президентни “Masdar” компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Ал-Рамаҳий билан биргаликда Шеробод, Ғаллаорол, Каттақўрғон туманларида қуёш ва Томди туманида шамол электр станцияларини ишга туширди
Бундан беш йил муқаддам мамлакатимиз ўз олдига қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш бўйича жуда катта мақсад ва вазифаларни қўйиб, амалий ишларни бошлаб юборган эди. Жумладан, бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш ва янгиларини қабул қилиш орқали энергетика тармоғида бозор тамойилларига асосланган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Шунингдек, соҳада хусусий сектор ва етакчи хорижий компаниялар кириб келиши учун қулай имкониятлар яратилди.
Мамлакатимизда Энергетика вазирлиги, шунингдек, ҳар бир алоҳида йўналишга масъул ва жавобгар бўлган таркибий тузилмалар ташкил этилди. Икки йил давомида қуёш, шамол ва гидроэнергетикани ривожлантириш имкониятлари ўрганилди. Натижада чет эллек инвесторларнинг юртимизга бўлган қизиқиши ва ишончи кескин ошди.
Янги "яшил" имкониятлар
Ўзбекистонда илк бор 100% тўғридан-тўғри хорижий инвесторлар ҳисобидан Кармана ва Нуробод туманларида 2 та қуёш станциялари ишга туширилиб, шу жумладан 1 млрд кило-ватт/соат “яшил” электр ишлаб чиқарилди.
“Яшил” энергетика ривожига бу қадар катта эътибор қаратилишининг сабаби, 2030 йилга бориб мамлакатимизда саноат ҳажмини икки карра оширишни, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатидан мутлақо янги даражага кўтариш мақсад қилиб қўйилган.
Бутун дунёда “яшил” энергиядан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга алоҳида устунлик берилмоқда. “Яшил энергия” сертификати кенг жорий қилинмоқда.
“Яшил” энергия соҳасидаги элликка яқин лойиҳалар эса қўшимча 500 млн долларлик кабель бозорини яратади. Ўзбекистон 2030 йилгача “яшил” энергетика манбаларини 27 гига-ваттга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиради.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва ДХШ
Давлат хусусий шериклиги асосида умумий қиймати 2 млрд долларлик лойиҳалар ҳисобига 6 млрд киловатт/соат электр ишлаб чиқарилиб, 2 млрд куб табиий газ тежалади.
Шунингдек, 2 млн.дан ортиқ хонадон узлуксиз ва кафолатли электр энергияси билан таъминланади. Саноат ва хизматлар соҳасида 4 млрд долларлик қўшилган қиймат яратилади.
Соҳанинг ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилиб, ишлаб чиқарилган электрни кафолатли сотиб олиш бўйича “Қуёшли хонадон” тизими йўлга қўйилди. Жорий йилнинг ўзида юртимизда 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди.
Хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик
Ўзбекистоннинг кенг қамровли ҳамкори бўлган БААнинг “Масдар” компанияси томонидан Жиззах, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида 3 та қуёш станцияларининг биринчи босқичи барпо этилди. Шунингдек, ушбу нуфузли компания Томди туманида илк бор замонавий шамол станциясини қуряпти. Бугун, 27 декабрь куни унинг 100 мега-ватти ишга туширилди.
Машҳур “Гежоба” компанияси билан эса Бухоро ва Қашқадарёдаги қуёш станцияларининг дастлабки 400 мега-ватти генерация қилишни бошлайди. Хитой иштирокидаги лойиҳалар илгари тажрибада кузатилмаган жуда қисқа фурсатда – 9 ойлик муддатда ишга туширилди. Ўзбекистон “Голд-винд”, “Жолли-вуд”, “Лон-жи” каби компаниялар билан самарали ишлар олиб борди.
Кафолатли ва барқарор энергия
Келгуси 6 йилда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 млрд.дан 120 млрд кило-ватт соатга ўсиши кутилмоқда. Бу биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қопланади. Ҳозир юртимизда 9 гига-ваттли 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида жадал ишлар олиб борилмоқда.
Келгуси 5 йилда жами 70 минг километр паст кучланишли электр тармоқлари, 22 минг дона трансформатор, 100 дан ортиқ подстанциялар тўлиқ янгиланади. Шунингдек, 10 минг километр юқори кучланишли янги магистрал тармоқлари барпо этилади.
Мамлакатимизда 7 млн.дан ортиқ уй-жойлар борлигини ҳисобга олсак, бу инвесторлар учун катта бозор яратади.
Бугунги лойиҳалар доирасида 100 млн. долларлик электр жиҳозлари ва қурилиш материаллари маҳаллий корхоналар томонидан етказиб берилмоқда. Ҳозирда юртимизда 4 та корхона қуёш панеллари, яна 2 та корхона металл конструкциялар ишлаб чиқаришни бошлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш