Ўрганиш натижалари бўйича қўйидагилар аниқланди:
Пайариқ тумани истеъмолчилари томонидан жами 133,5 млн. кВт соат, шундан саноат соҳаси истеъмочилари томонидан 6,5 млн. кВт соат, қишлоқ хўжалиги 20,5 млн. кВт соат, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаси истеъмолчилари 12,7 млн. кВт соат ҳамда уй хўжаликлари томонидан 93,7 млн. кВт соат электр энергия билан таъминланиб истеъмол қилинади. Электр энергия тармоғига 2,1 минг км юқори вольтли линиялар, 712 та трансформаторлар ва 10 та подстанциялар хизмат кўрсатади. Туманнинг электр энергия билан таъминланиш даражаси 100%ни ташкил этади.
Туман бўйича жами 51,7 минг куб метр, шундан саноат соҳаси истеъмочилари томонидан 11,2 минг куб метр, қишлоқ хўжалиги 2,3 минг куб метр, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳаси истеъмолчилари 0,4 минг куб метр ҳамда уй хўжаликлари томонидан 37,8 минг куб метр ҳажмида табиий газ билан таъминланиб истеъмол қилинади. Туманнинг газ қувури узунлиги 1,1 минг км, газ мосламалари қуввати 87,6 минг куб ва 626 та газ тақсимлаш мосламалари ташкил этади. Табиий газ билан таъминланиш даражаси 47,7%ни ташкил этади.
Маҳаллалардаги ичимлик суви тармоғи қувурлари узунлиги 130,4 км бўлиб, ичимлик суви таъминоти учун 62 та сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатади. Шунингдек сув насослари кунига 11,1 минг куб ичимлик сувини истеъмолчиларга етказиб беради. Марказлашган тартибда ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 69,0%ни ташкил этади.
Маълумот учун, Самарқанд вилоятининг 2846,4 минг нафар ёки 70,6% (жами аҳолига нисбатан) аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Бунда, Самарқанд шаҳри 100%, Самарқанд тумани 92,7%, Тойлоқ тумани 79,5%, Каттақўрғон шаҳри 79,3%, Қўшработ тумани 79,2%, Пахтачи тумани 79,1%, Ургут тумани 78,3%, Пастдарғом тумани 76,5%, Булунғур тумани 70,8%, Пайариқ тумани 69,0%, Нуробод тумани 58%, Нарпай тумани 57,2%, Оқдарё тумани 40%, Иштихон тумани 40%, Жомбой тумани 38% ва Каттақўрғон тумани 36,3%ни ташкил этади.
Бундан ташқари, вилоятнинг 995,5 минг нафар ёки 24,7% аҳолиси муқобил ичимлик суви (булоқ, дарё ва сой, канал ва ариқ, қудуқ, босма кран, ховуз ва бошқа) манбаларидан истеъмол қилади. Жумладан, 67,1 минг аҳоли (1,7%) табиий булоқ сувларидан, 11,4 минг аҳоли (0,3%) дарё ва сой сувларидан, 2,9 минг аҳоли (0,07%) канал ва ариқ сувларидан (Пайариқ тумани – 0,1%), 5,4 минг аҳоли (0,1%) ҳовуз сувидан ҳамда 908,7 минг аҳоли (97,8%) скважина, босма кран, қудуқ манбаларидан фойдаланади.
Бундан кўриниб турибдики, Самарқанд вилоятининг деярли барча туман ва шаҳарларида (Самарқанд ш., Каттақўрғон ш., Самарқанд т. ташқари) шу жумладан Пайариқ тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ошириш чора-тадбирларини кўриш талаб этилади.
Пайариқ туманида “яшил иқтисодиёт” технологияларини барча соҳаларга фаол жорий этиш, бунда шамол, қуёш ва гидро электростанциялар қурилиши ишлари аҳволи таҳлил қилинди.
Мамлакатимиз миллий иқтисодиётини ривожлантиришда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича 2030 йилгача бўлган Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиниб, ушбу хужжат барқарор ва инклюзив ривожланишга эришиш учун мавжуд экологик ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16.02.2023 йилдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-57-сонли қарорига асосан Пайариқ туманида тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларида (500 КВт ли) ҳамда тадбиркорлар томонидан кичик фотоэлектростанциялари (10 КВт ли) ва қуёш паннеллари барпо этиш белгиланган.
Шундан, 2023 йилда Самарқанд вилоятида тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларида жами 370 та (шундан Пайариқ туманида 10 та) қуввати 18,5 МВт лик қуёш панеллари ўрнатилиши режалаштирилган.
Ҳозирда Пайариқ туманида тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларида 70 КВт ли қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, кичик фотоэлектростанцияларини барпо этиш учун ташаббускорлар ва ер танлаш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1-чорагида Пайариқ туманида 2 та тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларида қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, муқобил электр энергия манбаларини ўрнатиш режа топшириғи 14%га бажарилди.
Изоҳ қолдириш