Таҳлилларга кўра, 2017 йилдан буён Ўзбекистонда ҳар йили 5%дан кам бўлмаган барқарор иқтисодий ўсиш қайд этиляпти. Мамлакатимизда энг юқори иқтисодий ўсиш пандемиядан кейин 2021 йилда 7,4%ни ташкил этди. Пандемиядан кейинги энг яхши натижа 2024 йилда 6,4%га ўсиш кутилмоқда, бу ҳам мамлакат иқтисодиётидаги ижобий динамикадан далолат беради.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилнинг 1-ярим йиллигида 6,4%га кўпайган. Ушбу даврда саноат 7,8%га, қурилиш 10,1%га, хизматлар 12,9%га ва қишлоқ хўжалиги 3,8%га ошган.
Жаҳон иқтисодиёти қисқараётганини ҳисобга олсак, 6,4%лик ўсиш яхши кўрсаткич ҳисобланади. Йил бошидан 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни ташкил этилган ёки 600 минг аҳоли бизнесга жалб қилинган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов “Ўзбекистон24” телеканалига берган интервьюсида мамлакатимиз ушбу натижаларга нималар ҳисобидан эришаётгани борасида ўз таҳлилларини келтирди.
“2017 йилдан буён олиб борилаётган ислоҳотларни иқтисодий ўсишни барқарор ўсишига сабабчи бўлаётган энг асосий омил сифатида кўрсак бўлади. Масалан, ҳозирги вақтда бутун жаҳондаги геосиёсий чигалликлар, транспорт маршрутларининг қийинчиликлари, савдо бозорларида кузатилаётган мураккабликлар туфайли дунё мамлакатларида иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари пасаймоқда. Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг иқтисодиёти 2-чоракда 6,4%ни, саноат 7,8%ни, қишлоқ хўжалиги эса 3,8%ни ташкил этгани ислоҳотларимиз барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаб бераётганини англатади.
2017-2018 йилларга назар ташлайдиган бўлсак, ушбу даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 50 млрд доллардан ортиқроқ эди. 2023 йил якунларида биз 91 млрд доллар ЯИМга эришдик. Бу 1,6 баробар ўсиш дегани. 2024 йилги прогнозларимиз бўйича оладиган бўлсак, Ўзбекистон иқтисодиёти 100 млрд долларлик кўрсаткичдан ўтади. Бу дегани, Ўзбекистон иқтисодиёти дунёдаги энг йирик 60-70 таликка кирувчи иқтисодиёт бўлади.
Шу билан мамлакатимиз жуда ҳам катта иқтисодиётга эга ва ўзини ислоҳотлари туфайли жаҳондаги бошқа бир ривожланган мамлакатлар билан теппа тенг бўлган давлат сифатида ўзини кўрсатяпти.
Давлат раҳбари раислигида бўлиб ўтган, Ўзбекистоннинг 6 ойлик натижаларига бағишланган йиғилишда шундай хулоса қилдим, ислоҳотларимиз зўр, натижаси бизнинг рақамларда кўриняпти. Буни ХВЖ, ЖБ каби халқаро ташкилотлар эътироф этишмоқда. Лекин дунёдаги вазият чигаллашяпти, дунёдаги муҳит қийинлашяпти, биз шунга қараб иқтисодиётимизни ҳозирдан бунга мослаштиряпмиз. Яъни, олдимизга қўйган мақсадимиз, 2030 йилгача юқори-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига кириш ёки бўлмаса энг асосий вазифаларимиздан бири, камбағаллик даражасини кескин пасайтириш. Камбағаллик даражасини пасайтириш бўйича дунёдаги энг тез натижаларга эришган мамлакат қаторида мана шу натижаларни яна бир неча йилларга сақлаб қолиб, аҳоли фаравонлигини ошириш бўйича ҳозирдан иқтисодий сиёсатда нима ўзгартиришлар киритиш керак ва мана шу иқтисодий сиёсатда қилинадиган барча ўзгаришларни давлатимиз раҳбари бирма бир санаб ўтди.
Бу учта комплекс бўладиган бўлса, улар иқтисодий комплекс, қурилиш ва инфратузилма комплекси, инвестиция комплекси бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган иқтисодий сиёсатнинг энг устувор талабларидан бири 2017 йилдан бошлаб саноатни ривожлантириш, яъни инвестицияларни, ресурсларни юргиздик. Мана шу натижасида саноат соҳаси 7,8%га ўсди.
Саноат маҳсулотлари бу энг яхши даромадли иш ўринлари, меҳнат унумдорлигини узоқ муддатда ўсиши, экспорт ва янги бозорлар ва рақобатбардош иқтисодиёт дегани”, деди Обид Хакимов.
Марказ директори ҳар битта вилоятда ташкил этилаётган Барқарор ривожланиш марказлари фаолияти борасида ҳам гапириб берди.
“Иқтисодий ривожланиш жараёнида Президентимиз томонидан ҳар доим илгари қўйиладиган вазифа илм ва илмий асосланган сиёсатни ишлаб чиқариш. Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган бугунги талаб, ҳар битта вилоят ўзининг ривожланиш стратегик ҳужжатларини амалга оширган чора-тадбирларини илмий асосланган методлар асосида ишлаб чиқсин, бу орқали самарадорликни оширсин.
Бизнинг иқтисодиётимиз жуда ҳам тез ўсди. Бундан буёғи давлатимиз раҳбари томонидан қўйилаётган энг асосий талаб самарадорликни ошириш. Шунинг учун ҳар битта вилоятда Барқарор ривожланиш марказлари ташкил этиляпти.
Барқарор ривожланиш марказларининг энг асосий вазифалари ҳар битта вилоятнинг ўзини имкониятларини, устунликларини аниқлаб бериш ва келаётган инвесторларга уларни тушунтириб беришдан иборат. Шу билан бирга ҳар бир туман ва маҳалланинг ихтисослашувини аниқлаб бериш, аҳолида бўлаётган, бизнесни ривожланишини ўрганиб, хулоса бериш. Бунда энг асосийси ҳар бир сўмни сарфланишида катта самара оламиз”, деди Марказ директори О.Хакимов.
Изоҳ қолдириш