Ўзбекистон Президенти ЕОИИ ва МДҲ саммитларида нутқ сўзлайди

Ўзбекистон Президенти ЕОИИ ва МДҲ саммитларида нутқ сўзлайди

Шавкат Мирзиёев 14−15 октябрь кунлари ЕОИИ ва МДҲнинг видеоалоқа шаклидаги саммитлари ишида иштирок этади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

14 октябрь куни давлат раҳбари Қозоғистон раислигида ўтказиладиган Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдан ташқари мажлисида кузатувчи мақомида нутқ сўзлайди.

Йиғилиш кун тартибига мувофиқ Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасидаги кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади. Ўзбекистон етакчиси ўз нутқида ЕОИИ билан амалий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб беради.

15 октябрь куни эса Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлиси бўлиб ўтади. Унинг ишида Арманистон, Беларусь, Молдова, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчилари иштирок этиши кўзда тутилган.

Беларусь раислигида ўтказиладиган тадбирда ташкилотнинг 30 йиллик фаолиятидаги кўп томонлама ҳамкорлик якунлари, шунингдек, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, миграция, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги шерикликни янада кенгайтириш борасидаги қўшма режалар кўриб чиқилади.

Хавфсизликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашиш ҳамда кенг минтақада барқарор тараққиётни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистон Президенти МДҲни ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепцияси мақсад ва вазифаларига эришиш бўйича қатор муҳим илгари суради.

Тадбир якунида МДҲ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўп томонлама ҳужжатлар тўплами қабул қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар