Ўзбекистон қурилиш соҳасида туб бурилишларни амалга оширмоқда

Ўзбекистон қурилиш соҳасида туб бурилишларни амалга оширмоқда

Сир эмаски, Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳалар каби қурилиш соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган ҳукумат ва давлат раҳбарининг фармон ҳамда қарорлари, қабул қилинган давлат дастурлари, улар ижросини таъминлаш, тармоқда ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган тадбирлар натижада бунёдкорлик кўламлари тобора кенгайиб бормоқда.

Бироқ, қурилиш соҳасидаги янги даврнинг бошланиши, тизимдаги муаммоларни аниқлаш, тан олиш ва очиқлаш, айниқса, уларни ечиш осон кечгани йўқ. 2017-2019 йиллар ва 2020 йилнинг шу кунига қадар қурилиш соҳасини тартибга солувчи жами 40 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди: 2017 - 4 та, 2018 йилда - 13 та, 2019 йилда - 10 та ва 2020 йилнинг шу кунигача 10 дан ортиқ. Ушбу қарор ва фармонлар тизимда йиллар давомида сақланиб қолган муаммоларни тубдан ислоҳ қилишга қаратилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майида ПҚ-2936-сон Ўзбекистон Республикаси давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори қабул қилинди. Унга кўра, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси таркибий тузилмаси тубдан ўзгартирилди ва янги вазифалар қўйилди. Қўмитанинг ҳудудий бўлинмалари қўшимча штат бирликлари билан кенгайтирилди. Натижада, 11 та ҳудудда “Ўзшаҳарсозлик” ва Самарқанд шаҳрида “Тошкентбошплан” лойиҳа институти филиаллари, шунингдек, 13 та ҳудудда 26 та етакчи лойиҳа ташкилоти очилди. Тошкент ва Самарқанд архитектура-қурилиш институтлари ҳамда 14 та қурилиш касб-ҳунар коллежи қўмита тасарруфига ўтказилди.

Бироқ, соҳага доир норматив ҳужжатлар, жумладан, шаҳарсозлик қоидалари ва қурилиш меъёрларининг аксарият қисми эскирган, собиқ тузум давридан қолиб кетганлиги туфайли, ушбу меъёрларни замонавий талабларга мослаштириш долзарблигича қолди. Шаҳарларнинг бош режалари, қишлоқларда архитектура-режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқиш талабга мутлақо жавоб бермас эди. Бундан ташқари, қурилиш ва лойиҳалаш бўйича кадрлар тайёрлаш сифати ҳам талабга жавоб бермас эди. Хусусан, тизимдаги 500 га яқин вакант ўринлар, жумладан, туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш бўлимларидаги 110 та, лойиҳа ташкилотларидаги 200 га яқин штатлар вакантлигича қолган. Ҳар томонлама салоҳиятга эга бўлган профессионал қурилиш-пудрат ташкилотлари шаклланмагани, улардаги мавжуд моддий-техник база, молиявий манбалар тобора ортиб бораётган қурилиш ишлари ҳажмини тўлиқ қоплашга қодир эмас аҳволга келиб қолган эди. Бир сўз билан айтганда, Қўмитага билдирилган ишонч оқланмади.

Йиллар давомида йиғилиб қолган ушбу муаммолар ва йўл қўйилган сусткашликларни бартараф этиш мақсадида давлат раҳбари фармони қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 апрелдаги «Қурилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5392-сон фармонига мувофиқ Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси негизида Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги ташкил этилди.

Вазирликнинг асосий вазифалари этиб - шаҳарсозлик ва қурилиш учун муҳандислик-техник изланишлар соҳасида ягона илмий-техникавий сиёсатни олиб бориш, республика ҳудудида аҳолини жойлаштиришнинг бош схемасини, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар, шаҳарлар ҳудудларини режалаштириш схемаларини, аҳоли пунктларининг бош режаларини ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашни ташкил қилиш, уларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг юритиш; шаҳарсозлик соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш (ва бошқа қатор йўналишлар) белгиланди.

Шу билан бирга ушбу сананинг ўзида “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3646-сон Қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат билан «Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси» давлат унитар корхонаси ташкил этилиши белгиланди. Унга кўра, белгиланган тартибда шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини ташкил этиш ва ўтказишни таъминлаш, архитектура-режалаштириш ва шаҳарсозлик ечимлари даражасини ошириш, лойиҳа иши ва қурилиш ишлаб чиқаришини такомиллаштириш, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасида илғор тажрибани ўрганиш ва оммалаштириш каби асосий вазифалар бириктирилди.

Ушбу икки меъёрий ҳужжат тизимда янги босқичга ўтишнинг негизи бўлди. Натижада, 2019 йилга келиб режадаги 35 та шаҳарсозлик ҳужжатларидан 18 та бош режалар ва 10 та қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Бунинг натижасида республикадаги 113 та шаҳарлар (95 фоиз) ва 142 та шаҳар посёлкалари (13,1 фоиз) бош режаларга эга бўлади.

Хусусан, Республика бўйича жами қурилиш ишлари ўсиш сурати 2019 йил якуни бўйича 119%га етиб, 68,9 трл. сўмни ташкил этди. Бу 2017 йил билан солиштирганда 2 баробар ўсиш демакдир. 2020 йилга келиб эса 9 ойнинг ўзидаёқ қурилиш ишлари ҳажми 71,8 трл. сўмга етди.

Натижада 2019 йил якуни бўйича Республика бўйича фойдаланишга топширилган қурилиш ҳажми 15,5 млн. квадрат метрни ташкил қилди. 2017 ва 2018 йиллар учун ушбу кўрсаткич мос равишда 11,5 ва 13,4, 15,5 млн. квадрат метрни ташкил қилган эди.

Жорий йилда эса қишлоқларда 12 мингдан зиёд, шаҳарларда 18 мингдан ортиқ арзон, кўп қаватли турар жой барпо этилмоқда. Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш дастурлари бўйича, тадбиркорлар томонидан банк кредити ва ўз маблағлари ҳисобидан жами 298 та кўп қаватли уй-жойлар (хусусий сектор) қурилиши ишлари жадал тус олган.

Қурилиш соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сони (Республика бўйича) ҳам жадал равишда ўсиб келмоқда. 2017 йил 1 январь ҳолатига 22 мингтани ташкил этган бўлса, 2020 йилга келиб бундай ташкилотлар сони 1,8 баробар ўсиб, 40,3 мингтага етти.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурида белгиланган топшириқларга мувофиқ 159 та тумандаги 478 та қишлоқларнинг бош режа схемалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари, шунингдек, 41 та шаҳарларда 116 та маҳаллаларнинг бош режа схемалари ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологиялари кириб келди ва “Шаффоф қурилиш” ахборот тизими ишга тушди. Натижада:

– қурилиш соҳасида ахборот-технологиялар ривожлантириш Маркази ташкил этилди;

– юридик ва жисмоний шаxсларга кенг фойдаланиш имконини берувчи “Ўзбекистон Республикаси давлат шаҳарсозлик кадастри” геоахборот тизими жорий қилинди;

– қурилиш-монтаж ишларида тизимли назорат ўрнатилиб, қурилишнинг барча босқичларида назорат қилишнинг аниқ механизмлари ва ижро ҳужжатларини юритишнинг электрон онлайн тизими яратилди;

– шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини электрон ҳужжатлар алмашинуви орқали босқичма-босқич амалга ошириш тизими жорий этилди;

– вазирлик тизимидаги ташкилотлар замонавий компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар билан таъминланди.

Қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш ва қурилиш ишлари сифатини ошириш мақсадида:

– қурилиш-пудрат ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилди;

– ташкилотларнинг ихтисослашуви, қурилиш-монтаж ишлари турлари, доимий ишлайдиган ишчи-ходимлар сони, асосий ишлаб чиқариш воситалари тўғрисида маълумотларнинг ягона электрон базаси жорий этилди;

– қурилиш-пудрат ташкилотлари ишчиларини қайта тайёрлаш ва касбга ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари, касб-ҳунарга эга бўлганлиги тўғрисида сертификатлар бериш кўзда тутиляпти.

Шиддат билан қад кўтараётган ижтимоий объектлар, кўп қаватли турар жойлар ва умуман олганда, барча турдаги бунёдкорлик ишлари ўз навбатида сифатли қурилиш маҳсулотларига бўлган талабни кучайтирмоқда. Шу боис, ушбу йўналишдаги ишларни тўғри йўлга қўйиш, янги турдаги энергия тежамкор қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, соҳага инвесторларни кенг жалб қилиш орқали йирик лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келиняпти. Бунинг натижасида соҳада жиддий ўзгаришлар юз беряпти.

Талаб ва таклифга мос вазифалар

Президентимизнинг 2019 йил 2 февралдаги “Қурилиш материаллари саноатини тубдан такомиллаштириш ва комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2019-2021 йилларда умумий қиймати 1,3 миллиард, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига 692 миллион АҚШ доллари миқдорида амалдаги корхоналарни техник ва технологик янгилаш ҳамда янги корхоналар барпо этиш бўйича 67 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш вазифаси қўйилди. Бу ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилиши 2021 йилга қадар цемент ишлаб чиқариш қувватлари ҳажмини 17 миллион тоннага, архитектура-қурилиш ойнасини — 32 миллион квадрат метрга, ёғоч-қипиқ плитаси (ДСП)ни — 380 минг, газ-бетон блокларини — 700, кўп қаватли уйлар қурилиши учун йирик панелли темир-бетон буюмларини — 180 минг квадрат метрга етказиш имконини беради.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 23 майдаги “Қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳанинг яқин истиқболга мўлжалланган истиқболлари ва стратегиясини белгилаб берди. Унинг асосий мақсади тармоқни жадал ривожлантириш ва диверсификация қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маҳаллий минерал хом ашё ресурсларини қайта ишлашга инвестицияларни жалб қилиш ва қурилиш материалларини экспорт қилиш ҳажмларини оширишга қаратилган. Бу вазифаларни ҳал этилиши натижасида 2025 йилга қадар ишлаб чиқариш ҳажмларини гулқоғозлар бўйича — 47 баробардан ортиққа, йиғилган паркет панеллари ва плиталари — 19 баробарга, ёғоч ва бошқа ёғочбоп материаллардан тайёрланган плиталар — 15 баробарга, газобетон блоклари — 7 баробарга, лак-бўёқ материаллари ҳамда энергия ва иссиқликни тежовчи флоат-технология асосида тайёрланган архитектура-қурилиш ойнаси — 4 баробарга, базальтдан тайёрланадиган композит арматура — 3 баробарга ва цемент бўйича — 2 баробарга ошириш кўзда тутилган.

Сармоя ва сифат – экспорт кафолати

Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, айни кунда юртимизда 10 мингга яқин қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритмоқда. Бундан икки йил муқаддам бу борада 120 турдаги маҳсулот тайёрланган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 180 тадан ошди. “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасига аъзо корхоналарининг ўзида жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 112,8 фоизни ташкил қилган.

Таъкидлаш жоиз, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш орқали маҳсулот турларини кўпайтириш ва сифатни ошириш устувор вазифалар сирасига киради. Жумладан, 2020 йилнинг тўққиз ойида инвестиция дастурига асосан 27 та лойиҳа доирасида 228 миллион долларлик (103,6 фоиз) маблағлар, шу жумладан, 150,7 миллион доллар (100,5 фоиз) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилган. 2021 йилда дастурга асосан 32 та лойиҳа доирасидаги сармоялар 394,2 миллион долларга етиши, 284 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши кўзланяпти.

Олиб борилаётган ишлар ва киритилаётган инвестициялар маҳсулот сифатини яхшилаш орқали соҳанинг экспорт салоҳиятини ҳам оширмоқда. Керамик плиткалар, сантехкерамика, гулқоғоз, қуруқ қурилиш аралашмалари, пишган ғишт, табиий тошдан ясалган пардозбоп плиталар, оҳак, полипропилен қувурлар, дераза ойнаси, фитинглар каби маҳсулотлар экспорт қилмоқда. 2016 йилда 55,3 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, 2019 йилда 2,3 баробар кўп қурилиш материаллари жаҳон бозорига чиқарилди. 2020 йил январь-сентябрь ойларида экспорт ҳажми 202,7 миллион долларни ташкил этди.

Цемент ва инновацион материаллар

Шу ўринда бир жиҳат эътиборни тортади. Кейинги йилларда хорижий компанияларнинг қурилишнинг хамиртуриши ҳисобланган цементга бўлган таклифи ортиб боряпти. Айни кезда юртимизда ҳам мазкур маҳсулотни ишлаб чиқариш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишга ихтисослашган 29 та корхона бўлиб, уларнинг йиллик қуввати йил охирига бориб 20 миллион тоннани ташкил қилади. Бунда “Қизилқумцемент”, “Оҳангаронцемент”, “Қувасойцемент”, “Бекободцемент” акциядорлик жамиятлари сингари йирик ишлаб чиқарувчиларнинг ҳиссаси катта. Тез орада яна 10 дан ортиқ янги цемент заводларини ишга тушириш режалаштирилган. Мазкур корхоналар Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида барпо этилади.

Мисол тариқасида, Тошкент вилоятидаги “Оҳангаронцемент” АЖ ҳудудида қад ростлаётган улкан цемент заводи лойиҳасини олайлик. Ҳозирги кунда бу ерда ускуналарни ўрнатиш ва созлаш ишлари олиб борилмоқда. Умумий қиймати 160 миллион доллар бўлган ушбу лойиҳа амалга оширилгач, йиллик қуввати 2,4 миллион тоннага тенг бўлган корхона ўз ишини бошлайди. Бу ерда 400 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2020-2021 йилларда цемент ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 500 миллион доллар бўлган инвестиция лойиҳалари ишга туширилади. Бунинг натижасида умумий қуввати 3 миллион тонна бўлган Қораўзак туманидаги "Qarataw Cement Plant" ва Беруний туманида жойлашган "Caris Karakalpak cement" МЧЖ ХКларидир. Эътиборли жиҳати шундаки, янги цемент заводлари энергия тежамкор, муқобил энергия манбаида ҳам ишлайдиган, экологияга таъсири кам бўлган технологиялар билан жиҳозланмоқда.

Кейинги йилларда соҳани ислоҳ қилиш, корхоналар самарадорлиги ва салоҳиятини ошириш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди. Тармоқдаги ҳар бир корхона фаолияти танқидий таҳлил этилиб, маҳсулотлар сифатини ошириш, энергия тежамкор, инновацион қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳисобига таннархни пасайтириш чоралари кўриляпти.

Корхоналарда “рақамли технологиялар”ни қўллаш, инсон ҳаёти учун хавфли жараёнларда автоматизация даражасида оширилди. Қурилиш материаллари соҳасида янги йўналишлар ривожлантирилиб, бунга хорижий инвесторлар кенг жалб қилинди. Етакчи хорижий давлатлар қурилиш соҳасининг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб, янги маҳсулотларни ўзлаштириш ва инновацияни жалб қилиш ўз самарасини бера бошлади.

Йилдан-йилга қурилиш материалларига бўлган талабнинг ортиб боришини инобатга олиб, жорий йилда архитектура-қурилиш ойнасини 23 миллион, кв.м, цементни 14,5, керамик плиткани 32 миллион квадрат метрга, санитар-техник буюмларни 650 минг дона, иссиқлик изоляцияси материалларини 67 тонна, 2,6 миллион ўрам, газобетон блокларини 1 миллион куб метрга етказиш режалаштирилган.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилда мамлакатимизда шу кунгача ишлаб чиқарилмаган: газобетон блоклари, гулқоғоз, керамогранит, қуйма пол, 600 маркали цемент, геосетка, пеноблок, шиша кристаллит, композит ва ДСП ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Юртимизнинг драйвер соҳаларидан бири бўлган саноат қурилиш маҳсулотлари соҳасининг бугунги кундаги тенденциялари, унинг Ўзбекистон иқтисодиётида тутган ўрни ҳам катта. Шу боис мазкур йўналишдаги изланишлар ва ривожланишлар жараёнларини изчил тараққий эттира бориш бугунги кун ва яқин келажакдаги энг масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади.

Алишер Холмирзаев,

Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими

Манба: Янги Ўзбекистон газетаси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар