Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатларида қайси сўзлардан кўпроқ фойдаланган

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга қилган мурожаатларида қайси сўзлардан кўпроқ фойдаланган

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаат қилиш анъанаси дастлаб 2017 йил декабрь ойида жорий этилган бўлиб, мазкур мурожатномада кўтарилган масалалар ўз долзарблиги билан фуқароларимиз ва халқаро ҳамжамиятнинг диққат эътиборини ўзига тортиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз мурожаатида одатда ўтган йилни сарҳисоб қилади ва яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази экспертлари томонидан охирги 3 йилда қилинган мурожаатларнинг лингвистик ва контент таҳлили амалга оширилиб, уларни тасвирий ифодаловчи сўзлар жамланмаси тузилди.

Матнлар таҳлили натижасида қуйидагилар аниқланди:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги мурожатномасида жами 4004 ҳил сўздан фойдалинган бўлиб, давлат раҳбари энг кўп “халқ”, “тадбиркор”, ва “юрт” сўзларидан фойдаланган (1-расм).

1-расм. Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Маълумот учун: Марказ ходимлари томонидан сўнгги 3 йилдаги мурожаатларда энг кўп ишлатилган 40 та сўз таҳлил қилинди. Бунда сўзлар таҳлил қилинаётган матн ичида қанча кўп ишлатилган бўлса, тасвирда шунча катта кўринади.

2017 йилдаги мурожаатда “Халқ” сўзидан 52 маротаба фойдаланилган бўлса, “тадбиркор”лик соҳасига 39 маротаба урғу берилган. Шунингдек “Юрт” ва унга боғлиқ сўз атамаларига 32 маротаба мурожат қилинган.

Хусусан, “Тадбиркор” сўзи “кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик”, “тадбиркорлар ва инвесторлар”, “тадбиркорларга рухсат берувчи хужжатларни расмийлаштириш”, “тадбиркорлар хуқуқларини химоя қилиш” каби контекстларида фойдаланилган (2-расм).

2-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, мурожааатномада 50% урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига йўналтирилган бўлса, 23% давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга талуқли масалалар, умумий мурожатноманинг 11%, қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби масалалар эса умумий нутқнинг 8% ташкил этган (3-расм).

3-расм. 2017 йилги мурожаатнинг йўналишлар бўйича тақсимоти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Олий Мажлисга мурожатномасида жами 2860 турдаги сўзлардан фойдаланилган бўлиб, улар орасида “ислоҳат”, “инвестиция” ва “иқтисодиёт” сўзларига энг кўп мурожаат қилинган (4-расм).

4-расм. Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йилда Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Хусусан, мазкур йилдаги мурожаатда “иқтисодиёт” (35 маротаба) “инвестиция” (26 маротаба) ва “ислоҳат” (24 маротаба) сўзларига катта урғу берилган.

Бундан ташқари давлат раҳбари “таълим”га оид сўзларни 22 маротаба, “банк” ва “ижтимоий” сўзига оид сўзларни эса 18 маротаба талаффуз қилган.

2018 йилдаги мурожаатномада “иқтисодиёт” сўзи кўп ҳолларда “яширин иқтисодиёт”, “рақамли иқтисодиёт”, “иқтисодиёт барқарорлиги”, “иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилиш” каби контекстларда акс эттирилган (5-расм).

5-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, 2018 йилдаги мурожааатда 50% урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига, 20% давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга доир масалаларга йўналтирилган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга таалуқли масалалар умумий мурожаатноманинг 15%, қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби масалалар эса умумий нутқнинг 7,5% ташкил этган (6-расм).

6-расм. 2018 йилги мурожаатнинг йўналишлар бўйича тақсимоти.

Давлат раҳбарининг 2019 йилдаги мурожаатида жами 3450 турдаги сўзлардан тузилган бўлиб, энг кўп фойдаланилган сўзлар “тадбиркор”, “ижтимоий” ва “илм” сўзлари ҳисобланади (7-расм).

7-расм. Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Ҳозирга қадар қилинган сўнгги мурожаатномада “тадбиркор”ликка оид сўзларга 32 маротаба урғу берилган бўлса, “ижтимоий” масалалар ва “илм” йўналишлари 24 маротаба таъкидлаб ўтилган.

Шунингдек, “таълим”, “суд ҳокимияти”, “ислоҳат”, “халқ ва жамият” ва “хорижий” сўзларидан ҳам кўп қўлланилган.

Хусусан, “ижтимоий” сўзи асосан “аҳолининг ижтимоий ҳимояси”, “ижтимоий ёрдам”, “ижтимоий сиёсат” ва “ижтимоий муаммоларни ҳал этиш” каби контекстларда намоён бўлган (8-расм).

8-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, мазкур мурожаатда 56% урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига, 13% давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга таалуқли масалалар, умумий мурожатноманинг 19%, қонун устуворлигини таъминлаш, суд тизимини ислоҳ қилиш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик каби масалалар эса умумий нутқнинг 6% ташкил этган (9-расм).

9-расм. 2019 йилги мурожаатнинг йўналишлар бўйича тақсимоти.

Сўнгги уч йилда қилинган мурожаатларнинг умумий таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорларни қўллаб қувватлаш, ҳалқ фаровонлигини ошириш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш каби масалалари ҳар йилги мурожаатномаларнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Хусусан, ижтимоий соҳага бўлган урғу йилдан йилга кучайиб бормоқда. Мазкур соҳага оид сўзлар 2017 йилдаги нутқнинг 11% тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2019 йилга келиб 19% га етган.

Ҳасан Мажидов,

Малика Жуманиёзова,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар