ХВЖ ва Жаҳон банки молиявий киберфирибгарликка қарши курашишнинг янги халқаро тизимини тақдим этди
Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки турли мамлакатларнинг илғор тажрибасига асосланган молиявий киберфирибгарликка қарши курашишнинг янги халқаро тизимини тақдим этди. Ушбу ёндашув фирибгарликнинг олдини олиш, ҳуқуқий ва назорат механизмларини кучайтириш ҳамда молиявий хизматлар истеъмолчиларини ҳимоя қилишга қаратилган 12 та асосий чорани ўз ичига олади.
Келтирилган маълумотларга кўра, 2025 йилда дунё бўйича молиявий киберфирибгарликдан етказилган умумий зарар 442 млрд доллардан ошган. Молиявий хизматлар рақамлашиб бориши билан фирибгарлик ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Фирибгарлар сунъий интеллект ва психологик таъсир усулларидан фойдаланиб, фуқароларни ўз маблағларини ихтиёрий равишда уларга ўтказишга ундамоқда.
Бунга қарши давлатлар янги ҳимоя механизмларини жорий этмоқда. Сингапурда 2023 йилдан буён банк мижозлари маблағларининг бир қисмини махсус ҳимояланган ҳисобварақларда сақлаш имкониятига эга. Бу тизим мобил банк иловаси бузиб кирилган тақдирда ҳам ушбу маблағларни ўтказишни чеклайди. Хизматдан 589 минг киши фойдаланган, ҳимояланган маблағлар ҳажми эса 38 млрд долларга етган.
Гонконгда пул ўтказишдан олдин маблағ олувчининг ҳисобварағини текшириш тизими жорий этилган. 2025 йилда ушбу механизм орқали 268 млн долларлик шубҳали операциялар тўхтатилган, фирибгарликнинг олдини олиш чоралари сони эса 69,4 фоизга ошган.
Малайзияда фирибгарликка қарши ягона платформа ташкил этилган. У ўғирланган маблағларнинг банклар ўртасидаги ҳаракатини автоматик кузатиб, шубҳали операцияларни тўхтатиш имконини беради.
ХВЖ ва Жаҳон банки фирибгарликнинг олдини олиш бўйича масъулиятни алоқа операторлари, рақамли платформалар ва банклар ўртасида тақсимлашни тавсия қилмоқда. Бунда алоқа операторлари сохта СМС хабарларни блоклаши, рақамли платформалар рекламаларни текшириши, банклар эса шубҳали молиявий операцияларни аниқлаб, тўхтатиши лозим.
Шунингдек, ушбу фаолиятни мувофиқлаштирувчи ягона органни белгилаш, ахборот алмашиш ва ўғирланган маблағларни блоклаш бўйича миллий ҳамда халқаро ҳамкорликни кучайтириш таклиф этилмоқда.
Нидерландияда йўл таъмирлаш ходимларини ҳимоя қилиш учун инновацион кўчма тўсиқлар жорий этилди
Нидерландияда автомобиль йўлларини таъмирлаш вақтида ишчилар хавфсизлигини таъминлаш учун Go-Barry кўчма ҳимоя тўсиқлари қўлланила бошланди. Янги тизим транспорт ҳаракатини тўлиқ тўхтатмасдан, таъмирланаётган йўл қисмини тезкор ажратиш имконини беради.
Узунлиги 200 метргача бўлган тўсиқ ёрдамида ҳаракат тасмасини атиги 2 дақиқада ёпиш ёки қайта очиш мумкин. Таъмирлаш ишлари давомида тўсиқ GPS тизими ёрдамида иш олиб борилаётган ҳудуд бўйлаб ҳаракатланиб, ишчиларни транспорт воситаларидан доимий ҳимоя қилади.
Келгусида кўчма тўсиқлар узунлигини 500–1 400 метргача ошириш режалаштирилган. Бу технологиядан автомобиль йўлларининг узунроқ қисмларида фойдаланиш имконини беради.
Технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, йўлларни транспорт ҳаракатини тўлиқ тўхтатмасдан таъмирлаш, бир вақтнинг ўзида ишчилар хавфсизлигини ошириш ва ҳайдовчилар учун ноқулайликларни камайтириш мумкин.
Японияда автомобиль йўллари ва кўприклар ҳолатини масофадан кузатиш технологияси синовдан ўтказилмоқда
Япониянинг NEXCO East компанияси оптик толали технологиялар асосида автомобиль йўллари ва кўприкларнинг техник ҳолатини масофадан баҳолаш тизимини синовдан ўтказмоқда. Янги технология йўл инфратузилмаси ҳолатини доимий жойига чиқиб текширмасдан, ягона марказдан кузатиш имконини беради.
Тизим йўллар ва кўприкларга ўрнатилган махсус датчиклар орқали ишлайди. Улар иншоотлардаги деформацияларни ва йўл қопламаси ҳароратини қайд этиб, маълумотларни оптик толали тармоқ орқали мониторинг марказига узатади.
Синовлар давомида 30 км узунликдаги йўл, шу жумладан, ундаги кўприклар ва сув ўтказиш иншоотлари ҳолати тўғрисида маълумот тўплаш имконияти тасдиқланди.
Кейинги босқичда кузатув ҳудудини 50–100 кмгача кенгайтириш, шунингдек, туннеллар ва йўл ёнбағирларини ҳам тизимга киритиш режалаштирилган.
Ушбу технология транспорт инфратузилмасини узлуксиз кузатиш, хавфли ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш ва таъмирлаш ишларини самарали режалаштириш имконини беради.
Олимлар мобил алоқа маълумотлари асосида аэропортларда йўловчилар оқимини прогноз қилиш усулини ишлаб чиқди
АҚШнинг Texas A&M университети ва Португалиянинг INOV INESC тадқиқот маркази олимлари мобил алоқанинг шахсни аниқлаш имконини бермайдиган маълумотлари асосида аэропортларда йўловчилар оқимини прогноз қилиш моделини ишлаб чиқди. Технология Лиссабон аэропорти мисолида синовдан ўтказилди.
Тадқиқот давомида бир йил ичида тўпланган 9 млндан ортиқ анонимлаштирилган мобил тармоқ сигналлари таҳлил қилинди. Ушбу маълумотлар асосида аэропортда кутилаётган йўловчилар оқимини олдиндан баҳолаш имконини берувчи модель яратилди.
Тизим мавсумий ўзгаришлар, байрам кунлари ва йўловчилар оқимидаги тебранишларни ҳисобга олади. Прогнозлар аэропорт ходимлари сонини белгилаш, хавфсизлик текширув пунктлари фаолиятини режалаштириш ҳамда аэропортга хизмат кўрсатувчи метро поездлари қатновини тартибга солишда қўлланилиши мумкин.
Тадқиқот натижаларига кўра, анъанавий усуллар билан таққослаганда прогнозлаш хатолиги 24 фоизгача камайган.
Янги ёндашув аэропорт ходимлари ва инфратузилма имкониятларидан самарали фойдаланиш, терминалларда ортиқча тирбандликнинг олдини олиш ҳамда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади.
Изоҳ қолдириш