Жаҳон матбуоти шарҳи

Жаҳон матбуоти шарҳи

Ҳиндистон микробизнес кредитлари бўйича давлат кафолати тўловларини камайтирмоқда (Ҳиндистон ҳукумати)

Ҳиндистон ҳукумати микрокорхоналар кредитларини кафолатлаш жамғармаси фаолиятини 2031 йил 31 мартгача узайтирди. Жамғарма учун 534 млн доллар ажратилган. Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, ушбу механизм орқали беш йил давомида қарийб 134,5 млрд долларлик кредитлар ажратилишини қўллаб-қувватлаш режалаштирилган. Давлат кафолати банкларни кредит қайтарилмаслиги хавфидан ҳимоя қилади ва тадбиркорларга гаровсиз кредит олиш имконини беради..

Банклар давлат кафолатидан фойдаланиш учун тўлайдиган йиллик тўлов 1 фоиздан 0,75 фоизга, яъни 25 фоизга камайтирилади. Кафолат миқдори кредитнинг амалда ажратилган суммаси ёки қайтарилмаган қарз қолдиғи асосида ҳисобланади.

Дастур белгиланган талабларга жавоб берадиган микрокорхоналарнинг 21,3 минг долларгача бўлган кредитлари, шунингдек, ўзаро ёрдам гуруҳларига бериладиган айрим кредитларни қамраб олади. Бу орқали давлат маблағлари банк кредитларини кафолатлашга йўналтирилади, тадбиркорларнинг эса гаровсиз молиялаштириш имкониятлари кенгаяди.

Австралияда металлургия заводининг иссиқлигидан фойдаланиб водород ишлаб чиқариш технологияси синовдан ўтказилди (CSIRO)

Австралиянинг CSIRO илмий агентлиги Hadean Energy компанияси технологиясини Порт-Кембла шаҳридаги BlueScope металлургия заводида синовдан ўтказди. 1 000 соатлик синов давомида бир килограмм водород ишлаб чиқариш учун 36 кВт·соатдан кам электр энергияси сарфланди. Одатда бошқа электролиз технологияларида бу кўрсаткич 50-55 кВт·соатни ташкил этади.

Янги технологияда металлургия заводидан чиқадиган буғ ва ортиқча иссиқлик сувни водород ва кислородга ажратиш учун ишлатилади. Натижада электр энергияси сарфи камаяди. CSIRO ишлаб чиққан қурилма қимматбаҳо ва ноёб металлардан фойдаланишни талаб қилмайди.

Кейинги босқичда қиймати 21 млн доллар бўлган йирикроқ саноат синови ўтказилади. Харажатларнинг ярмини Австралиянинг Қайта тикланувчи энергетика агентлиги молиялаштиради. Қурилма соатига 7 кггача водород ишлаб чиқариши ва корхонада пўлатга иссиқлик билан ишлов бериш жараёни учун зарур водороднинг 85 фоизини таъминлаши кутилмоқда.

Японияда истеъмол талабининг пасайиши сабабли иқтисодий ўсиш тўхтади (Япония ҳукумати)

Япония ҳукуматининг 16 ноябрда эълон қилинган дастлабки маълумотларига кўра, 2026 йилнинг III чорагида мамлакатнинг реал ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) деярли ўсмади. Аввалги чоракда иқтисодиёт 0,4 фоизга ўсган эди. Аҳолининг истеъмол харажатлари кетма-кет иккинчи чоракда 0,3 фоизга, уй-жой қурилишига сарфланган маблағлар эса 1,1 фоизга камайди.

Ташқи савдо ҳам иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатди. Товар ва хизматлар экспорти 0,2 фоизга камайди, импорт эса 2,5 фоизга ошди. Натижада экспорт ва импорт ўртасидаги фарқ ЯИМнинг чораклик ўсишини 0,6 фоиз бандига пасайтирди.

Шу билан бирга, корхоналарнинг ускуналар ва бошқа ишлаб чиқариш объектларига инвестициялари 1,6 фоизга ошди. Бироқ инвестициялар ўсишига қарамай, аҳолининг истеъмол талаби ҳали ҳам пастлигича қолмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар