Ўзбекистон – Тожикистон иқтисодий алоқалари жадаллик билан ривожланмоқда

Ўзбекистон – Тожикистон иқтисодий алоқалари жадаллик билан ривожланмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Тожикистон муносабатлари жадаллик билан ривожланиб стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Бу иккитомонлама алоқалар тарихида янги саҳифа очилганлиги, шериклик муносабатлари эса сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиқилганлиги ва амалий мазмун билан бойитилганлигидан далолат беради.

Бунинг яққол исботи сифатида икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва савдо алоқалариниг янги босқичга кўтарилганлигини кўрсатиш мумкин. Хусусан, 2020 йилда иккитомонлама товар айланмаси 502 миллион долларга етди, шу жумладан, экспорт – 404,5 миллион доллар, импорт – 97,3 миллион доллар. Бу 2017 йилга нисбатан икки баробарга кўп ва сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Эътиборли жиҳати шундаки, оғир пандемия шароитида ҳам (2020 йил) савдо алоқаларининг ўсиш жараёни сақлаб қолинди ва 5% ни ташкил этди.

Таъкидлаш керакки иқтисодий ҳамкорликнинг жадаллик билан ривожланишида, энг аввало икки мамлакат раҳбарлари ўртасида ўзаро ишонч ва дўстликка асосланган мулоқотнинг ўрнатилганлиги, ҳамда уларнинг диққат марказида турганлиги муҳим ўрин тутмоқда.

Жумладан, 2016 йил сентябрь ойида Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Президенти вазифасини бажаришга киришган илк кунлариданоқ қўшни Тожикистон билан барча жабҳаларда ҳамкорликнинг янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Бунга яққол мисол сифатида Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг 2016 йил 27-28 декабрь кунлари «Савдо ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия» йиғилишида иштирок этиш мақсадида Душанбе шаҳрига ташриф буюришганини ҳам кўрсатиш мумкин.

Айнан ушбу ташриф давомида томонлар иқтисодиёт, савдо, транспорт-коммуникация ва энергетика соҳаларидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари тўғрисида фикр алмашдилар ҳамда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш ва барча соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича келишиб олишди.

2018 йил эса икки томонлама муносабатлар тарихида ғоят муваффақиятли бўлди. Ушбу йил давомида турли даражаларда элликдан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди, ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 54 та ҳужжат имзоланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртта мажлиси ўтказилди.

Эътиборли жиҳати шундаки айнан 2018 йилдан бошлаб Ҳукуматлараро комиссия бош вазир даражасида ўтказилиши бошланди, ҳолбуки бу даврга қадар ушбу механизмни бошқариш бош вазир ўринбосари зиммасида эди. Ушбу қарор Комиссия фаолиятини активлашишига ва унинг ҳар икки тараф манфаатларини ифодаловчи комплекс масалаларни ҳал қилишда самарали воситага айланишига олиб келди. Жорий йилнинг 14-15 май кунлари ушбу комиссиянинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш керакки Ўзбекистон Республикаси президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йилнинг 9-10 март кунлари Тожикистонга амалга оширган давлат ташрифи ўзбек-тожик муносабатларини янги босқичга кўтарди, иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очди. Ташриф давомида савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит ҳамда бошқа бир қанча соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди. Товар айланмасини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олинди.

Бундан ташқари ушбу ташриф доирасида Душанбеда ўзбекистонлик ишбилармон доиралар иштирокида кўргазма ташкил этилди. Биргина ушбу кўргазмада ўзбекистонлик корхоналар 60 турдаги ускуналар, қурилиш материаллари, электротехника саноати маҳсулотлари, кимёвий ва минерал ўғитлар, фармацевтика, озиқ-овқат, чарм саноати, мебел ва уй-рўзғор буюмларини намойиш этдилар.

Тожикистон раҳбари Э.Рахмоннинг кўп ўтмай, 2018 йилнинг 17-18 август кунлари, Тошкент ва Самарқандга қилган ташрифи эса ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини белгилаб олишда муҳим қадам бўлди. Хусусан саноат, стандартлаш ва сертификатлаш, чегарадан ўтказиш, таълим ҳужжатларини тан олиш, геодезия ва геология, қишлоқ хўжалиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир 27 та ҳужжат имзоланди.

Иқтисодий ҳамкорликнинг ривожланиб бораётганлигининг яна бир муҳим омили – ўзбек ва тожик ишбилармон доиралари ўртасида «Б2Б» формати доирасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш ва қулай бизнес муҳитини шакллантиришга бўлган юксак эътибордир. Бу 2017, 2018 ва 2020 йилларда икки давлат ишбилармонлари иштирокида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган бизнес форумларда ҳам ўз аксини топмоқда. Бу каби тадбирларда Ўзбекистон ва Тожикистондан 300 га яқин тадбиркорлар иштирок этмоқда.

Бундан ташқари ўтган қисқа фурсат мобайнида Тожикистонда Ўзбекистоннинг 6 савдо уйи очилди. Тошкентда ҳам Тожикистоннинг савдо уйи иш бошлади. Қўшимчасига, икки давлат савдо саноат палаталари ўртасида «Ўзбекистон-Тожикистон ишчи кенгаши» ни тузиш бўйича келишувга эришилди. Бугунги кунда бу Кенгаш савдо ҳажмини кенгайтириш учун янги йўллар изламоқда.

Натижа эса узоқ куттирмади. 2020 йилга келиб Тожикистонга озиқ-овқат экспорт ҳажми 2017 йилги 7 милион доллардан 57 миллион долларга, трикотаж – 5 миллион доллардан 35 миллион долларга, нефть маҳсулотлари – 1 миллион доллардан 38 миллион доллларга ошди.

Айтиш лозимки Ўзбекистон Тожикистон иқтисодиётида қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган етарли даражадаги озиқ-овқат ва саноат тармоқларига эга бўлиб келажакда фармацевтика, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, кийим кечак ва тўқимачилик ҳамда ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича иккитарафлама фойдали лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Алоҳида эътибор ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди. 2018 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида Сўғд вилояти ишбилармон доиралари иштирокида “Саноат ярмаркаси” ўтказилди. Биринчи марта ўтказилган мазкур саноат ярмаркаси икки қўшни вилоятларнинг ишбилармонлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини боғлашга ва уни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбир доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўртасида 20 га яқин бизнес ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Шунингдек Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги мавжуд 17 та чегара контрол пунктларининг барчаси тўлиқ фаолият кўрсата бошлади. Тожикистон фуқаролари учун эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинди. Ўз навбатида бу каби тадбирлар икки давлат чегараларининг «дўстлик кўпригига» айланаётганлигидан далолат беради.

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг иқтисодий соҳада ривожланишининг яна бир муҳим сабаби бу – самарали кооперация алоқаларини ривожлантиришга бўлган қизиқишдир. Таъкидлаш керакки 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган муддатда Ўзбекистон ҳудудида тожик капитали иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 8 баробарга, яъни 25 тадан 202 тага кўпайди. Эътиборли жиҳати уларнинг 50%дан кўпроғи қўшма корхоналардир.

БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини беради.

Бундан ташқари Тожикистон ва Ўзбекистон умумий транспорт-коммуникациявий имконият ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланишнига алоҳида аҳамият бермоқда. Бунга яққол мисол сифатида 2018 йилда «Тошкент – Хўжанд», «Самарканд – Панджикент», «Денов – Душанбе» ва «Термиз – Душанбе» йўналишларида мунтазам автобус қатновини йўлга қўйилганлигини келтириш мумкин.

Шу билан бир қаторда 2017 йилда Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновларни қайта тикланганди. Ўзбекистон Ҳаво Йўллари Миллий авиакомпанияси Тожикистонга парвозлар сонини уч баробарга, яъни 60 тадан 208 тага оширди.

2018 йилда эса «Ғалаба-Амузанг» перегони (икки қўшни станция орасидаги масофа) орқали ўтувчи темир йўл тармоғи ҳам қайта тикланди. Натижада 2017-2019 йилларда автотранспорт орқали юк ташиш ҳажми 60%, ҳаво орқали юк ташиш ҳажми эса 2,6 баробарга ошди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши келажакда икки давлат иқтисодий алоқалариниг бунданда гуллаб-яшнашига замин яратади, зеро пандемия ва унинг оқибатида қабул қилинган карантин чоралари очиқ савдо оқимларини ушлаб туришда юкларни бошқариш соҳасидаги минтақалараро ҳамкорлик нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Мухтасар қилиб айтганда, бугун икки мамлакат раҳбарлари кўп томонлама иқтисодий шерикчиликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қатъий хоҳиш, шунингдек, янги марраларни елкама-елка туриб забт қилишга бўлган интилишни намоён этмоқдалар.

Шубҳасиз, икки давлат томонидан иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш-ўринларини яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу эса энг аввало, Маркази Осиё халқлари, шу жумладан, қардош ўзбек ва тожик халқларининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантиришда муҳим ўринга эгадир.

Б.Ражабов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар