Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари қандай келишувларни амалга оширди?

Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлари қандай келишувларни амалга оширди?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 март куни давлат ташрифи билан Покистонга етиб борди. Исломобод шаҳридаги аэропортда давлатимиз раҳбарини Покистон Бош вазири Имрон Хон кутиб олди, деб хабар қилади Президент матбуот хизмати.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятига молик масалалар юзасидан фикр алмашилар экан, томонларнинг позицияси бир хил ёки ўхшаш экани тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.

Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

– Қадимий буюк Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос боғлаб туради. Биз бугун бу кўҳна анъаналарни қайта тиклаяпмиз. Давлатлараро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион доллар, келгусида эса 1 миллиард долларга чиқариш имконияти борлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.

Аввало, саноат соҳаларида кооперация дастурини, савдо айланмаси таркибини кенгайтириш бўйича “йўл харитаси”ни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Иккинчи муҳим йўналиш – мамлакатларимиз ва минтақаларимиз ўртасида мультимодал транспорт, юк ва ҳаво ташувлари бўйича ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда Транзит ва савдо битими кучга кирди, мунтазам юк ташувлари учун асос яратилди.

Президентимиз транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини яна бир бор таъкидлади.

– “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли бизнинг умумий келажагимиздир. Бу йўл битса, Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз. Бу темир йўл минтақаларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади, – дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Музокарада ушбу лойиҳани янада илгари суриш бўйича келишувга эришилди. Доимий авиақатновларни қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ҳам ривожланмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ва Панжоб музофоти ишбилармонлари кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Келгусида Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси ва бошқа ҳудудларда ҳам ана шундай самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.

Президентимиз зиёратларни тизимли ташкил этиш мақсадида қўшма гуруҳ тузиш, икки мамлакат Туризм вазирликларининг ваколатхоналарини очишни таклиф қилди.

Учрашувда илм-фан, экология, олий таълим, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларга ҳам эътибор қаратилди.

Ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари, вазирлар эришилган келишув ва келгусидаги режалар ҳақида ахборот берди. Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон уларнинг таклифларини қўллаб-қувватлаб, тегишли кўрсатмалар берди.

– Ўйлайманки, бугунги очиқ ва сермаҳсул мулоқотларимиз, имзоланадиган ҳужжатлар стратегик шериклигимизнинг янги истиқболли йўналишларини очади. Энг асосийси, биз – икки биродар бир-биримизни яхши тушунамиз. Биз қўйган катта марраларга эришиш учун Ҳукуматларимиз доимий мулоқотда бўлишлари зарур, – деди Президентимиз.

Исломободдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Имрон Хон Ўзбекистон Республикаси билан Покистон Ислом Республикаси ўртасида Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.

Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темир йўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, банк-молия ва бошқа асосий йўналишларда кооперацияни кенгайтириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.

Ташриф арафасида ўтказилган ишбилармонлик тадбирлари натижасида умумий қиймати 800 миллион долларлик 60 та янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.

Томонлар Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик қўшма транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига чиқувчи “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” стратегик темир йўлини қуриш ишларини яқин муддатларда бошлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

‑ “Аср лойиҳасидеб аталаётганТермизМозори-ШарифКобул - Пешовартемир йўли нафақат мамлакатларимиз, балки кенг минтақаларимиз халқлари умумий равнақига ҳисса қўшади, деб ишонамиз, – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар