Нур-Cултон шаҳрида (Қозоғистон) Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес-форуми ва Ўзбекистон-Қозоғистон ишбилармонлар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Тадбирда икки мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, савдо-саноат палаталари, холдинг компаниялари раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда икки мамлакат ҳукуматларининг Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармонлари ўртасида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама савдони фаоллаштириш борасида бевосита ҳамкорлик ўрнатиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёрлиги қайд этилди.
Бу борада аллақачон иш олиб борилмоқда. Жумладан, мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини мунтазам етказиб беришни таъминлаш мақсадида қўшма улгуржи савдо марказларини ташкил қилишни ҳамда бошқа ташаббусларни ўз ичига олган ўзаро товар айланмасини ошириш бўйича қўшма “Йўл харитаси” тасдиқлаш учун тайёрланди.
Икки мамлакат ишлаб чиқарувчилари ўртасида саноат ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва шу орқали Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодиётларининг қиёсий устуворликларини ҳисобга олган ҳолда узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришнинг кенг истиқболлари қайд этилди. Бу борадаги ҳамкорликка аниқ мисоллар келтирилди.
Хусусан, ҳозирги кунда икки мамлакат ҳудудида тўқимачилик, автомобилсозлик, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қурилиш ва бошқа соҳалардаги қатор корхоналар муваффақиятли ишга туширилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича алоҳида “Йўл харитаси”ни амалга оширишда ҳам ютуқларга эришилди. Бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, янги истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тадбиркорларни биргаликда бизнес ҳамкорликка жалб этишга ўзаро интилиш борлиги билдирилди.
Шу нуқтаи назардан, янги ташаббус – икки мамлакатнинг чегара ҳудудида Халқаро саноат кооперацияси маркази ташкил қилиниши алоҳида қайд этилди. Марказ зарур ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан жиҳозланади. Унинг резидентлари ўзбекистонлик ва қозоғистонлик тадбиркорларини қўшма саноат корхоналарини ташкил этишга жалб қиладиган бир қатор имтиёз ва преференцияларга эга бўлади.
Форум давомида икки мамлакатнинг вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва ҳудудий бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, бизнес вакиллари томонидан тақдимотлар ўтказилди. Унда ҳамкорлик салоҳияти батафсил очиб берилди ва келгусида ишлаб чиқиш учун истиқболли лойиҳалар тақдим қилинди. “G2B” ва “B2B” музокараларида ҳамкорликнинг амалий жиҳатлари ҳамда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Тадбирлар якунида икки мамлакат Бош вазирлари ўринбосарлари Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мустаҳкам ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга содлиқлигини билдирдилар.
Форум якунида умумий қиймати 5,9 миллиард долларга тенг бўлган қўшма лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича савдо шартномалари ва икки томонлама битимлар имзоланди.
Изоҳ қолдириш