Ўзбекистонда электрон ҳужжат қабул қилинди

Ўзбекистонда электрон ҳужжат қабул қилинди

Ўзбекистон тарихида илк электрон ҳужжат қабул қилинди ва Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мазкур ҳужжат соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган бўлиб, унга асосан тиббиёт ходимлари томонидан беморларга рецепт ёзишда дори воситаларининг савдо номини эмас, балки унинг таркибидаги таъсир қилувчи моддаларни ёзиш талаб этилади. Бу эса фуқароларга таркиби бир хил бўлган дори воситаларини ўзларининг хоҳишига асосан сотиб олишларига имконият яратади, шунингдек, тиббиёт ходимлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатлари, тиббиёт ходимлари ва фармацевтика компаниялари ўртасидаги ноқонуний келишувларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Электрон тизимнинг жорий этилиши бир қатор қулайлик ва енгилликлар яратади:

– Адлия вазирлигига киритилаётган ҳужжат қоғоз шаклида берилмайди

ва муҳр билан тасдиқланмайди;

– вазирлик ва идоралар билан келишиш учун электрон рақамли имзодан фойдаланилади;

– ҳужжатлар бир вақтнинг ўзида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади;

– ҳужжатларни қабул қилиш учун алоҳида адлия вазирининг буйруғи қабул қилинмайди, улар уникал рақам берилган ҳолда электрон давлат реестрига киритилади ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилади;

– давлат рўйхатидан ўтказилган ҳужжатлар автоматик равишда Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (www.lex.uz) чоп этилади.

Бир сўз билан айтганда, ҳужжатларни ишлаб чиқиш, келишиш ва давлат рўйхатидан ўтказишнинг электрон тизимига ўтиш «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширилган муҳим қадамлардан бири бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари ўртасида қоғозсиз ҳужжат алмашинувини кенгайтириш, бюрократияни қисқартириш, бу соҳада рақамли технологияларни жорий этиш ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш жараёнини шаффоф ҳамда тез амалга оширишга хизмат қилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар