Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов 5 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда яшаш минимуми яъни “истеъмол саватчаси”нинг энг кам миқдори эълон қилинишига оид BBC мухбири Аваз Тоҳиров саволига жавоб берди. Хусусан, журналист Аваз Тоҳиров яшаш минимуми очиқланмаслиги унинг бюджет харажатларига қўшимча юк бўлиши билан изоҳланадими, дея савол берди.
Яшаш минимуми Ўзбекистонда жорий этилмаслигининг сабаби нимада, яъни бюджет кўтармаслигидами?
Бу масаланинг битта сабаби деб бўлмайди. Бу ҳам сабабларни ичида бўлиши мумкин. Бу ҳали бизда чуқур тадқиқ қилинмаган. Ҳисоб-китоб қилинаётганда аҳолини даромадларини ўлчаш деган нарса бор. Масалан, Ўзбекистонда 13 миллион аҳоли ишлаётган бўлса, шундан 4,5 миллионга яқини солиқ тўлайди. Қолганларнинг даромади ҳақида расмий ҳисоб йўқ. Масалан, ҳар битта оила қанча даромад қилаётганини қаердан биламиз? Чуқур тадқиқот қилиш керак. Қанча истеъмол қилаётганини қаердан биламиз? Чуқур тадқиқот қилиш керак.
Ўзбекистон Республикасининг ичида ҳам кўпгина ҳудудларни қарасангиз бир-биридан кескин фарқ қилади. Баъзи бир ҳудудларни одатлари бошқа ҳудудларга нисбатан фарқ қилади. Бу нарсалар яшаш минимумида акс этиши керакми йўқми?
“Истеъмол саватчаси” – муайян вақт давомида инсон ҳаёти ва унинг саломатлигини сақлаш учун зарур маҳсулотлар, товарлар ва хизматларнинг энг кам тўплами. “Истеъмол саватчаси” энг кам иш ҳақи ва пенсиялар, базавий ижтимоий тўловлар, ишсизлик, болани парваришлаш, боқувчисини йўқотганлик нафақалари, стипендиялар каби моддий эҳтиёж миқдорларини белгилаш учун ҳисоб-китобга асос бўлиши керак.
Анъанага кўра, “Истеъмол саватчаси” 3 қисм – озиқ-овқат маҳсулотлари, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлардан иборат. Ноозиқ-овқат товарларига кийим-кечак, пойабзал, биринчи навбатда зарур бўлган буюмлар, дори-дармонлар, маданий-маиший ва хўжалик учун мўлжалланган товарлар ва ҳоказолар киради. Хизматлар рўйхатидан эса коммунал, транспорт хизматлари, маданий-маърифий жабҳалар ўрин олади.
Одатда “Истеъмол саватчаси” аҳолининг 3та асосий ижтимоий-демографик гуруҳи – меҳнатга лаёқатли аҳоли, пенсионерлар ва болалар учун ишлаб чиқилади. Яъни аҳолининг турли қатламлари тирикчилиги учун зарур энг кам миқдорни белгилашда муайян даврда истеъмол саватчасидаги барча неъматларни истеъмол қилиш нормаларини аниқлаш зарур. Масалан, оддий фуқаро нормал ҳаёт кечириши учун ҳар куни истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами ва миқдорини ҳисоблаш ёки барча коммунал харажатларни қоплаши учун ойига қанча сумма зарурлиги аниқланади.
Изоҳ қолдириш