Президентнинг “Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Янги ҳужжат мамлакатда иқтисодий фаолликни ошириш, рақобат муҳитини мустаҳкамлаш ҳамда бизнесни яширин иқтисодиёт айланмаларидан чиқариб, тўлиқ расмий фаолият юритишга рағбатлантиришга қаратилган.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2024 йилда ЯИМдаги кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 34,8% (505 трлн сўм)ни ташкил этди. Шундан:
- яширин иқтисодиёт 24,1% (122 трлн сўм),
- норасмий иқтисодиёт эса 75,9% (384 трлн сўм).
Кузатилмайдиган иқтисодиёт — бу ваколатли органлар томонидан расмий рўйхатга олинмаган ва статистик кузатувлар доирасига киритилмаган иқтисодий фаолият бўлиб, унга яширин, норасмий ва ноқонуний иқтисодиёт турлари киради.
Яширин иқтисодиёт легал, аммо декларация қилинмаган фаолият турларини ўз ичига олади, масалан, меҳнат муносабатлари расмийлаштирилмаган ҳолда ишлаш. Бу иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиб, солиқ тушумларини камайтиради ва тенгсиз рақобат муҳитини яратади.
Норасмий иқтисодиёт фуқароларнинг рўйхатдан ўтмаган тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш (хизматлар) фаолиятини ўз ичига олади ва расмий меҳнат бозорида ишлаш имконияти бўлмаган гуруҳлар учун бандликни таъминлайди.
Ноқонуний иқтисодиёт эса қонунчиликка хилоф бўлган барча турдаги фаолиятларни ўз ичига олади.
Соҳалар бўйича кузатилмайдиган иқтисодиёт даражаси қуйидагича: қишлоқ хўжалиги – 63%, қурилиш – 41%, хизмат кўрсатиш – 40 %, ишлаб чиқариш – 9 %. Бу кўрсаткичлар иқтисодий фаолиятнинг турли соҳалардаги очиқлик даражасини ва норасмий фаолият улушини аниқ кўрсатиб беради.
2030 йилга қадар мақсадли кўрсаткичлар
Фармонга мувофиқ, ЯИМга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини камайтириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. 2024 йилда ушбу кўрсаткич 34,8% бўлган бўлса, 2030 йилга келиб уни 23%га тушириш режалаштирилган. Бу ўзгариш яширин иқтисодиёт улушини тахминан 1,3 баробар қисқартиришни англатади ва иқтисодий фаолиятнинг ошкора бўлишига хизмат қилади.
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида нақд пулсиз тўловларнинг улуши ҳам сезиларли оширилиши мўлжалланган. 2024 йилда бу кўрсаткич 66%ни ташкил этган бўлса, уни 2030 йилга келиб 75%га етказилади. Бу эса нақдсиз тўловлар улушининг 1,2 баробар ўсишини таъминлаб, хизматлар бозорида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтиради.
Иқтисодий фаол аҳоли таркибида расмий бандликни ошириш ҳам муҳим мақсадлардан бири ҳисобланади. 2024 йилда расмий сектордаги банд аҳоли умумий иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 49% ни ташкил этган. 2030 йилгача ушбу кўрсаткични 64%га етказиш, яъни 1,3 баробар ошириш режалаштирилган. Бу меҳнат бозорида расмийлаштириш жараёнларини тезлаштиради ва аҳоли даромадларининг шаффофлигини таъминлайди.
Фармонда мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги мавқеини яхшилаш ҳам кўзда тутилган. Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистоннинг ўрни 2024 йилда 103-поғона бўлган. 2030 йилда мамлакатни 73-ўринга кўтариш чоралари белгиланган. 30 поғоналик бу силжиш иқтисодий муҳит эркинлик, бизнес юритиш шароитлари яхшиланиши ва инвестициявий жозибадорликнинг ошишига хизмат қилади.
Шу билан бирга, Коррупцияни қабул қилиш индексидаги натижаларни яхшилаш бўйича ҳам аниқ кўрсаткичлар белгиланди. 2024 йилда Ўзбекистон 121-ўринда қайд этилган бўлса, 2030 йилга келиб мамлакат ушбу рейтингда 91-ўринга чиқиши мўлжалланган. Яъни 30 поғоналик ижобий ўсиш коррупцияга қарши ислоҳотлар самарадорлигини кўрсатади.
Қабул қилинган фармон иқтисодий шаффофликни ошириш, рақамли тўловларни кенг жорий этиш ва фуқароларнинг расмий бандлигини кучайтириш орқали мамлакатда барқарор ва очиқ иқтисодий муҳит яратишга хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш