Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ва инклюзив ипотека бозорини ривожлантириш

Ўзбекистонда уй-жой қурилиши ва инклюзив ипотека бозорини ривожлантириш

3 март куни Президент Шавкат Мирзиёев уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Йиғилишда аҳолини уй-жой билан таъминлашда кредит шартлари енгиллаштириш ва субсидия бериш тўғрисида сўз юритилди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази эксперти Халилуллоҳ Ҳамидовнинг таҳлилларига кўра, ҳозирда глобал миқёсда паст ва ўрта даромадли аҳолининг уй-жой сотиб олиш қобилиятининг пасайиши кузатилмоқда.

2030 йилгача барча учун турар жой ва уй-жой коммунал хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилгача 3 млрд одамда янги уйлар ва уй-жой коммунал хизматларидан фойдаланишга эҳтиёж пайдо бўлади. Бу глобал даражада янги 300 млн бирлик уй-жой қурилишини тақозо этади[1].

Бироқ, жаҳон миқёсида уй-жойларни қуриш аҳоли сонининг доимий ўсиб бориши ва урбанизация жараёнлари суръатларидан ортда қолмоқда. Айниқса, глобал молиявий-иқтисодий инқироздан сўнг ипотека кредитларининг қаътийлаштирилиши узоқ йиллар давомида уйга муҳтож аҳоли талабининг «кечиктирилиши»га сабаб бўлди ва етарли миқдорда уйлар қурилмади.

2020 йилда COVID-19 ушбу тенденция таъсирини янада кучайтирди. Коронавирус инқирози даврида аҳоли даромадларининг камайиши ҳамда масофадан туриб ишлаш амалиётининг татбиқ этилиши уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг ошиб боришига олиб келмоқда.

Ҳозирда глобал миқёсда паст ва ўрта даромадли аҳолининг уй-жой сотиб олиш қобилиятининг пасайиши кузатилмоқда. Агар уй-жой таъминоти сезиларли даражада оширилмаса ва инклюзив ипотека бозори ривожлантирилмаса, уй-жойга муҳтож оилалар, айниқса ёшларнинг келажакда уй эгалари бўлиш имкониятлари чекланади.

Чунки, уй-жой бўйича харажатлар, одатда, аҳоли харажатларининг катта қисмини ташкил қилади. Ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти шароитида аҳолини уй-жой бўйича қўллаб-қувватлаш бир пайтни ўзида мазкур харажатларни қисқартириш имконини бериб, аҳолининг истеъмолини кўпайтиради ва шу орқали иқтисодий фаоллик ортади. Шу билан бирга, ўтказилган тадқиқотларга кўра, уй-жой бўйича давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар мамлакатда камбағалликни камайтиришга ҳамда ижтимоий нотенгликни қисқартиришга катта ҳисса қўшади.

Шу боис Ўзбекистонда ҳам йиллар давомида уй-жой бўйича талабни қондириш мақсадида 3 март куни Давлатимиз Раҳбари томонидан кенг қамровли уй-жой қурилишини ривожлантириш дастури эълон қилинди.

Унга кўра мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда янги имкониятлар яратиш мақсадида қуйидаги ишларни амалга ошириш белгиланди:

- жорий йилда 45 мингта янги хонадонлар қурилади;

- эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий турар-жой билан таъминлашнинг янги тизими жорий этилади;

- оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган оилаларни имтиёзли ижара асосида уй-жой билан таъминлаш тизими жорий этилади;

- ипотека кредитларини 6 ойлик имтиёзли давр билан 20 йилга ажратиш, шаҳарларда дастлабки бадални 20 фоиздан 15 фоизга тушириш орқали бозор тамойиллари асосида кредит шартлари енгиллаштиради;

- паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи (учдан икки қисми) субсидия сифатида тўлаб бериш орқали субсидиялаш ҳажми оширилади.

Пандемия инқирозидан сўнг эълон қилинган бу дастур нафақат аҳолини уй-жой билан таъминланишини оширибгина қолмай, бизнес фаолликни ҳам ошириб иқтисодий ривожланиш суратларини ўсишига кучли туртки беради.

Халилуллоҳ Ҳамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

бош илмий ходими

[1]https://www.worldbank.org/en/news/infographic/2016/05/13/housing-for-all-by-2030

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар