Ўзбекистонда Янги йил йилда корпоратив байрам тадбирларини ташкил этиш тақиқланди

Ўзбекистонда Янги йил йилда корпоратив байрам тадбирларини ташкил этиш тақиқланди

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг баёноти эълон қилинди.

Унга кўра, комиссия қарори билан вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа ташкилотларига турли хил корпоратив байрам тадбирларини ташкил этиш тақиқланмоқда. Корпоративлардан тежаб қолинган маблағларни таълим, соғлиқни сақлаш, меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий соҳаларга йўналтириш тавсия этилди.️

Юқоридаги чеклов ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш объектларида 30 кишидан ошмаган ҳамда санитария-гигиена ва карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда байрам тадбирларини ўтказишга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ва олий таълим муассасаларида тарбияланувчилар, ўқувчилар ва талабалар иштирокида ёпиқ биноларда турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланди.

Фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилсин, дейилади баёнотда.

«Президент арчаси» байрам тадбирлари фақатгина меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчилари учун ўтказилиши белгиланди. Бунда тарбияланувчиларнинг биргаликда бир масканда истиқомат қилиши инобатга олинган.

Вилоятлар, туманлар марказлари ва шаҳарларда очиқ осмон остида арчалар ўрнатиш тавсия этилмоқда.

Вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ҳамда хўжалик бирлашмаларига янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш учун ходимларга зарур шарт-шароитларни яратиш чораларини кўриш бўйича топшириқ берилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларини ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги хорижий мамлакатлар ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда жамоат жойларида ниқобдан фойдаланиш бўйича тарғибот ишларини кучайтириш назарда тутилди.

Махсус комиссия жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш, тиббий ниқобдан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш бўйича масъул идораларга тегишли топшириқ берди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар