Ўзбекистондаги бизнес муҳити: саноат ва хизматларнинг ўсиши

Ўзбекистондаги бизнес муҳити: саноат ва хизматларнинг ўсиши

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республика бўйича тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида 2025 йил апрел ойи учун бизнес муҳити таҳлили натижаларини тақдим этди. Олинган маълумотларга асосланиб, бизнеснинг ҳолати ва уларнинг кутилмаларини жорий баҳолашни тавсифловчи консолидацияланган бизнес муҳити кўрсаткичи шакллантирилди.

Бизнес муҳити индекси

Апрель ойида бизнес муҳити индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 бандга ошди ва 57 бандни (-100 дан +100 шкалада) ташкил этди, бу эса узоқ муддатли истиқболда бизнеснинг ишончи мустаҳкамланганидан далолат беради.

Ўзбекистон бизнес муҳити динамикаси

Бизнес муҳитининг жорий ҳолати индекси ўтган йилнинг апрель ойига нисбатан 11 бандга ўсиб, 41 бандни ташкил этди.

Жорий бизнес ҳолати индекси тадбиркорларнинг мамлакатдаги савдо, бандлик, талаб, ресурслардан фойдаланиш, фаолият муҳитининг барқарорлиги каби реал вазият ва бизнес юритиш шартлари ҳақидаги тасаввурларини акс эттиради.

Сўровномага кўра, респондентларнинг 38%и сўнгги уч ойда ўз бизнеслари ҳолати яхшиланганини қайд этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6% бандга юқори.

Бундан ташқари, респондентларнинг 26%и сўнгги ойларда ўз ишчилари сонини кўпайтирди (бир йил аввалги 20%га нисбатан), бу нафақат бизнесга бўлган ишончнинг ортиши, балки компанияларнинг операцион фаолиятининг кенгайганидан далолат беради.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалари индекси йил давомида 5 бандга ошиб, 74 бандга етди. Тадбиркорларнинг барқарорликка ишончи тобора ортиб бормоқда.

Тадбиркорларнинг аксарияти (78%и) келгусида ўз бизнесининг ҳолати яхшиланишига ишонишади, бу ўтган йилга нисбатан 5% бандга юқори. Бандликнинг кутилаётган ўсиши анча юқори даражада қолмоқда (61%), бу бизнес кенгайиши барқарорлигини тасдиқлайди.

Шу билан бирга, нархлар тушишини кутаётганларнинг улуши унчалик катта эмас ва атиги 7%ни ташкил этади, бу эса жорий нархлар даражасини сақлаб қолиш умидларини ёки ўртача инфляция кутишларини акс эттириши мумкин.

Сектор таҳлили

Саноат сектори барқарорлик ва мўътадил оптимизмни кўрсатмоқда. Саноатдаги тадбиркорларнинг 41% бизнеснинг жорий ҳолатини яхши деб баҳолайди, бу ўртача кўрсаткичдан юқори. Ижобий умидлар сезиларли даражада ошди: тадбиркорларнинг 83%и ўтган йилги 76%га нисбатан келгусида бизнеснинг ҳолати янада яхшиланишини билдирди. Бу барча тармоқлар орасида оптимизмнинг энг юқори даражасидир. Сўнгги уч ойда ижобий динамиканинг ўсиши ҳам тасдиқланди: 38% (+ 5 ф.б.) бизнедаги вазият яхшилангани ҳақида хабар берди.

Қишлоқ хўжалиги барқарор ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Тадбиркорларнинг деярли ярми (46%) бизнеснинг жорий ҳолатини қониқарли деб баҳолайди. Бандликнинг ўсиши қайд этилди, респондентларнинг 27% эса ишчилар сони ўсганлигини билдирди, бу эса операцияларнинг кенгайишининг белгисидир. Келгусида бизнес ҳолати янада яхшиланишни кутаётганларнинг улуши ҳам ортиб, 79%ни ташкил этди (+5 ф.б.), бу қишлоқ хўжалиги соҳасида ижобий кайфиятни акс эттиради.

Хизматлар соҳаси қисқа муддатда энг катта фаолликни кўрсатади. Шундай қилиб, респондентларнинг 43% сўнгги ойда талабнинг ўсганлигини қайд этди, бу бошқа тармоқларга қараганда юқори. Иштирокчиларнинг 42% бизнеснинг ҳозирги ҳолатини яхши деб баҳоласа, 76% келгусида бизнес янада яхшиланишни кутмоқда, бу эса истеъмол талабининг тикланиши ва секторнинг иқтисодий шароитларга мослашувчанлигини кўрсатиши мумкин.

Қурилиш сектори, аксинча, турғунликни кўрсатмоқда. Респондентларнинг ярмидан кўпи (51%) бизнес ҳолати ўзгармаганини ва фақат 19% яхшиланишни кутаётганини айтди, бу барча секторлар бўйича энг паст кўрсаткичдир.

Умуман олганда, тармоқлараро таҳлил шуни кўрсатадики, саноат ва хизматлар тикланиш босқичида, қишлоқ хўжалиги ўртача ижобий траекторияни сақлаб турибди, қурилиш эса бизнеснинг ишончи ва фаоллигининг асосий кўрсаткичлари бўйича орқада қолишда давом этмоқда.

Бизнеснинг долзарб муаммолари

Сўров турли иқтисодиёт тармоқларида бизнес муҳитидаги асосий тўсиқлар ва ўзгаришларни аниқлади.

Қишлоқ хўжалигида 10%дан 12%гача молиялаштиришдаги муаммолар, шунингдек, 4%дан 6%га ер олишдаги муаммолар кўпайди. Паст талаб ва коррупция билан боғлиқ қийинчиликларнинг ортиши қайд этилди, гарчи бу муаммолар нисбатан паст даражада қолмоқда.

Саноатда, аксинча, тўсиқлар сонининг қисқариши кузатилмоқда. Электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар 7%дан 2%га, солиқ маъмурчилиги – 10%дан 7%га, газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар 4%дан 1%га, хомашё нархлари ва уларнинг етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар 3%дан 1%га камайди.

Қурилиш соҳасида паст талаб билан боғлиқ муаммолар 6%дан 1%га, солиқ маъмурчилиги эса 6%дан 4%га камайди. Шу билан бирга, молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар 8%дан 11%га, электр таъминотида эса 2%дан 4%га кўпайган.

Хизматлар соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Молиялаштириш билан боғлиқ муаммолар 16%дан 9%га, паст талаб 8%дан 3%га, юқори солиқ ставкалари 12%дан 8%га, газ таъминотидаги муаммолар 4%дан 1%га камайди.

***

Умуман олганда, Ўзбекистондаги бизнес муҳити ижобий динамикани намоён этмоқда, молиялаштириш ва инфратузилма муаммолари билан боғлиқ айрим қийинчиликларга қарамасдан, аксарият тармоқларда ишбилармонлик фаоллигининг барқарор ўсиши кузатилмоқда, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаси энг катта оптимизмни кўрсатмоқда, қишлоқ хўжалиги ўртача ўсишни таъминламоқда, қурилишда талабнинг пастлиги ва молиялаштиришнинг чекланганлиги билан боғлиқ қийинчиликлар мавжуд.

Ўзбекистон бизнес муҳити индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Банк-молия ва капитал бозорлари фаолиятини ўрганиш шўъбаси

тел.: (78) 150 02 02 (411)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар