Ўзбекистонда 2000 га яқин ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди

Ўзбекистонда 2000 га яқин ҳукумат қарори ўз кучини йўқотди

Бугунги кунга келиб, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида қонун ҳужжатларининг сони 35 мингдан ортиқ.

Хабар берилишича, бир масала юзасидан бир нечта ҳужжатларнинг мавжудлиги фуқаролар ҳаёти ва тадбиркорлар фаолиятида қуйидаги муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар муайян масала бўйича айнан қайси ҳужжатга амал қилиши кераклиги юзасидан саволларни туғдирмоқда. Натижада масалани тушуниш ва унга ҳуқуқий ечим топиш учун юзлаб ҳужжатларни кўриб чиқишга тўғри келмоқда.

Иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Учинчидан, ҳужжатлар ўртасида зиддиятлар такрорланишларни келтириб чиқармоқда, ва натижада ҳужжатларнинг амалиётда қўлланилишида қийинчиликлар келиб чиқмоқда.

Таъкидланишича, шу каби муаммоларнинг долзарблигини инобатга олган ҳолда Адлия вазирлиги томонидан барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш орқали қонунчилик базасини қисқартириш ёки бошқа сўз билан айтганда, кесиб ташлаш («тартибга солувчи гилётина» усули орқали) ишлари самарали йўлга қўйилган.

Шу йўналишда, жумладан, 2020 йилда 500 га яқин ҳужжатларни бекор қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Президентининг фармони қабул қилинди. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 га яқин ҳужжатларининг ўз кучини йўқотишини назарда тутувчи ҳукумат қарори қабул қилинди.

Шу кунларда «Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилди.

Мазкур фармон лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • тадбиркорлик, савдо, мулк ҳуқуқи, қурилиш, хусусийлаштириш, транспорт, соғлиқни сақлаш, паспорт, прописка тизими соҳасидаги ҳужжатларни тўлиқ кўриб чиқиб, ҳар бир соҳа кесимида уларни бирлаштириш;
  • ўз аҳамиятини йўқотган, бир-бирини такрорловчи ва бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган ҳужжатларни аниқлаш ва уларни бекор қилиш;
  • эскирган ҳужжатларнинг керакли қоидаларини предмети бўйича яқин бошқа ҳужжатларга кўчириш;
  • давлат органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатларни тизимлаштириш орқали уларнинг сонини қисқартириш;
  • юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжат шаклига ўтказиш орқали айрим идоравий ҳужжатларни бекор қилиш.

Фармон лойиҳасида белгиланган устувор вазифалар ўзининг аҳамияти ва кўламидан келиб чиқиб, жуда кенг қамровли ишлар қилинишини тақозо этади. Шу боис, ушбу йўналишдаги ишларни босқичма-босқич равишда 2021–2025 йиллар давомида амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш ёки бошқа сўз билан айтганда уларни камайтириш:

  • биринчидан, фуқаролар ва тадбиркорлар томонидан айнан қайси ҳужжатдан фойдаланса, тўғри бўлади деган саволга ечим топилади;
  • иккинчидан, ҳуқуқий ахборотдан фойдаланишда ва ҳуқуқшунос хизматлари билан боғлиқ сарф-харажатлар қисқаришига хизмат қилади;
  • учинчидан, қонунчиликдаги такрорланишлар ва тафовутларнинг бартараф этилишига олиб келади.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар