Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Жеке терек” маҳалласи)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Жеке терек” маҳалласи)

– Фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз? Бундан олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Зиммангиздаги вазифани қандай тушунасиз?

– Деярли икки йилдан бери ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаб келяпман. Бу лавозимга келишимдан аввал Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Аппарати Умумий бўлимида етакчи мутахассис бўлиб ишлаганман. Мазкур вазифадаги фаолиятим даврида муайян тажриба ва кўникмага эга бўлдим, бу эса ҳозирги фаолиятим учун ҳам жуда қўл келди. Ҳоким ёрдамчиси сифатида асосий вазифаларимиздан бири – маҳалладаги ҳар бир хонадонни бирма-бир ўрганиб чиқиб, уларнинг яшаш шароитига қараб тоифаларга ажратиб олиш ҳамда, энг аввало, яшаш шароити оғир хонадонларга қандай ёрдам кўрсатиш кераклигини аниқлашдан иборат. Чунки қайси хонадонга қанақа кўмак берилишини аниқламасак, унга бошқа ёрдам кўрсатиш, масалан, кредит беришни тавсия қилсак, у ҳали тадбиркорлик қилиб кета оладиган даражада бўлмаслиги мумкин. Унга кредит ажратиб, баттар камбағал қилиб қўйсак, бундан ёмони йўқ. Шунинг учун ҳар бир хонадонга алоҳида ёндашиш талаб қилинади. Бундан ташқари, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва субсидиялар ажратиш ҳам муҳим иш йўналишларидан ҳисобланади.

– Маҳаллангиз ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз. Маҳалла инфратузилмаси қай аҳволда? Аҳолининг ижтимоий таркиби қандай? Ҳудудда қандай муаммолар долзарб бўлиб турибди?

– Маҳалламиз шаҳар марказидан 3 км узоқликда жойлашган, умумий майдони 46 гектарни ташкил этади. Жами хонадонлар сони 1278 та бўлиб, 5340 нафар фуқаро истиқомат қилади. Маҳалламизнинг инфратузилмаси яхши аҳволда: автомобиль йўллари, ички кўчалар асфальтланган, шағал тўшалган, ичимлик суви, электр энергияси ва табиий газ, телекоммуникация, интернет алоқалари билан таъминланиш даражаси ҳам юқори. Бундан ташқари, ҳудудда қурилиш бозори мавжуд бўлиб, қурилиш молларини ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги корхоналар кўпчиликни ташкил этади. Аҳолининг ижтимоий таркиби 3 тоифага бўлинган, яъни 5 фоизи – 1-тоифа (кам таъминланган), 62 фоизи – 2-тоифа (ўрта) ва 33 фоизи – 3-тоифа (юқори). Ишга яроқли аҳоли улуши – 71 фоиз (давлат хизматчилари, тадбиркорлар, норасмий ишчилар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар), аҳоли таркибининг қолган қисмини вояга етмаганлар, нафақа олувчилар (пенсионерлар) ва меҳнатга лаёқатсиз, ногиронлиги бўлган шахслар ташкил қилади. Ҳудудимизда аҳолини “боқимандалик” кайфиятидан чиқариш долзарб муаммолардан бири деб ўйлайман. Сабаби, фақат нафақа пули олиб, давлат томонидан бериладиган ёрдам пулига яшашга ўрганиб қолганлар ҳам йўқ эмас. Бу муаммонинг ечимини топиш мақсадида, уларни қўшимча даромад келтирадиган ишлар билан банд қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланишга ундаш каби ишларни олиб боряпмиз. Инсон ҳамиша ўзи учун ҳаракат қилиши зарурлигини уқтиришга ҳаракат қиляпмиз.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ҳудудда йирик тадбиркорлар борми? Уларни маҳалланинг иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ишларига қандай жалб қилиш мумкин? Улар билан қандай ишлаяпсиз? Мисоллар келтира оласизми?

– Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун имкониятларимиз кўп, чунки ҳудудда қурилиш бозори жойлашган ва қурилиш молларини ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда. Улар маҳалламизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ишларида муҳим ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. Масалан, “Уй-жой қурилиш” МЧЖ, “Инвест строй Нукус” МЧЖ корхоналари уй-жой қуриш ишларини амалга оширади, “Нукус Мед Тех” МЧЖ корхонаси тиббий шприц ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Бу маҳаллани ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади. Ушбу корхоналарда 300 дан ортиқ иш ўрни мавжуд бўлиб, улар билан ҳамкорликда ишсиз фуқароларни иш билан таъминлаш бўйича амалий ҳаракатларни олиб боряпмиз. Шунингдек, бошқа йирик тадбиркорлик субъектлари ҳам мавжуд бўлиб, улардан тушадиган солиқ тушумлари туфайли маҳалламиз имкониятлари янада кенгаймоқда.

– Ўтган вақт давомида маҳаллада аҳолини камбағаллик ҳолатидан чиқариш борасида нима ишлар қилинди? Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш учун яна нималар қилиш керак?

– Маҳаллада 39 та камбағал хонадонни камбағалликдан чиқариш мақсадида биз ҳар бир хонадон учун алоҳида индивидуал дастур ишлаб чиққанмиз, оиланинг ҳар бир аъзоси учун зарур чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Масалан, оила аъзоларини касб-ҳунарга ўқитиш, ўзини ўзи банд қилиши учун кредит ёки субсидия ажратиш ва бошқа моддий ёрдамлар кўрсатганмиз. Шулардан 6 та оилага субсидия асосида уй шароитида даромад топиши учун ҳар хил йўналишда, масалан, тикувчилик учун тикув машиналари, гўзаллик салони учун асбоб-ускуналар, ширинликлар ва нон маҳсулотларини тайёрлаб сотиш учун нон пишириш печкалари ва музлаткичлар олиб берганмиз. 18 та оила аъзосига ўзини ўзи банд қилиши учун хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўз фаолиятини йўлга қўйиб, доимий даромад топиши учун имтиёзли кредитлар ажратганмиз. Бундан ташқари, 7 та ишсиз оила аъзосини доимий, мавсумий ва жамоатчилик ишларига жойлаштириб, 23 та оила аъзосига касбга ўқитиш ва бошқа турдаги моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш, аҳолини камбағалликдан чиқариш учун, биринчи навбатда, уларга давлатимиз томонидан берилаётган имкониятлар, имтиёзлар ҳақида кўпроқ тарғибот ишларини олиб боришимиз зарур, деб ҳисоблайман. Шу имкониятлардан самарали фойдаланишлари учун уларга қўшимча даромад топиб, тадбиркорлик билан шуғулланишлари мумкинлигини тушунтиряпмиз. Ўз соҳасида яхши натижаларга эришган тадбиркорлар билан уларнинг қандай қилиб шу даражага етгани ва бундай натижага эришиш учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида ўқув-семинарлари ва учрашувлар ташкил этиб келяпмиз. Аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун янада кўпроқ тарғибот ишларини амалга ошириб борсак, албатта, ўз натижасини беради, деб ҳисоблайман.

– 2023 йилда маҳаллаларнинг рейтинги жорий этилди, якка тартибдаги дастурлар амалиёти йўлга қўйилди, маҳаллаларнинг фаол аъзолари сони 5 нафардан 7 нафарга оширилди. Бу ишлар фаолиятингизда қандай акс этди? Иш самарадорлиги ортдими?

Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент Фармонига мувофиқ, маҳаллаларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул бўлган шахслар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиш мақсадида қилинган ишлар ҳозирда ўз натижаларини беряпти, деб ҳисоблайман. Беш кишилик маҳалла аъзолари таркибига эндиликда солиқ инспектори ва ижтимоий ходим ҳам қўшилиб, маҳалла еттилиги ташкил этилгани натижасида маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш самараси сезиларли даражада ўсганлигининг гувоҳи бўляпмиз. Масалан, солиқ инспектори тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, бюджет тушумлари ҳақида маълумот бериш ва солиқ билан боғлиқ барча масалаларда ёрдам берса, ижтимоий ходим оғир аҳволга тушиб қолган ҳамда шу ҳолга тушиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларни аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларига қараб комплекс ёндашувларни йўлга қўйишга масъулдир. Бу ўзгаришлар маҳалланинг жамият ҳаётидаги ўрнини ошириш ҳамда соҳада бошқарув тизимининг такомиллашиши натижасидир, десам адашмаган бўламан.

– Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, сиз масъул бўлган маҳаллада қандай бунёдкорлик ишлари амалга оширилди? Ҳудудда ҳал этилиши лозим бўлган қандай долзарб масалалар мавжуд?

Маълумки, кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ўзим масъул бўлган маҳалла мисолида айтадиган бўлсам, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида маҳалламиз инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 19,5 км узунликда ичимлик суви қувурлари, 2,5 км узунликда электр энергияси тармоқлари, 1,2 км узунликда табиий газ тармоқлари ўрнатилди, 1 дона трансформатор янгисига алмаштирилиб, ҳозирда электр энергияси, газ ва ичимлик суви муаммолари тўлиқ бартараф этилди. Бундан ташқари, 19,8 км узунликдаги ички кўчалар ва тротуарларга шағал, бетон ва асфальт қопламалари ётқизилди. Маҳалламиз учун долзарб масала – транспорт йўналишида маршрут қатновларини кўпайтириш ҳисобланади. Шу муаммо бартараф этилса, аҳолининг мактаб, тиббиёт пунктлари ва бошқа йўналишларга қатнашда анча вақти тежалган бўларди. Айни пайтда бу масалани ижобий ҳал этиш бўйича зарурий чораларни амалга оширяпмиз.

– Хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни Ватанга қайтишга ундаш борасида маҳаллангизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Мисоллар келтиринг.

Меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг оила аъзолари ҳолидан хонадонбай хабар олиш, муаммолари ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал этишда ёрдам кўрсатиш, шунингдек, уларнинг моддий, ижтимоий ва яшаш шароитларини яхшилаш бўйича манзилли ишларни доимий равишда амалга ошириб келяпмиз. Хусусан, оила аъзоларининг қизиқишларини ўрганиш орқали 3 та оила аъзоси касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи ўқув марказларига йўналтирилди ҳамда ўқишни тамомлагандан кейинги бандлиги таъминланди. 7 нафар фуқарога кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйишда ҳамда тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган 18 нафар фуқарога дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари, 4 кишига эса ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.

Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

Амалий тажрибамдан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини кўтариш учун уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, фикрлаш даражасини, дунёвий билим ва тажрибасини ошириш лозим деб биламан. Бундан ташқари, иш жараёнида ҳамон қоғозбозлик, ортиқча расмиятчилик ҳолатлари ҳам учраб туради. Бу ҳам иш самарадорлигига таъсир қилмасдан қолмайди. Шунинг учун ортиқча расмиятчиликдан воз кечиш зарур.

Бир таклиф – ҳоким ёрдамчиларининг хорижий давлатларга тажриба алмашинуви йўлга қўйилса, уларнинг иш самарадорлигига ижобий таъсир қилган бўлар эди.

Барча ҳоким ёрдамчилари етарлича қўллаб-қувватланмоқда, керакли имкониятлар берилмоқда. Биз ушбу имкониятлардан унумли фойдаланишимиз ва тинимсиз ўз устимизда ишлашимиз зарур, деб ҳисоблайман. Ҳоким ёрдамчилари тадбиркорлик асосларини чуқур ўзлаштириб олиши зарур, чунки бошқаларни тадбиркорликка жалб этиш ва ўргатиш учун ўзи мукаммал даражада билим ва тажрибага эга бўлиши лозим. Бунинг учун тадбиркорлик соҳасида юқори натижаларга эришган йирик тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиш, ўқув-семинарларига бориб, улардан сабоқ олиш, зарурат туғилса, тадбиркорлик бўйича курсларга қатнашиб, соҳанинг барча сир-асрорларини ўқиб-ўрганишлари кони фойдадир. Агар ушбу тадбирлар доимий ташкил қилинадиган бўлса, бу ҳам, албатта, ўз ижобий натижасини беради.

Жамолиддин Турдимов, CERR

"Иқтисодий шарҳ" журнали №10/2024

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар