Президент давлат стипендияси қайси курс талабаларига берилади? Президент стипендиясини олиш тартиби қандай?

Президент давлат стипендияси қайси курс талабаларига берилади? Президент стипендиясини олиш тартиби қандай?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида” ги қарорига кўра ҳар йили мамлакатимизда қобилиятли ёшларни рағбатлантириш, уларни фаол яратувчилик фаолиятига кенг жалб этиш, иқтидорли ўқувчилар, талабалар ва магистрантларни қўллаб-қувватлаш, ҳамда муносиб тақдирлашга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Ҳар йили давлат олий таълим муассасаларида бутун ўқиши давомида фақат аъло баҳоларга ўқиётган ва илмий (ижодий) ишларда фаол иштирок этаётган олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистрантура талабалари учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари тайинланиб келинмоқда. OLIYGOH.UZ жамоаси иқтидорли талабалар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари танловида иштирок этиш, номзодлар учун керакли ҳужжатлар ва нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида содда тилда батафсил тўхталиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари кимларга берилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган давлат олий таълим муассасалари (бакалавриат ва магистратура бўйича алоҳида) талабаларига Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов натижаларига биноан тайинланади.

Стипендия қайси йўналишлар бўйича берилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияси квотаси (ўн битта) қуйидаги таълим йўналишларидан ҳар бири бўйича биттадан стипендия ҳисобидан бакалавриат ва магистратура учун алоҳида-алоҳида тақсимланади:

  • қишлоқ ва сув хўжалиги;
  • техника ва информатика;
  • соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот;
  • ижтимоий-гуманитар ва ижтимоий фанлар;
  • табиий фанлар;
  • бизнес ва бошқарув;
  • педагогика;
  • маданият, санъат ва спорт;
  • хорижий тиллар;
  • ҳуқуқ ва халқаро муносабатлар;
  • журналистика.

Ушбу рўйхатга Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар ўқув йили бошида, таълим йўналишларидаги устуворликларни ўзгартиришнинг мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсиясига биноан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Стипендия қандай мезонлар асосида берилади?

Талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун қуйидаги мезонларни бажариш белгиланади:

  • умумтаълим тайёргарлигини илмий-тадқиқот (ижодий ишлар) ишлари билан уйғунлаштириш;
  • йўналишлар бўйича конференсия (танлов)ларда қатнашиш;
  • камида иккита эълон қилинган ишлар (асарлар)нинг мавжудлиги;
  • тилларни — давлат тилини ва битта хорижий чет тилни билиш (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари давлат тилларидан ташқари), бакалавриатдаги таълим йўналиши ёки магистратурадаги мутахассислик хорижий тил бўлган тақдирда эса қўшимча равишда яна битта хорижий тилни билиш талаб қилинади;
  • Ўзбекистон тарихини билиш.

Ушбу мезонлар билиш қандай аниқланади?

  • Тилларни, ахборот технологияларини, Ўзбекистон тарихини билиш бўйича талаб даражаларини Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгилайди.
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига талабгорлар ушбу фанлар бўйича ўз билим даражасини аниқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказида (минтақалар бўйича) махсус тест синовлари топширадилар.
  • Марказ якуний ведомостларни тест синовлари натижалари билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тақдим этади.

Президент давлат стипендияси учун қандай ҳужжатлар топшириш керак?

Талабгорлар дастлабки кўриб чиқиш учун илмий кенгашга қуйидагиларни топширадилар:

  • синов дафтарчасидан кўчирма;
  • деканат, кафедра тавсияномаси;
  • илмий (ижодий) иш аннотацияси;
  • раҳбарнинг фикр-мулоҳазалари;
  • илмий (ижодий) ишга тақриз;
  • илмий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;
  • илмий (ижодий) ютуқлар нусхаси (диплом, сертификат, ташаккурнома ва ҳ.к)

Талаба олийгоҳда Иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлимига ҳужжатларни топширади. Барча ҳужжатлар икки нусхада тақдим қилинади. Ҳужжатларнинг ҳар бир тўплами жилдга жойланади, ҳар бир жилд муқовасида ишни тақдим қилган муассасанинг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, ишнинг номи кўрсатилади. Талаба таҳсил олаётган олийгоҳ ўзининг талабларидан келиб чиққан ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиши мумкин.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш кетма-кетлиги қандай амалга оширилади?

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиясига номзодлар кўрсатиш, талабгорлар номзодларининг ўқишдаги ва илмий (ижодий) фаолиятдаги муваффақиятлари оммавий равишда муҳокама қилингандан сўнг, давлат олий таълим муассасаларининг илмий кенгашлари томонидан амалга оширилади.
  • Илмий кенгашлар яширин овоз бериш орқали, оддий кўпчилик овоз билан Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияларини тайинлаш учун стипендиатлар номзодларини кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қиладилар.
  • Илмий кенгашлар қарорлари вазирликлар ва муассасаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига тавсиянома юбориши учун асос ҳисобланади.
  • Давлат олий таълим муассасалари талабаларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилади.
  • Стипендиялар тайинланишидан аввал талабгорларнинг белгиланган мезонларга мувофиқ билим ва илмий (ижодий) тайёргарлик даражаси пухта экспертизадан ўтказилади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

- махсус танлов комиссияси тузади;

- талабгорларнинг таълим ва илмий (ижодий) тайёргарлиги даражасини баҳолаш мақсадида йўналишлар бўйича экспертлар гуруҳлари тузади;

- Давлат тест маркази билан биргаликда ахборот технологиялари, Ўзбекистон тарихи, хорижий тиллар бўйича имтиҳон комиссияларини ташкил этади, тест топшириқларини ишлаб чиқади;

- танлов комиссияси ва эксперт гуруҳларининг иш тартибини белгилайди;

- танлов комиссияси мажлисларини ўтказиш муддатларини белгилайди.

Танлов комиссияси талабгорларнинг якуний танловини яширин овоз бериш йўли билан ўтказади ҳамда талабгор ва унинг иши учун овоз беришда иштирок этган комиссия аъзоларининг камида учдан икки қисми овоз берганда талабалар номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш учун тавсия қилади.

Aгар овоз беришдан сўнг талабгорлар сони белгиланган квотадан кўп бўлса, устунлик энг кўп овоз олган талабгорларга берилади.

Танлов комиссиясининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати тасдиқлагандан сўнг кучга киради.

Танлов комиссияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиби бўлолмаган, лекин энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган танлов қатнашчиларини бошқа давлат стипендияларига тавсия қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъатининг қарори давлат олий таълим муассасаларининг талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларини тайинлаш ва тўлаш ҳақида буйруқ тайёрлаши учун асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари талабаларга ҳар йили, бир ўқув йили учун, 1-сентябрдан бошлаб, белгиланган миқдорларга қатъий риоя қилинган ҳолда тайинланади.

Вазирлик томонидан қачон кўриб чиқилади?

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги стипендиялар тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни йилига бир марта кўриб чиқади. Ҳужжатларни қабул қилиш муддати — 1—15-август, кўриб чиқиш муддати — 10—25-сентябр.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларига сазовор бўлган талабаларга “Президент стипендиясининг соҳиби” гувоҳномаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати мажлисида тантанали равишда топширилади.

Стипендиат бўлган талабаларга қандай имтиёзлар бор?

  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиблари бўлган бакалавриат талабалари олий таълим муассасасини битиргач, икки йил давомида магистратурага давлат гранти асосида, магистратура талабалари таянч докторантурага кириш имтиҳонларисиз Ўзбекистон Республикаси Давлат буджети маблағлари ҳисобига ўқитиш учун қабул квотаси асосида қабул қилинади.
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари соҳиби бўлган талабалар ўқишни тамомлагандан сўнг икки йил мобайнида магистратурада (бакалавр-стипендиатлар учун) ўқишни давом эттириш мақсадида хорижга юборилиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

ДИҚҚAТ: Кундалик дарсларни ўзлаштирмайдиган, ўқув интизомини ва илмий одоб-ахлоқни бузган талабаларни ўқув йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларидан маҳрум қилиш тасарруфида талаба ўқиётган олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳайъати қарори билан амалга оширилиши мумкин.

Олдинги мақоламизда эслатиб ўтганимиздек, Давлат стипендиялари учун ҳужжат топширмоқчи бўлган талабгорлар шунга алоҳида эътибор қаратиши керакки, номзодлар учун қўйиладиган энг асосий талаб бу - илмий ишлар ҳисобланади. Номзодлар ўзларининг танлаб олган йўналишида илмий (ижодий) ишларни пухта тайёрлаб бориш мақсадга мувофиқ. Талабанинг давлат стипендиясига муносиб эканлиги асосан унинг илмий ишлари белгилайди. Шундай экан, илмий (ижодий) ишларга эътибор қаратиш энг муҳим жараёнлардан ҳисобланади.

OLIYGOH.UZ жамоаси Президент стипендияси танловининг барча номзодларига омад тилайди!

Исахонов Жаъфархон, Навоий давлат стипендияси совриндори

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар