Бугун Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилояти Оҳангарон туманига ташриф буюриб, электротехника саноати технопаркидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажми 7,7 фоизга ўсиб, 147 миллиард доллардан ошди.
Иқтисодиётга илғор, энергия тежамкор технология олиб кирилаётгани, юқори қўшилган қиймат берадиган лойиҳалар кўпайтирилаётгани натижасида бир йил ичида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайди, иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобидан таъминланди. Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад 4,5 мингдан 5 минг долларга кўпайди. Меҳнат унумдорлиги 4,7 фоизга ошди.
“Буларнинг барчаси иқтисодиётимиз янги сифат босқичига ўтаётганидан далолат. Биз 2026-йилда 6,6 фоизли иқтисодий ўсиш қилиб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард долларга етказишни прогноз қилган эдик. Бу геосиёсий вазият ва иқтисодий тебранишлар ҳисобга олиб қилинган эҳтиёткор прогноз”, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир вазир, ҳоким, тармоқ раҳбари соҳаси, тизими, корхоналарига янгича бошқарув олиб кириб, бор ресурслардан самарали фойдаланса, анъанавий экспорт бозорлари ва маҳсулотларига боғланиб қолмасдан, янги йўналишларни топиб, тадбиркорларга йўл очиб берса, сунъий интеллект, рақамлаштириш бўйича мутахассисларни жамлаб, инновациялар қилса, салоҳиятли ёшларни топиб, “стартап клуб”лар ташкил этса, уларнинг ишланмаларини корхоналарда қўлласа, янада юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга барча имкониятлар борлигини таъкидлади.
Лекин кўп раҳбарлар жон куйдириб, катта марра олиш ўрнига ҳеч қандай ўзгариш қилмаса ҳам ўз-ўзидан таъминланадиган режалар олгани кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги уч йилда саноатда қўшилган қиймат улуши 40,7 фоиздан 43 фоизга кўпайди. Лекин ушбу кўрсаткич автомобил ишлаб чиқаришда атиги 20,7 фоиз, электр ускуналарида 29,3 фоиз, озиқ-овқат саноатида 30,1 фоиз, чарм саноатда 33,4 фоиз, кимё саноатда 40,4 фоизни ташкил қилиб, қўшилган қиймат пастлигича қолмоқда.
Ваҳоланки, 2023-2025-йилларда мана шу 5 та тармоққа жами 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 200 дан зиёд янги қувватлар ишга тушди.
Масалан, агротехнология ўзгаргани учун деҳқонлар далада суюқ ўғит ишлатишни афзал кўряпти. Лекин ҳалигача кимё заводлари бунга мослаша олгани йўқ. Фақат анъанавий минерал ўғит ишлаб чиқармоқда.
Юртимизда йилига 650 минг дона автомобил ишлаб чиқариш қувватига эга 4 та йирик корхона бор.
Жорий йилда 300 дан зиёд маҳаллий корхоналар билан кооперация асосида яна 763 та детални ишлаб чиқаришни бошлаш муҳим экани таъкидланди. Ишлаб чиқариладиган автомобиллар сонини 510 мингга етказиш зарур.
Аҳолининг маҳаллий автомобилларга талабини рағбатлантириш мақсадида автокредит ставкасини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чорасини кўриш топширилди.
Деҳқон ва фермерларда боғдорчилик трактори, кўчат экадиган, ҳосил йиғадиган, картошка кавлайдиган агротехникаларга талаб ортиб бормоқда.
Чирчиқдаги кластер тўлиқ қувватда ишлаб, агротехникаларни арзон нархда чиқарса, лизинг компаниялари билан қулай молиявий инструментлар қилиб берилса, деҳқон ва фермерлар йилига камида 15 мингта техникани сотиб олишга тайёр.
Умуман, автомобил саноати мутасаддиларига ҳар бир имкониятни мана шундай таҳлил қилиб, жорий йилги ишлаб чиқариш дастурини 10,5 фоизлик ўсишни таъминлашга мослаб қайта кўриб чиқиш топширилди.
Тармоқ раҳбарлари ўзимиздаги хомашёдан тайёр маҳсулот яратиш ҳақида доим бош қотириши кераклиги қайд этилди.
Масалан, олтинни қайта ишлаш учун яратилган шароитлар туфайли заргарлик саноатида ўтган йилнинг ўзида 3,3 карра ўсиш бўлиб, 13 триллион сўмлик маҳсулот чиқарилди. Бу йил ҳам 1,3 баробар ўсиш режа қилинган.
Электротехника тармоғида ҳам йилига 160 минг тонна мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари бор. Лекин ўтган йили корхоналарга 92 минг тонна мис берилган. Қазиб олиш ҳажмини, рудадан олинадиган мис улушини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.
Бунинг учун 57 та махсус техника олиб келиб, руда қазиб олишни 46 миллиондан 64 миллион тоннага ошириш, маҳаллий корхоналар учун биржага ҳар ой камида 10 минг тонна мис чиқариш топширилди.
Электротехника корхоналари ўтган йили 27 миллиард сўмлик имтиёздан фойдаланиб, экспортни 83 миллион долларга, бюджетга тушумни 46 миллиард сўмга оширган. Улар ўзимизда бўлмаган алюмин катанкани импорт божи бўйича имтиёз муддатини узайтиришни сўраган.
Худди шундай заргарлик саноати учун қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларга, металлургия саноати учун юқори ҳароратга чидамли бўёқларга, озиқ-овқат корхоналари фойдаланадиган цитрус концентратларига ҳам бож белгиланган. Мутасаддиларга маҳаллий корхоналар учун хомашё импортига божларни тўлиқ қайта кўриб чиқиш топширилди.
Гилам ишлаб чиқарувчиларга кафолатли хомашё базаси яратилгани учун уч йилда соҳада экспорт 2 карра ошди. Ёки мебелчилар учун ёғоч олиб келишга енгиллик қилиб берилгани ҳисобига бу тармоқда ҳам икки йилда ишлаб чиқариш 1,4 баробар кўпайди.
Мебелчилар полимер, эшик-ромчилар алюмин хомашёсини, маиший кимё корхоналари пигмент ва ароматизатор, умуман, ишлаб чиқарувчилар маҳсулотини қадоқлаш учун қоғоз ва картон захирасини яратиш масаласини кўтарган.
Ташқи бозорда хомашё арзон пайтда захира қилиш учун имтиёзли ресурс бўлса, ташиш харажатининг бир қисми қопланса, бундай тармоқлар ҳам иқтисодий ўсишга катта туртки беради.
Давлатимиз раҳбари кичик корхоналарнинг хомашёга эҳтиёжини аниқлаб, қайси давлатдан, қанча миқдорда ва қандай нархда олиб келиши, транспорт харажатини ҳисоб-китоб қилиб, хомашё захирасини шакллантириш вазифасини қўйди.
Ўтган йилда Миллий инвестиция жамғармаси ташкил қилиниб, дунёдаги нуфузли “Франклин Темплетон” компанияси бошқарувига берилди.
Ушбу компания бир йил давомида стратегик корхоналар фаолиятини таҳлил қилди. Экспертлар “корхона раҳбарларида корпоратив маданият етишмайди, харажатни қисқартириш, фойдани ошириш бўйича захира кўп”, демоқда.
Бунинг учун 19 та стратегик корхона раҳбари харид тизими, логистика, рақамлаштириш, энергия самарадорлик бўйича қаттиқ ишлаб, таннархни 10-20 фоизга қисқартириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
“Иқтисод қилиш режаси ишлаб чиқаришни камайтириш ёки қайсидир харажатни кейинроққа суриш ҳисобидан эмас, балки бир бирлик маҳсулот таннархини қисқартириш орқали таъминланиши шарт”, – деди Президентимиз.
Стратегик корхоналарни “Ягона ғазначилик” ахборот тизими билан қамраб олиш, барча харидларни риск-таҳлил асосида “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратиб, самарасиз харажатларга бутунлай чек қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Ҳудудий саноатни ривожлантириш бўйича вилоят, туман ҳокимларига ҳам саволлар кўплиги қайд этилди.
Сўнгги уч йилда жами инвестициялар 1,8 баробарга кўпайди. Лекин айрим туманларда инвестициянинг саноатга таъсири кўринмаётгани танқид қилинди.
Масалан, Карманада инвестиция йилига 50 фоиздан ўсиб боргани билан саноати атиги 4 фоиз ошган. Хусусан, фаолият юритаётган 495 та корхонадан 470 тасида расмий ишчилари 5 нафарга ҳам етмайди, фаолият тўхтаган деб ҳисобот топширган 20 та корхона электр ва газдан ҳалигача фойдаланяпти.
Зафаробод туманида ҳам шу аҳвол. Инвестиция 4 баробар ўсган, лекин саноатда ўзгариш йўқ.
Умуман, уч йилда республика саноати 21 фоизга ўсган бўлса, Хатирчи, Кармана, Учқўрғон, Бағдод, Оққўрғон, Бўка, Узун, Жарқўрғон, Яккабоғ, Пайариқ, Мирзаобод ва Зафарободда бу кўрсаткич 10 фоизга ҳам етмаган.
Ушбу туманлар жойлашган вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларига 12 та туманга бориб, бир ой шу ерда қолиб ишлаш, ишлаб чиқариш пасайган корхоналарни “оёққа турғазиш”, ушбу туманлар саноатида бу йил ўсиш суръатини ошириш топширилди.
Жойларда тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит ресурслари кўпайиб бормоқда. Лекин ҳокимлар бунинг иқтисодий ўсишга, иш ўрни ва бюджетга таъсирини ҳисоб-китоб қилмаяпти.
Масалан, Тупроққалъа, Китоб, Яккабоғ ва Пахтачида ажратилган кредитлар камида 20 фоиз ошган бўлса, саноат ўсиши 3 фоиз ҳам бўлмаган.
Агар вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари мазкур корхоналарнинг муаммосини эшитиб, вақтида ечим топганида республика саноатида қўшимча 1 фоиз, ялпи ички маҳсулотда 0,1 фоиз ўсиш бўларди, бюджетга қўшимча 1 триллион сўм тушум тушарди.
Бош прокуратурага сўнгги уч йилда ишга тушган, лекин паст қувватда ишлаётган лойиҳаларни, ушбу корхоналар фаолиятига тўсқинлик қилаётган ҳар бир масалани бирма-бир ўрганиш топширилди.
Умуман, мутасаддиларга республика саноатини камида 8,5 фоизга ўстириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режа тасдиқлаш вазифаси қўйилди.
Биринчи чорак якуни билан саноат корхоналарида нечта масала аниқланиб, қанчаси ҳал қилинганига қараб, иқтисодий комплекс, тармоқ раҳбарлари, вилоят ҳокимларининг фаолиятига баҳо берилиши қайд этилди.
Пойабзал ишлаб чиқаришда мода ва дизайн тез ўзгармоқда. Корхоналаримиз ҳозирдан замон талабига мос ҳолда ишламаса, нафақат ташқи, балки ички бозорда ҳам рақобат қила олмаслиги таъкидланди.
Лекин "Ўзчармсаноат" уюшмаси раҳбарияти соҳага янгилик олиб кирмагани, пастга тушиб ишламагани танқид қилинди.
Пойабзал ишлаб чиқарадиган 972 та корхонадан 378 таси фаолиятини тўхтатган бўлса, яна 120 таси қувватини ярмидан ҳам фойдаланмаяпти. Қолип, боғич, фурнитура бўйича ҳалигача импортга боғлиқлик бор.
Оқибатда ўтган йили экспорт бўйича ваъда қилган 250 миллион долларнинг 40 фоизи ҳам таъминлангани йўқ. Уюшманинг бу йилги ишлаб чиқариш ва экспорт режаси ҳам қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан "Ўзчармсаноат" уюшмаси раиси А.Султоновни лавозимидан озод этишга кўрсатма берилди.
Бу йил 50 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш бўйича режа қилинган.
Президентимиз янги лойиҳалар, энг аввало, юқори қўшилган қийматли ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришга, хомашё ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга, юқори даромадли иш ўринларини яратиб, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши кераклигини яна бир бор қайд этди.
Лекин айрим раҳбарлар инвестиция ҳисобидан экспортни кўпайтиришни ўйлашнинг ўрнига ички бозор тўлган маҳсулот ишлаб чиқаришни таклиф қилаётгани қайд этилди.
Масалан, Учқўрғон туманида 40 миллион долларлик 2 та ип-калава ишлаб чиқариш заводини қуриш таклиф этилган. Ваҳоланки, Намангандаги 110 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарадиган 24 та корхона бор. Бу вилоятда олинадиган пахта толасидан 1,5 баробар кўп.
Ёки Оҳангарон туманида 35 минг тонна базалт плиталари ишлаб чиқариш режа қилинмоқда. Бироқ республикада 12 та бундай корхона бор. Бозор топа олмагани учун 6 таси тўхтаб қолган, 1 та корхона сотувга қўйилган.
Сирдарёда 10 доллар инвестиция атиги 1 долларлик қўшилган қиймат бермоқда. Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарёдаги лойиҳаларда ҳам шу ҳолат кузатилган.
Мутасаддилар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларга 2026-йилги инвестиция дастурига киритиш таклиф этилаётган лойиҳаларнинг бозори, экспорти, яратадиган қўшилган қиймати ва иш ўрнини тўлиқ таҳлил қилиш топширилди.
Умуман, инвестиция лойиҳалари билан ишлаш бўйича янги тизимга ўтилиши белгиланди.
Фақат инвестиция олиб келиб, лойиҳани ишга тушириш етарли бўлмаслиги, балки ҳар бир лойиҳа тўлиқ ишлаши, юқори қўшилган қиймат яратиб, ташқи бозорга чиқишига, иш ўринларини тўлиқ сақлаб қолишига ҳам эътибор қаратилади.
Бунинг учун дастурга кирган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил мониторинг қиладиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади.
Ўтган йили техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, ускуна олиб келиш, молиялаш, инфратузилма, ер масаласи вақтида ҳал бўлмагани учун 55 та йирик лойиҳа кечиккан.
Шу боис, бу йилги инвестиция дастури доирасида қиймати 165 миллиард долларлик 377 та стратегик лойиҳа алоҳида назоратга олинади.
Ўтган йили хорижий ташрифлар доирасида 135 миллиард долларлик келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида Туркия билан 9 миллиард, Покистон билан 1 миллиард 428 миллион долларлик инвестиция битимлари имзоланди.
Вазирлар, тармоқ раҳбарлари ёки ҳокимлар ушбу лойиҳаларнинг пайсалга солинишига йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантирилди.
Инвестиция кўпайгани ҳисобига қурилиш ҳам ошади. Мутасаддиларга бу йилги қурилиш ҳажмини 400 триллион сўмга олиб чиқиб, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилди.
Жорий йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси учун бюджетдан 40 триллион сўм берилмоқда. Бу қурилиш, қурилиш материали, металлургия ва электротехника корхоналари учун катта бозор.
Лекин ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари қурилиш сифати ва самарадорлигини назорат қилишга улгурмаяпти. Шу боис, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Кичик ва ўрта корхоналар йилига 5 миллиард куб метр газ ва 20 миллиард киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилмоқда.
Эндиликда кичик ва ўрта корхоналарда ҳам энергия самарадорлик бўйича янгича тизим бўлади ва уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.
Ҳар бир тумандаги энергия сарфи энг юқори 5 тадан корхонада энергия аудити ўтказилади, ушбу корхоналарда энергия тежамкор чораларни амалга ошириш учун 100 миллион доллар арзон ресурс жалб қилинади.
Мутасаддилар ва ҳокимлар 2026-йилда кичик ва ўрта корхоналарда 100 миллион куб метр газ ва 500 миллион киловатт-соат электрни тежаш чораларини кўриши муҳимлиги қайд этилди.
Яна бир масала – республикадаги 917 мингта ёритиш чироқлари йилига 330 миллион киловатт-соат электр сарфлаяпти. Чироқ кундузи ҳам ёниқ турган ҳолатлар кам эмас.
Ёритиш устунларига кичик қуёш панели, батарея, кун ёришишига қараб, ўзи ўчиб-ёнадиган датчик ўрнатишни бошлаш топширилди.
Ўтган йили халқаро молия институтлари иштирокидаги 2,5 миллиард долларлик шартномаларда маҳаллий компанияларнинг улуши бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилган.
Ёки давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса, Олмалиқ комбинати, “Ўзтрансгаз”, “Миллий электр тармоқлари”, “Узбекистан Airports” ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари”да 40 фоизга ҳам етмайди.
Тадбиркорлар “давлат хариди, экспертиза, сертификат олишда бюрократия кўп, идорама-идора юриш керак” деб айтаётгани, айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари “чет элники сифатлироқ” деган эскича фикрда юриб, маҳаллий тадбиркорларга йўл бермаётгани кўрсатиб ўтилди.
Бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, маҳаллий корхоналарни халқаро молия институтлари лойиҳалари ва давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди.
Энди вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳадаги музокара, тендер, қурилиш, хомашё топишни барча босқичида маҳаллий улушни кўпайтиришга шахсан жавоб бериши қайд этилди.
Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги қайси корхона нима чиқараётгани, қуввати, техник параметри, сертификати кўриниб турадиган платформани ишга туширади.
Тармоқ раҳбарлари ва ҳудудий саноат штаблари ҳар бир корхона маҳсулотини номма-ном, техник хусусияти билан ушбу платформага киритади. Янги платформада маҳаллий маҳсулот бўла туриб, импорт товар сотиб олган давлат ташкилотларида харидларнинг асосли эканлиги ўрганиб борилади. Давлат компаниялари импорт қилаётган товар, уларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда ушбу порталда эълон қилиб борилади.
Тармоқ раҳбарларига импорт хомашё ва бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқариш имкониятини чуқур ўрганиш учун маҳаллий ва хорижий консультантларни жалб қилиш топширилди.
Халқаро молия ташкилотлари билан музокара ўтказиб, лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 25-30 фоизга олиб чиқиш бўйича келишувга эришиш муҳимлиги қайд этилди.
Маҳаллий маҳсулотларни кўпайтириш учун ташкил қилинадиган алоҳида жамғарма ҳисобидан маҳаллийлаштириш лойиҳаларига 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада 12 фоиз кредит ажратилади. Тадбиркорларга илғор технологиялар трансфери учун 1 миллион долларгача, саноат стартаплари учун 1 миллиард сўмгача компенсация беради.
Энди давлат корхоналари муҳандислари импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратса, тежалган маблағнинг 20 фоизи уларга мукофот қилиб берилади.
Иқтисодиёт юқори суръатда ўсиши учун транспорт-логистика тизими ҳам шунга мос бўлиши керак.
Ўтган йили жами транспорт хизматларидаги 11 фоиз ўсиш асосан автотранспорт ва ҳаво транспорти ҳисобидан таъминланди.
Лекин темир йўлда юк айланмаси бор-йўғи 3,3 фоиз ошган. Оддий мисол, темир йўлда юк ташишга бошқа давлатларга нисбатан 3-4 баробар кўп вақт сарфланмоқда. Оқибатда умумий юк ташувларда темир йўлнинг улуши 7 фоизга ҳам етмайди.
Йирик компаниялар ҳам, кичик тадбиркорлар ҳам ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш учун темир йўл инфратузилмасини яхшилашни сўраяпти.
Мутасаддиларга темир йўллар соҳасида носоҳавий активлар, операцион харажатларни қисқартириб, тежалган маблағни хизмат сифатини яхшилашга йўналтириш топширилди.
Темир йўлда йўловчи ва юк ташиш ҳажмини бу йил камида 10 фоизга ошириш юзасидан асослантирилган таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
“Такрор айтаман: ички бозордаги талабни ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмайди. Шу боис, бу йил вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг асосий вазифаси янги маҳсулотлар билан янги бозорларга кириб бориш бўлади”, – деди Президентимиз.
Ўтган йили экспорт 22 фоизга ўсиб, 24 миллиард долларга етди. Лекин ҳали кўп раҳбарлар экспортда эскича иш услубидан воз кеча олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Тўқимачилик маҳсулотларимиз 76 та давлат бозорига кириб борган. Лекин экспортнинг 80 фоизи 6 та давлатга тўғри келади.
Тармоқ раҳбарларига бу йил соҳада кескин ўзгариш қилиб, ишлаб чиқаришни камида 15 фоизга ошириш, Европа, АҚШ ва бошқа қиммат бозорларга кириб бориб, экспортни 150 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Эндиликда пилла кооперативи тузиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади. Уйида пилла етиштирадиган эҳтиёжманд оилаларга хонани жиҳозлаш ва ускуна учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.
Пилла етиштирувчиларга ҳар бир килограмм пилла ҳосили учун кластерлар тўлайдиган 40 минг сўмга қўшимча 15 минг сўмдан субсидия берилади, уруғчилик корхоналари жалб қилган мавсумий ишчилар ойлигининг ярми компенсация қилинади.
Эндиликда тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлардан экспортда фақат ҳажм бўйича эмас, балки янги маҳсулот ва янги бозорлар бўйича ҳам сўров бўлиши айтилди.
Ҳокимлар, уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари элчилар билан доимий ҳамкорлик қилиб, қаерда маҳсулотга қанча эҳтиёж бор, бу бозорларга кириш учун нима талаб этилишини ўрганиши, ишни шунга мослаб ташкил қилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳокимлар, уларнинг инвестиция бўйича ўринбосарлари элчилар билан доимий ҳамкорлик қилиб, қаерда маҳсулотга қанча эҳтиёж бор, бу бозорларга кириш учун нима талаб этилишини ўрганиши, ишни шунга мослаб ташкил қилиши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
2026 йилда Тунис, Марокаш, Сенегал, Ироқ, Австралия, Португалия, Греция ва Нордик давлатларда “Made in Uzbekistan” кўргазмаларини ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
“100 та маҳсулот акселератори” дастурини бошлаб, Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё давлатларига экспортни йилига камида 25 фоизга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Январ ойида йиллик инфляция даражаси 7,2 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, 13 фоизи гўшт ҳисобидан бўлган.
Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа масаласини ҳал қилиш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Муборак туманида 5 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, маккажўхори экиш бошланаётгани барча учун намуна экани қайд этилди. Шу боис, бу йил қўшимча 60 минг гектарда бу ишларни ташкил қилиш топширилди. Бу қўшимча 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси бўлади.
Майда шохли қорамол наслини яхшилаш учун ўтган йил Мўғулистондан 100 минг қўй ва эчки олиб келинди. Бу йил ҳам мазкур ишлар давом эттирилиши белгиланди.
Ўтган йил 772 минг тонна картошка импорт қилинди. Жорий йилда мутасаддилар, ҳокимлар 4,5 миллион тонна картошка ҳосили олиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги маркази инфляция бўйича ички ва ташқи хатарларни олдиндан аниқлаб, уларга амалий ечим топиш масаласи билан шуғулланиши белгиланди.
Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларида марказнинг 2 нафардан вакили бўлади. Марказ ҳар ҳафтада туман ва шаҳардаги бозорларни таҳлил қилиб, қайси маҳсулотга ҳозир қанча эҳтиёж борлиги, бир ой, уч ой, бир йилдан кейин талаб қандай ўзгаришини прогноз қилади.
Мавжуд қувватлар ва омборлардаги маҳсулотлар талабни қанчага қоплаши, етишмаган қисмини ниманинг ҳисобидан таъминлаши бўйича ҳар чоракда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари баланси шакллантирилади.
“Кейинги ҳафтадан муборак Рамазон ойи бошланади. Саховат, меҳр-оқибат ва шукроналик рамзи бўлган ушбу муқаддас кунларда ички бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим”, – деди давлатимиз раҳбари ҳамда деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлашган озиқ-овқат ярмаркаларини бошлаш бўйича топшириқ берди.
Изоҳ қолдириш