Қашқадарё вилояти ҳокими вилоят аҳолисига қилган мурожаатида энг кўп қайси сўзларни ишлатди?

Қашқадарё вилояти ҳокими вилоят аҳолисига қилган мурожаатида энг кўп қайси сўзларни ишлатди?

2021 йил 20 декабрда Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашининг 36 сессиясида вилоят ҳокими в.б. Муротжон Азимов вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қашқадарё вилоят филиали томонидан бу мурожаатноманинг лингвистик контент-таҳлили ўтказилди.

Тасвирий ифодаловчи сўзлардан фойдаланиб, таҳлилчилар вилоят ҳокими нимага кўпроқ эътибор қаратаётганини аниқлашди.

Вилоят ҳокими ўз нутқида жами 6245 сўздан фойдаланган. Энг кўп “Аҳоли” сўзини - 41 марта, “Янги” сўзини – 36 марта, “Қурилиш” сўзини 27 марта, “Хизмат” ва “Ҳудуд” сўзларини 22 мартадан, “Маҳалла”, “Ривожлантириш” ва “Ёшлар” сўзларини – 20 мартадан, “Ижтимоий” ва “Маҳсулот сўзларини 19 мартадан қўллаган. Шу билан бир қаторда, “Мактаб”, “Қишлоқ”, “Лойиҳа”, “Сув”, “Тадбиркорлик”, “Газ”, “Кредит”, “Саноат” ва “Йўл” сўзлари ҳам кўп такрорланган.

Мурожаатда вилоят ҳокими асосий эътиборни Президентимиз томонидан илгари сурилган Инсон-Жамият-Давлат янги тамойили ҳамда Инсон қадри учунустувор тамойилини амалга ошириш, 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар, хусусан, вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари динамикаси, тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш орқали уни янада ривожлантириш ҳамда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси масалаларига қаратди.

Жумладан, вилоятда 2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатида ялпи ҳудудий маҳсулот 108,4 фоиз, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 114,6 фоиз, халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш 100,1 фоиз, хизмат кўрсатиш 118,5 фоиз, чакана савдо айланмаси 111,8 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 103,1 фоиз ҳамда пудрат ишлари 119,6 фоизга ошган.

Тадбиркорлик субъектлари сони 61 минг 512 тага, кичик бизнеснинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 69 фоизга, (2020 йил якунида 60,1%), саноатда 25 фоизга, хизмат кўрсатишда 75 фоизга, бюджет тушумидаги улуши эса 58 фоизга етказилган. Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектларининг 49 фоиздан ортиғи ўтган 3 йилда ташкил этилган.

Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 26 та қишлоқ ва 4 та маҳалладаги 1 099 та объектда 498 млрд. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Жумладан, 2 047 та якка тартибдаги уй-жойлар ҳамда 15 та кўп хонадонли уй-жойлар таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилган, 409,3 км ичимлик суви, 216,5 км электр тармоқлари ва 515,4 км йўлларда таъмирлаш ишлари бажарилиб, 1 074 дона газ баллони аҳолига етказиб берилган, 82 та ижтимоий соҳа ҳамда 170 та бозор инфратузилма объектлари янгидан қурилиб, таъмирдан чиқарилган.

Ички йўллар ҳолатини яхшилаш мақсадида бюджетдан ажратилган 329 млрд 500 млн. сўм маблағ ҳисобидан 965 км йўллар ва 33 та кўприкда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилган.

Вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳам республикада энг паст даражадалиги инобатга олиниб, ажратилган 235 млрд 600 млн. сўм маблағ эвазига қурилиш ишлари бошланиб, 47 та ичимлик суви объектидан 30 тасида 427,6 км ичимлик сув тармоғи фойдаланишга топшириш арафасида, 17 тасида эса қурилиш ишлари давом этмоқда.

Электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда 1 500 км электр узатиш тармоқларида ва 400 дона трансформатор пунктларида қурилиш ва модернизация ишлари амалга оширилиши ҳисобига 479 та маҳалладаги 271 минг аҳоли хонадонига етказиб берилаётган электр энергия сифати яхшиланди.

Газ таъминоти тизимини яхшилаш мақсадида 5 км газ тармоғи янгидан қурилди, 16 км тармоқ мукаммал ва 76 та газ тақсимлаш шохобчаси жорий таъмирланди, 1 074 та маиший газ баллонлар аҳоли хонадонларига етказиб берилди. Бундан ташқари, аҳоли истеъмолчиларига 113 минг 135 та электрон газ ҳисоблаш ускуналари ўрнатилди.

Инвестиция дастурига кўра қурилиш ишлари олиб борилган 299 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларидан, жорий йилда ишга тушириш режалаштирилган 252 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объекти тўлиқ фойдаланишга топширилиб, қолган 47 та объектда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Замонавий телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида 3,8 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилди. 56 минг 800 абонентга мўлжалланган кенг полосали қурилмалар ҳамда 324 та таянч станциялари ўрнатилди ва модернизация қилинди. Натижада, юқори тезликдаги Интернет хизматлари билан қамраб олиш даражаси 86 фоизга етказилди.

Ижтимоий ҳимоя соҳаси бўйича “Темир дафтар”да турган 13 мингга яқин кам таъминланган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 22 млрд. сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, ушбу дафтардаги 11 минг 686 та оилаларнинг 25 минг 176 нафар 18 ёшга тўлмаган болаларга 12 млрд. 588 млн сўм бир марталик ёрдам кўрсатилди.

“Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими доирасида 71 мингдан ортиқ хотин-қизларга 25 млрд. сўмлик манзилли ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 26 мингга яқин хотин-қизлар бандлиги таъминланди, 5,9 мингдан зиёди тадбиркорлик бўйича ўқитилди ҳамда 4,5 минг нафарига 63 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

“Ёшлар дафтари”га киритилган 50 минг 329 нафар ёшларнинг 47 минг 517 нафари (94,4 фоиз) дафтардан чиқарилди. Дафтардаги 18 992 нафар ёшларга 23 млрд 460 млн сўмлик молиявий кўмак берилиб, ижтимоий қўллаб қувватланди.

Жорий йилда вилоятда маънавий-маърифий ишлар юзасидан Қарши шаҳрида замонавий ва барча қулайликларга эга Маънавият маскани, Шаҳрисабз туманида “Маънавият ва маърифат маскани” бинолари фойдаланишга топширилди. Сентябрь ойида Шаҳрисабз шаҳрида “Амир Темур дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” деб номланган илмий-амалий анжуман ўтказилди.

2021 йилда вилоятга 680 мингта маҳаллий ва 47 минг 300 та хорижий туристлар ташриф буюрди. Туристлар ва вилоятимиз меҳмонларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида жорий йилда 5 та меҳмонхона, 1 та хостел, 15 та хусусий даволаниш маскани ва 102 та уй меҳмонхонаси 1 та туроператор соҳада ўз фаолиятини бошлаб 254 та янги иш ўрни яратилди, туризм соҳасидаги иш ўринлари сони 1 370 тага етказилди.

Вилоят ҳокими ўз мурожаатида 2022 йилда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича тузилган аниқ режаларга тўхталиб ўтди.

Хусусан, 2022 йилда вилоятда :

- ялпи ҳудудий маҳсулот 106,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ҳажми 106,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,4 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажми 122 фоизга ўсиш таъминланади;

- аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 104,2 фоизга оширилади ва 13 млн 938 минг сўмга етказилади.

- солиқ базасини кенгайтириш ҳамда солиқларни йиғувчанлигини ошириш орқали бюджетга 3 трлн 677 млрд 500 млн. сўм тушум таъминланади;

- хизматлар соҳасида вилоят ҳудудидан ўтадиган халқаро ҳамда республика аҳамиятидаги йўлларда 522 та (21,7 га) ер майдонларида савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари ташкил этилади;

- 105 мингдан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминланади. Ҳоким ёрдамчилари ўз “бюджети” доирасида субсидиялар бериш, жамоат ишларини ташкил этиш ҳамда касбга ўқитишга маблағ ажратиш, маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик учун кредитлар бериш орқали 82 минг 642 нафар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 22 минг 410 нафар аҳоли иш билан банд бўлади;

- ишсизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитишнинг мутлақо янги тизими жорий этилади. 92 та маҳаллаларда касб-ҳунарга ўқитиш масканлари иш бошлаб, улар Шўртангазкимё мажмуаси ва Муборак газни қайта ишлаш заводига бириктирилади;

- кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн. доллар қўшимча ресурслар ҳамда тадбиркорларга кредит фоиз тўловларини компенсация қилишга қўшимча 100 млрд. сўм ажратилади.

Шу билан бир қаторда, вилоят ҳокими нутқида инвестициялардан самарали фойдаланиш ҳамда экспорт ҳажмларини оширишнинг “пастдан-юқорига” тамойилига асосланган янги тизими, ҳудудларда ташкил этиладиган “Лойиҳа гуруҳлари", ҳудудларни жадал ривожлантиришга йўналтириладиган хорижий инвестиция лойиҳалари, экспорт ҳажмини ошириш, саноат зоналари фаолиятини кенгайтириш, Европа бозорларига кириш учун “Қашқадарё бренди”ни жорий этиш, “Ургут эркин иқтисодий зона”си филиали фаолияти йўлга қўйиш ҳамда ижтимоий ҳимоя соҳасидаги 2022 йилга мўлжалланган режалар хусусида тўхталиб ўтилган.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан ишлаш бўлими

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар