Вилоятда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 7299,1 млрд сўмни ташкил қилган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,3%га ошган. Унинг номинал ҳажми 1261,0 млрд.сўмга ошди. Ҳисобот даврда хизматлар соҳасида кичик тадбиркорликнинг улуши 68,1%ни ташкил этди.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоятда кўрсатилаётган хизматлар ҳажми йилдан йилга ўсиш кўрсаткичини қайд этиб келмоқда. Хизматлар ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 4,5% бўлиб, ҳудудлар орасида 7-ўринни эгаллаган.
Вилоятда жами яратилган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) таркибида хизматлар кўрсатиш соҳасининг улуши 32,8%ни ташкил қилган.
2022 йил январь-июнь ойларида жами хизматлар таркибида савдо (31,1%), молия (17,6%) ва транспорт (21,6%) хизматларининг улуши юқори бўлган бўлса, меъморчилик, муҳандислик ва техник (1,2%), соғлиқни сақлаш (1,2%), кўчмас мулк (2,4%), меъморчилик, муҳандислик изланишлари, яшаш ва овқатланиш (2,9%), компьютер, маиший товарларни таъмирлаш (3,4%) ва шахсий хизматлар (3,4%), таълим (3,6%), алоқа ва ахборотлаштириш (4,88%) хизматларининг улуши паст бўлган. Шунингдек, жорий ҳолатга кўра вилоятда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан барча хизмат турлари бўйича ўсишга эришилган. Энг юқори ўсиш суръати бошқа хизматлар (146,6%), молия (126,2%) ва ахборот ва алоқа (121,7%) хизматлари соҳаларида кузатилган.
Ҳудудлар ўртасида хизматлар умумий ҳажмида энг катта улушни Қарши шаҳри (28%), Китоб (6,7%), Косон (6,6%) ва Муборак (5,9%) туманлари қайд этган. Шунингдек, ҳудудлар ўртасида энг кам улуш Деҳқонобод (3,1%), Ғузор (4,4%) ва Нишон (4,3%) туманларига тўғри келади.
Хусусан, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан вилоятнинг барча ҳудудларида хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўсиш кўрсаткичларига эришилган. Энг юқори ўсиш суръатлари Ғузор (117,9%), Нишон (115%) Миришкор (114,9) тумани ва Қарши шаҳри (114,4%)да кузатилган.
Хизматлар соҳаси бўйича вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида ўсиш суръатлари таъминланганига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича республика ҳудудларида орасида вилоят кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолмоқда. Хусусан, вилоятда январь-июнь ҳолатига кўра жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 2132,1 млрд сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 109,9%)ни ташкил этган ҳолда республика ҳудудлари орасида 14-ўринни эгаллаган.
Аҳоли жон бошига кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши кузатилди. 2021 йил январь-июнь ойларига нисбатан ҳажми 330 минг сўмга ошиб, 2132,1 минг сўмга тенг бўлди. Туманлар орасида бу кўрсаткич Қарши шаҳрида 7176,9 минг сўмдан, Чироқчи туманида 829,1 минг сўмгача оралиғида фарқ қилади. Аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Ғузор (115,2%), Миришкор (112,4%) ва Нишон (112,3%) туманларида кузатилди. Қолган ҳудудларга нисбатан суст ўсиш кўрсаткичлари Қарши тумани (104,3%), Деҳқонобод тумани (105,0%), Чироқчи тумани (106,4%) ва Косон (106,6%) туманларида қайд этилди.
2022 йил 1 июль ҳолатига хизматлар соҳасида фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг иқтисодий фаолият турларига эътибор қаратилса, (фермер ва деҳқон хўжаликларидан ташқари) жамига нисбатан савдо хизматлари (48,9%), бошқа турдаги хизматлар (32,9%), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар (8,4%), ташиш ва сақлаш хизматлари (4,3%), соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар (3,5%), алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (2,0%) соҳасида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
2022 йилнинг январь-июнь ойларида транспорт хизматлари ҳажми 1578,0 млрд.сўмга тенг бўлиб, уларнинг ўсиши 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 10,8%ни ташкил этди. Кўрсатилган транспорт хизматлари умумий ҳажмида автомобил транспорти хизматларининг улуши 95,7% (2021 йилда 96,7%)ни, қолган 4,3% (2021 йилда 3,3%) бошқа транспорт фаолиятига тўғри келди.
Кўрсатилган бозор хизматлари умумий ҳажмида савдо хизматларининг пулдаги ифодаси 2272,0 млрд.сўмга тўғри келди. Ўтган даврда чакана савдонинг улуши умумий савдо хизматларининг 86,4% (2021 йилда 85,8%)ни ташкил этди, қолган 9,0% улгуржи савдо хизматларига ва 4,6% автомобил ва мотоцикллар улгуржи ва чакана савдоси (шу жумладан, уларни таъмирлаш) соҳаларига тўғри келди.
2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги даврида молиявий хизматлар ҳажми 1285,0 млрд.сўмни (2021 йилди 1012,4 млрд.сўм) ташкил этди. Молиявий хизматлар умумий ҳажмида суғурта ва нафақа таъминоти бўйича хизматлардан ташқари молиявий хизматларнинг улуши 89,8%ни ташкил этди. Қолган 5,4% суғурта бўйича хизматлар ва 4,8% эса ёрдамчи молиявий фаолият хизматлари ҳиссасига тўғри келди.
Алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ҳажми 2022 йилнинг январь-июнь ойларида 356,7 млрд.сўмни ташкил этди. Яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида 2022 йилнинг I ва II чорагида кўрсатилган хизматлар ҳажми 212,9 млрд.сўмга тўғри келди.
Таълим соҳасидаги хизматлар 268,8 млрд.сўмни ташкил этган бўлса, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар эса энг паст кўрсаткични қайд этган ҳолда 90,7 млрд.сўмлик хизматларни кўрсатди.
Изоҳ қолдириш