"Қувайт – Тошкент" йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Қувайтнинг «Jazeera Airways» авиакомпанияси вице-президенти Равиндран Бхаратхан бошчилигидаги делегацияси билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумот учун: «Jazeera Airways» Қувайтнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири бўлиб, Европа, Яқин Шарқ ва Осиёнинг 40 га яқин мамлакатига мунтазам рейсларни амалга оширади ҳамда энг янги A 320 самолётлар паркига эга. Музокаралар давомида Қувайтдан Ўзбекистоннинг шаҳарларига тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш, мамлакатимизга қувайтлик сайёҳлар оқимини ошириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Қувайт томонга Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти, туризм соҳасидаги ислоҳотлар, фуқаролик авиаташувлари бозорини либераллаштиришга оид чора-тадбирлар, ҳудудий аэропортларда «очиқ осмон режими»нинг жорий қилиниши ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, республикамизда жаҳон хавфсизлик стандартларига жавоб берувчи ва тиббиёт соҳасидаги сўнгги ютуқларга мувофиқ сайёҳлар учун яратилган янги «Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизимига эътибор қаратилди.

Қувайт делегацияси вакиллари 2021 йилнинг март ойидан «Қувайт – Тошкент» йўналиши бўйича мунтазам авиарейс очилишига, келгусида эса Ўзбекистоннинг бошқа туристик марказларига авиақатновларни йўлга қўйишга қизиқиш билдиришди.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарияти меҳмонларни «Jazeera Airways»нинг Ўзбекистонга парвозлар географиясини кенгайтиришга доир ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлашга ҳамда тез орада авиарейсларни йўлга қўйишга рухсат олишга кўмак беришга ишонтирди.

Учрашувлар якунига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини Қувайтда тарғиб қилиш, ушбу араб давлатида мамлакатимизнинг танилиши ва сайёҳлар оқимини оширишга йўналтирилган промо-тадбирлар ва инфо-турларни биргаликда ўтказишга келишиб олишди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар