2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти жадал суръатлар билан ривожланди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) 6 фоизга ўсди (2022 йилда – 5,7%).
Геополитик кескинликларнинг давом этишига қарамасдан, асосий савдо ҳамкорлари бўлган мамлакатларда ҳам ижобий трендлар кузатилди. Хусусан, Қирғизистонда иқтисодиётнинг ўсиши 2022 йилга қараганда секинлашишга қарамасдан, анча юқори бўлиб, 6 фоизни ташкил этди. Қозоғистонда эса ЯИМ ўсиши 5% атрофида бўлиши кутилмоқда. Ўтган йил якунлари бўйича Хитойда иқтисодиёт 5,2% ўсди. РФ Иқтисодий тараққиёт вазирлиги баҳоларига кўра, 2023 йилнинг 11 ойида мамлакат иқтисодиёти 3,3 фоизга ўсган, йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 4% атрофидани ташкил этиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда йил давомида нархлар ўсишининг секинлашиши қайд этилди. Йил якунлари бўйича истеъмол нархлари индекси 8,77% ташкил этди (солиштириш учун, 2022 йилда бу кўрсаткич 12,25% бўлган эди). Солиштириш учун, Қозоғистонда ўтган йил якунлари бўйича инфляция 9,8%, Россияда 7,4% даражасида бўлган. Ўтган йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 9,7%, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 7,7%, хизматлар нархлари эса 8,7% ўсди.
2023 йилда инвестициявий фаоллик кескин ошди ва 2022 йилдаги 0,2 фоизга нисбатан 22,1 фоизга ўсди. Бу натижага марказлашмаган инвестицияларнинг ўсиши ҳисобига эришилди. Хусусан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар 58,9 фоизга ўсди (бунда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар деярли 2 бараварга), тижорат банклари ва қарз ҳисобига амалга оширилган инвестициялар 17,9 фоизга, аҳоли маблағлари ҳисобига киритилган инвестициялар 8,9 фоизга ўсди. Бироқ, корхоналар томонидан ўз маблағлари ҳисобига киритиладиган инвестицияларнинг пасайиши кузатилмоқда.
2023 йилда марказлаштирилган инвестициялар 0,7 фоизга қисқарди. Хусусан, бюджетдан инвестицияларнинг камайиши 11,4 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, ҳукумат кафолати асосида жалб этилаётган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажмлари 30 фоизга ошди.
Йил якунлари бўйича асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар умумий ҳажмида марказлаштирилган инвестицияларнинг улуши пасайишда давом этди ҳамда 2022 йилдаги 15,7 фоиздан 12,7 фоизгача камайди. Марказлаштирилмаган инвестицияларнинг улуши эса мос равишда 84,3 фоиздан 87,3 фоизга ошди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсиши қайд этилди.
Қишлоқ хўжалиги 4,1 фоизга ўсди (2022 йилда – 3,6 фоиз). Шунингдек, ўрмон хўжалигида ўсиш 2,7 фоизгача (1,7%) ва балиқчиликда 7,4 фоизгача (6,4%) тезлашди.
Саноат ишлаб чиқаришининг ўсиш суръатлари тезлашиб, 6 фоизга етди (2022 йилда 5,3%). Тармоқлар кесимида тоғ-кон саноати 1% (2022 йилда – 1,9%), ишлов бериш саноати 6,7% (5,4%), газ, буғ ва ҳавони кондиционерлаш учун электр таъминоти сектори 9,7% (13,5%), сув таъминоти, канализация, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш тармоқлари 1% ўсди (2022 йилда 5,3% пасайишга қарши ўлароқ).
Шу билан бирга, 2023 йилда истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши 7,3 фоизгача секинлашди (2022 йилда – 20,7 фоиз).
Йил якунлари бўйича қурилиш соҳаси 6,4 фоизга ўсди, бу эса ўтган йилдаги билан деярли бир хил – 6,6 фоиз.
2023 йилда бозор хизматлари ҳажми 13,7% ўсди, холбуки 2022 йилда бу кўрсаткич 16,3 фоизни ташкил этган. Барча тармоқлар бўйича ўсиш қайд этилмоқда. Энг юқори ўсиш суръатларини алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари – 24,6 фоиз, таълим хизматлари – 22,8 фоиз, молиявий хизматлар – 20,6 фоиз, кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар – 13,3 фоиз, яшаш ва умумий овқатланиш хизматлари – 12,6 фоиз, соғлиқни сақлаш хизматлари – 11,6 фоиз, савдо хизматлари – 10,2% намойиш этди. Чакана товар айланмаси 9,1 фоизга ошди.
Транспорт соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 8 фоизга ўсди. Йил якунлари бўйича йўловчи айланмасининг ўсиш суръатлари 4,2 фоизгача секинлашди, 2022 йилда эса бу кўрсаткич 6,9 фоизни ташкил этган эди. Шу билан бирга, юк айланмаси динамикаси 1,8 фоизгача тезлашди (2022 йилда – 0,9 фоиз).
Ташқи савдо икки хонали кўрсаткичларда ўсишда давом этди. Хусусан, 2023 йилда ташқи савдо айланмаси 23,9 фоизга ўсиб, 62,6 млрд долларни ташкил этди. Экспорт эса 23,8 фоизга ошиб, 24,4 млрд долларни, импорт 24 фоизга ўсиб, 38,1 млрд долларни ташкил этди.
Экспорт ҳажмининг ўсиши хорижга олтин етказиб беришнинг қарийб 2 баравар, машина ва транспорт ускуналари экспортининг 34 фоиз, хизматлар экспортининг 16 фоиз, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришнинг 9 фоиз, тайёр маҳсулотлар экспортининг 8 фоизга кўпайиши билан боғлиқ.
Шу билан бирга, 2023 йилда Ўзбекистон машина ва транспорт ускуналари импортини 54 фоизга, ёқилғи-энергетика товарлари импортини 47 фоизга, тайёр маҳсулотлар сотиб олишни 12 фоизга, кимё маҳсулотлари импортини 11 фоизга оширди.
***
Умуман олганда, 2023 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ички ва ташқи таҳдидларга қарамасдан, барқарорлик ва ўсишнинг юқори суръатларини намойиш этди. Ўтган йили инвестициявий фаолликнинг икки хонали динамикасини қайтаришга, нархлар ўсишини секинлаштиришга эришилди. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ўсди.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 йилда ҳам ижобий динамикани давом эттириши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, жорий йилда мамлакат ЯИМининг ўсиши 5,6-5,8 фоизни ташкил этади.
Руслан Абатуров, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш