2022 йил якунларига кўра, аҳолининг умумий даромадлари 634,8 трлн. сўмни ва номинал ўсиш кўрсаткичи 122,3%ни ташкил этди. Бунда, истеъмол нархларининг ўзгариши (нархлар ўзгариши омиллари таъсири) ҳисобига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан аҳолини умумий даромадларининг реал ўсиш суръати 109,7%ни ташкил этди.
Мазкур кўрсаткич ҳудудлар кесимида ўрганилганда, аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми Тошкент шаҳрида (37518,0 минг сўм), Навоий (27420,4 минг сўм), Бухоро (21382,0 минг сўм), Хоразм (19643,5 минг сўм) ва Тошкент (18129,4 минг сўм) вилоятларида ўртача республика даражасидан юқори кўрсаткичлар қайд этилганлиги кузатилди.
Шу билан бирга, аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажмининг энг паст кўрсаткичлари Қорақалпоғистон Республикаси (13253,4 минг сўм), Фарғона (13607,9 минг сўм) ва Наманган (13880,7 минг сўм) вилоятлари ҳисобига тўғри келди.
Шунингдек, ҳисобот даврида аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши (номинал умумий даромадларининг инфляция индексига нисбати) 107,5%ни ташкил этиб, 2021 йилнинг январь-декабрь ойларидаги худди шу кўрсаткичга (110,7%) нисбатан 3,2%га пасайганлигини кўриш мумкин.
Ҳудудлар кесимида аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиш ҳолати ўрганилганда, аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг энг юқори реал ўсиш кўрсаткичи Хоразм (11,8%) вилоятида кузатилди. Шу билан бирга, Сирдарё (6,0%), Бухоро (5,7%) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (5,2%), Жиззах (3,2%) ва Тошкент (0,1%) вилоятларида аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиши ўртача республика даражасидан паст кўрсаткични ташкил этди. Қолаверса, Навоий вилоятида (- 0,9%) аҳоли жон бошига умумий даромадларнинг реал ўсиш суръатлари пасайиш тенденцияси қайд этилди.
Бундан ташқари, аҳолининг умумий даромадлари таркиби таҳлил қилинганда, олинган умумий даромадларнинг 61,6% (2021й.-65%) меҳнат фаолиятидан олинган даромадлар (ёлланма ва мустақил банд бўлишдан олинган даромадлар), 29,8% (2021й.-26,2%) бюджет трансферти ва бошқа ўтказмалардан олинган даромадлар, 6,3% (2021й.-6,7%) шахсий истеъмол учун ўзида ишлаб чиқарилган хизматлардан олинган даромадлар ва 2,3% (2021й.-2,1%) мол-мулкдан олинган даромадлар ҳисобига тўғри келади.
Мазкур кўрсаткич ҳудудлар қирқимида кузатилганда, умумий даромадлар таркибида меҳнат фаолиятидан олинган даромадларнинг энг юқори улуши Навоий (77,9%), Тошкент (73,7%) ва Жиззах (73,5%) вилоятларида, аксинча Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё, Фарғона, Наманган, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Андижон вилоятларида ўртача республика даражасидан паст кўрсаткич кузатилди.
Ўз навбатида, аҳолининг даромадлари таркиби тармоқ ва соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, умумий даромадлар таркибида кичик тадбиркорликдан олинган даромадларнинг улуши республика бўйича 56,9%ни, бунда энг юқори улуш Жиззах вилоятида (67,9%) кузатилди, энг паст улуш эса Қорақалпоғистон Республикасида (50,9%), Навоий вилояти (49,8%), Тошкент шаҳрида (47,3%) қайд этилди. Қолган ҳудудларда ушбу кўрсаткич, Бухоро (62,9%), Наманган (60,5%), Хоразм (60,2%), Андижон (59%), Қашқадарё (59,6%),%), Тошкент (59,5%), Самарқанд (59,1%), Сурхондарё (59,1%), Сирдарё (58,9%), Фарғона (57,3%) вилоятларида ташкил этди.
Изоҳ қолдириш