Россия инвестициялари ва илғор технологиялари Ўзбекистоннинг машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларга жалб этилади

Россия инвестициялари ва илғор технологиялари Ўзбекистоннинг машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларга жалб этилади

Жорий йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ўзбекистонда ўз дипломатик миссиясини якунлаётган Россия Федерациясининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси В.Тюрденев билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида икки давлат Раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар изчил мустаҳкамланаётгани таъкидланди. Шу ўринда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамда инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалаларига катта аҳамият берилаётгани таъкидланди. Саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда Россия инвестициялари ва илғор технологияларини машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларга жалб этиш истиқболлари қайд этилди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш мақсадида ҳамкорликни янада кенгайтиришга қизиқиш билдирди. Хусусан, икки давлат ҳудудлари орқали тўсиқсиз юк ташишни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни, шунингдек, савдо ҳажмини кўпайтириш ва диверсификация қилиш мақсадида божхона тартибга солишни соддалаштиришнинг истиқболли механизмларини жорий этиш масалалари кўриб чиқилди.

Россия томони жорий йилнинг 14-16 март кунлари ҳукумат делегациясининг Россия Федерациясига ташрифига юқори баҳо берди. Таъкидланганидек, ташриф иқтисодий кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ёндашувларни бирхиллаштириш, олий даражада илгари эришилган келишувларни амалга оширишнинг жорий ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда барча устувор соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ тадбирларни белгилаш имконини берди.

Томонлар, шунингдек, COVID-19 пандемияси билан боғлиқ вазият яхшиланиши билан ҳар икки мамлакат мутахассислари учун ўқув курслари ташкил этиш ҳамда ўрта ва олий таълим соҳасида тажриба алмашишни назарда тутган ҳолда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик қилиш учун катта имкониятлар борлигини қайд этдилар.

Учрашув якунида Ўзбекистон томони В.Тюрденевга Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги икки томонлама шерикликни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи билан тақдирлангани муносабати билан муборакбод этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар