Президент Шавкат Мирзиёев айни кунларда Наманган вилоятига ташриф буюрмоқда. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва турли соҳаларда жорий этилаётган ечимлар билан танишмоқда.
Шу муносабат билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Наманган вилоятининг 2021–2025 йиллардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикаси таҳлил қилинди. Таҳлил натижалари ҳудудда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари сақланаётгани, инвестициявий ва тадбиркорлик фаоллиги кенгайиб бораётгани, шунингдек, экспорт салоҳияти мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Кейинги босқичда вилоят учун ўсиш сифати асосий масалага айланмоқда. Бу, аввало, меҳнат унумдорлигини ошириш, қайта ишлашни ривожлантириш, экспорт географиясини кенгайтириш ва туманлар ривожланишини янада мувозанатлаштиришни назарда тутади.
Макроиқтисодий динамика
2025 йил якунлари бўйича Наманган вилояти ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,2% ўсиб, 85,4 трлн сўмдан ошди. Ҳудуднинг республика иқтисодиётидаги улуши 4,6% ни ташкил этди. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот 27 млн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 6% ўсди.

2021–2025 йилларда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 42 трлн сўмдан 85,4 трлн сўмгача ошди. Шу тариқа, беш йилда ҳудуд иқтисодиёти номинал ифодада икки баробардан зиёд кенгайди.
Ўсиш барча асосий тармоқлар ҳисобига таъминланди. 2025 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги 4,4%, саноат 9,1%, қурилиш 10,1%, хизматлар соҳаси 15,4% ўсди.
Бу динамика вилоят иқтисодиёти янада мувозанатлашиб бораётганини кўрсатади. Ўсиш фақат анъанавий йўналишлар ҳисобига эмас, балки ишбилармонлик фаоллиги, бандлик ва ички талабни шакллантирадиган соҳалар орқали ҳам таъминланмоқда.
Иқтисодиёт таркиби
Наманган вилояти иқтисодий ўсишининг асосий омилларидан бири хизматлар соҳаси бўлди. 2025 йилда бозор хизматлари ҳажми 56,3 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 15,4% ўсди. Бу республика бўйича 14,7% ни ташкил этган ўртача кўрсаткичдан юқоридир.

2021–2025 йилларда бозор хизматлари ҳажми 20,1 трлн сўмдан 56,3 трлн сўмгача, яъни қарийб 2,8 баробар ошди. Бу ички бозорнинг кенгайиши, аҳоли даромадларининг ўсиши, шаҳар иқтисодиётининг ривожланиши ва ишбилармонлик фаоллигининг ортиши билан боғлиқ.
Хизматлар таркибида савдо, транспорт ва молиявий сектор етакчилик қилмоқда. Савдо хизматлари ҳажми 15,2 трлн сўмни, транспорт хизматлари 11,3 трлн сўмни, молиявий хизматлар 10,1 трлн сўмни ташкил этди. Шунингдек, алоқа ва ахборотлаштириш, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш хизматлари ҳам ривожланмоқда.
Ҳудуд учун бу муҳим таркибий ўзгаришдир. Наманган саноат ва аграр салоҳиятини сақлаб қолган ҳолда, бизнес, аҳоли ва шаҳар инфратузилмасига хизмат кўрсатувчи соҳалар ролини ҳам оширмоқда.
Ҳудудий ривожланиш
Вилоятда иқтисодий фаоллик ҳали ҳам асосан Наманган шаҳрида жамланган. Хизматлар ҳажмининг 22,6 трлн сўми вилоят маркази ҳиссасига тўғри келади. Бу савдо, молия, транспорт, таълим, соғлиқни сақлаш ва маъмурий функцияларнинг марказда тўплангани билан изоҳланади.
Шу билан бирга, айрим туманлар аллақачон ўз ўсиш нуқталарини шакллантирмоқда. Улар орасида Чуст 4,8 трлн сўмлик, Косонсой 4,1 трлн сўмлик, Уйчи 3,7 трлн сўмлик ва Тўрақўрғон 3,5 трлн сўмлик хизматлар ҳажми билан ажралиб туради.
Кейинги босқичда туманларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш муҳим. Бу бандликни кенгайтириш ва ҳудудий тафовутларни қисқартириш имконини беради.
Бунинг учун туманларда маҳаллий ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, транспорт боғлиқлигини яхшилаш, тадбиркорлик инфратузилмасини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш зарур.
Ташқи савдо
2025 йилда Наманган вилояти ташқи савдо айланмаси 1,66 млрд долларга етиб, 15,4% ўсди. Экспорт 722,6 млн долларни, импорт 934,6 млн долларни ташкил этди. Вилоятнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2,4% га тенг бўлди.
Ҳудуд 72 дан ортиқ мамлакат билан савдо алоқаларини амалга оширди. Асосий ҳамкорлар Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия ва Қирғизистон бўлди. Ташқи савдо айланмасида Россиянинг улуши 32,4%, Хитойнинг улуши 26,8%, Қозоғистоннинг улуши 8,2%, Туркиянинг улуши 5,1%, Қирғизистоннинг улуши 4,7% ни ташкил этди.
Экспортда асосий йўналишлар Россия, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия ва Тожикистон бўлди. Ушбу мамлакатларнинг жами экспортдаги улуши 67,3% ни ташкил этди.
Экспортнинг асосини тўқимачилик буюмлари ва саноат товарлари 42,6%, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва мева-сабзавотлар 34,8% ташкил этмоқда. Импортда эса машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари, саноат товарлари, кимёвий воситалар ва бошқа маҳсулотлар устунлик қилади.
Шундай қилиб, Наманган вилояти шаклланган экспорт базасига эга бўлса-да, ҳали ҳам чекланган бозорлар ва товар гуруҳларига боғлиқ. Шу сабабли кейинги ривожланиш экспортни диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар улушини оширишни талаб этади.
Кичик бизнес ва тадбиркорлик
Кичик бизнес Наманган вилояти иқтисодиётининг асосий драйвери бўлиб қолмоқда. 2025 йилда унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 73,6% ни ёки 62,8 трлн сўмни ташкил этди. Ушбу сектор ҳиссасига ҳудуддаги банд аҳолининг қарийб 82% тўғри келади.

Наманганда тадбиркорлик нафақат иқтисодий, балки ижтимоий функцияни ҳам бажармоқда. У аҳоли бандлиги ва даромадларини таъминлаш, савдо, хизматлар, ишлаб чиқариш ва экспортни ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
2025 йил якунларига кўра, вилоятда 34,8 мингта кичик корхона ва микрофирмалар фаолият кўрсатди. Бу ўтган йилга нисбатан 12,1% кўп. Йил давомида фермер ва деҳқон хўжаликларини ҳисобга олмаганда, 5,9 мингта янги кичик корхона ва микрофирмалар ташкил этилди.
Янги субъектлар асосан савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасида ташкил этилди. Бу тадбиркорлик фаоллиги бир нечта сектор бўйича тақсимлангани ва фақат битта йўналишда жамланмаганини кўрсатади.
2025 йилда кичик тадбиркорлар 18,4 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарди, 12,1 трлн сўмлик қурилиш ишларини бажарди, 19,7 трлн сўмлик асосий капиталга инвестицияларни ўзлаштирди. Шунингдек, улар томонидан 28,1 трлн сўмлик чакана савдо айланмаси, 41,8 трлн сўмлик хизматлар, 534,7 млн долларлик экспорт ва 812,3 млн долларлик импорт таъминланди.
Кичик бизнес улушининг юқорилиги ҳудуднинг кучли томони ҳисобланади. Шу билан бирга, кейинги ривожланиш учун юқори меҳнат унумдорлиги, технологиклик ва экспортга тайёрликка ўтиш зарур.
Инвестициявий фаоллик
2025 йилда Наманган вилояти иқтисодиётига 61,1 трлн сўмлик инвестициялар йўналтирилди. Бу ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ошиб бораётганини тасдиқлайди ҳамда ишлаб чиқариш, қурилиш, инфратузилма ва хизматлар соҳасини кенгайтириш учун асос яратади.
Бироқ кейинги босқичда инвестициялар ҳажми билан бир қаторда уларнинг йўналиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Наманган учун меҳнат унумдорлигини оширадиган ва узоқ муддатли самара берадиган лойиҳалар устувор бўлиб бормоқда.
Бу, аввало, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, қайта ишлашни ривожлантириш, логистика, саноат инфратузилмаси, энергия самарадорлиги ва инсон капитали билан боғлиқ. Бундай инвестициялар иқтисодиётни фақат кенгайтириб қолмай, унинг рақобатбардошлигини ҳам оширади.
Ҳудуд ривожланишининг янги устувор йўналишлари
Наманган вилоятига ташриф якунлари бўйича Президент Шавкат Мирзиёев ҳудуднинг вазиятлар марказида йиғилиш ўтказди. Унда вилоятнинг иқтисодий ва инфратузилмавий ривожланишига оид масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилиш кун тартиби умумий ўсиш динамикасидан амалий вазифаларга, яъни ривожланишни бошқариш самарадорлигини ошириш, жойлардаги захираларни аниқлаш ҳамда туман ва шаҳарларда амалий қарорларни тезлаштиришга ўтилаётганини кўрсатади. Асосий эътибор рақамли бошқарув, саноат, тадбиркорлик, бандлик, инфратузилма, экспорт ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилди.
Кейинги ривожланишнинг асосий йўналишлари
1. Рақамли бошқарув ва жойлардаги хизматлар
Наманганда «ақлли» вазиятлар маркази ташкил этилди. У шаҳар ва туманлардаги жараёнларни ягона рақамли тизим орқали таҳлил қилиш ҳамда бошқарув қарорларини тезроқ қабул қилиш имконини беради.
Норин туманидаги Янги Наманган маҳалласида «Маҳалла ахборот-сервис маркази» ташкил этилмоқда. Ушбу марказ орқали 8 та маҳаллада яшовчи 27 мингдан ортиқ аҳоли «ягона дарча» тамойили асосида 980 турдаги хизматлардан фойдаланиши мумкин бўлади. Ижтимоий ҳимоя, бандлик, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, солиқ, таълим ва бошқа кўрсаткичларга оид маълумотлар ягона рақамли тизимга интеграция қилинади.
Бу жойларда қарорлар қабул қилиш тезлиги ва манзиллилигини ошириш, аҳоли эҳтиёжлари билан давлат органлари фаолияти ўртасидаги масофани қисқартиришга хизмат қилади.
2. Янги саноат ва иқтисодий ихтисослашув
Йиғилишда сўнгги йилларда Наманганда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 4,6 трлн сўмдан 40 трлн сўмгача ошгани қайд этилди. Жорий йилда ялпи ҳудудий маҳсулотни 9,2%, саноатни 9%, хизматлар соҳасини 17%, қишлоқ хўжалигини 6,8% ошириш вазифаси белгиланди.
Ўсишнинг асосий йўналишлари сифатида машинасозлик, металлургия, енгил саноат, хизматлар соҳаси ва «янги иқтисодиёт» йўналишлари белгиланди. Бу ҳудудий ривожланиш модели фақат анъанавий тармоқларга эмас, балки технологик ва юқори унумдор соҳаларга ҳам таяниши кераклигини англатади.
3. Туманларни ривожлантиришда илмий ёндашув
Таҳлилни кучайтириш ва захираларни аниқлаш мақсадида мамлакатдаги 14 та «ақл маркази» Наманган тажрибаси асосида янги иш форматига ўтади. Улар туман ва шаҳарларда иқтисодий диагностика ўтказиб, меҳнат унумдорлиги, инвестициялар сифати, кооперация, ишбилармонлик фаоллиги ва қўшилган қиймат занжирларидаги ўсиш захираларини аниқлайди.
Бундай ёндашув таҳлилнинг амалий аҳамиятини ошириши лозим. Илмий ишланмалар фақат тавсия даражасида қолмасдан, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича аниқ дастурларга жорий этилиши керак.
4. Тадбиркорлик, бандлик ва камбағалликни қисқартириш
Жорий йилда Наманган вилоятига бизнес инфратузилмасини ривожлантириш учун бюджетдан 4,5 трлн сўм ажратилди. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун 6,5 трлн сўм ресурс йўналтирилмоқда.
Йил якунига қадар 80 минг нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 314 минг нафар фуқаронинг даромадини ошириш ва 21 мингта оилани камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди. Дастлабки беш ойда 23,5 минг нафар аҳоли доимий ишга жойлаштирилди, 8 мингдан ортиқ оила камбағалликдан чиқарилди.
Бу йўналиш Наманган учун айниқса муҳим, чунки кичик бизнес ҳудудда бандлик ва аҳоли даромадларини таъминлашда катта ўрин тутади. Кейинги босқичда фақат янги иш ўринларини яратиш эмас, балки даромадлилик, унумдорлик ва тадбиркорлик барқарорлигини ошириш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
5. Инвестициялар ва экспорт экотизими
Жорий йилда Наманган вилоятига 5 млрд доллар хорижий инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 1,2 млрд долларга етказиш мақсади қўйилди. Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида вилоятда 3 млрд долларлик 43 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.
Экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳар бир туман ва шаҳар кесимида ишлаш вазифаси белгиланди. Шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқаришдан тортиб стандартлаштириш, сертификатлаш, қадоқлаш, логистика ва божхона расмийлаштирувигача бўлган жараёнларни қамраб оладиган ягона экспорт экотизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳудудга экспорт ҳажмини оширишдан ташқари, бозорлар, маҳсулот сифати ва қўшилган қиймат билан тизимли ишлашга ўтиш имконини беради.
6. Инфратузилма, транспорт ва инсон капитали
Вазифаларнинг муҳим қисми инфратузилма билан боғлиқ. Жорий йилда 130 километр ичимлик суви тармоқлари, 2,5 километр канализация тармоқлари ва 9 та янги сув иншоотини қуриш учун 703 млрд сўм ажратилди. Бунинг натижасида 34 минг нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланади, 25 минг нафар фуқаро канализация тизимига уланади.
Шунингдек, «Пунган — Наманган» автомобиль йўлининг 75 километрлик қисмини реконструкция қилиб, уни тўрт полосали бетон йўлга айлантириш, 21 та кўприк ва 22 та пиёдалар ўтиш жойини қуриш режалаштирилган. Жамоат транспортини ривожлантириш мақсадида 1 сентябрга қадар 90 та автобус, 50 та электробус ва 30 та микроавтобус, келгуси йил 1 июлга қадар эса қўшимча 105 та электробус харид қилиш топширилди.
Кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Наманганда халқаро стандартларга мос камида бешта хусусий ўқув-баҳолаш марказини ташкил этиш ва жорий йилнинг ўзида 20 минг нафар йигит-қизни ўқитишни бошлаш режалаштирилмоқда. Бу замонавий касбларни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг янги тармоқларини малакали кадрлар билан таъминлашга хизмат қилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида Косонсой ва Уйчи туманларида бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг янги моделини жорий этиш режалаштирилган. Шунингдек, октябрь ойидан Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида миокард инфаркти ва инсультга қарши курашиш бўйича миллий дастур ишга туширилади.
Шу тариқа, Наманган вилояти ривожланишининг янги устувор йўналишлари иқтисодий фаолликни кенгайтиришдан бошқариладиган ва сифатли ўсиш моделига ўтишга қаратилган. Бу модель рақамли бошқарув, саноат ихтисослашуви, тадбиркорлик, бандлик, экспорт, инфратузилма ва кадрлар тайёрлашни қамраб олади. Айнан шу йўналишлар ҳудуд ривожланишининг кейинги босқичини белгилаб бериши керак.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг
Наманган филиали


Изоҳ қолдириш