Жорий йилнинг 18 декабрь куни “Tashkent City Congress Hall”да «Тошкент ёшлар форуми – 2020» очилиш маросими бўлиб ўтади. Биринчи кун дастури доирасида ҳукумат вакиллари ва ёшлар иштирокида бир қатор очиқ мулоқотлар ўтказилади.
Жумладан, Адлия вазири Русланбек Давлетов ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов иштирокида “Ҳуқуқий Тошкент − 2030” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтади.
Унда йиғилганлар яқин келажакда Тошкентнинг адлия, давлат хизматлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган режалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашадилар. Вазирлар иштирокидаги учрашув 18 декабрь куни “Tashkent City Congress Hall”нинг “Кўкча Дарвоза” залида соат 14:30 да бошланади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилаётган йирик тадбир доирасида ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, санъат ва маданият вакиллари, хорижий экспертлар иштирокида ташкил қилинаётган форумда илк марта ҳукумат аъзолари билан ёшларнинг учрашуви ўтказилиб, улар ўзаро очиқ мулоқотга киришишади. Ушбу мулоқотларда 5 минг нафарга яқин ёшлар ўз соҳаларида таклиф ва тақдимотлар билан иштирок этишади.
Изоҳ қолдириш